Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

UNHCR уйи куйган ўшлик ва жалолободликларга 1350 та икки хонали уй қуриб беради


Июн воқеаларида биргина Ўшнинг ўзида 2000дан ортиқ уйнинг кули кўкка совурилди.
Июн воқеаларида биргина Ўшнинг ўзида 2000дан ортиқ уйнинг кули кўкка совурилди.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ва ривожлантириш давлат дирекцияси 18 август куни ўз фаолияти тўғрисида маълумот эълон қилди. Маълумотномада шу кунгача қилинган ва қилинажак ишлар тўғрисида ҳисоб берилган. Дирекция матбуот котиби Мэлис Эрназаров Озодликнинг ҳисоботга оид саволларига жавоб берди.


Озодлик: Сиз вакили бўлган Дирекция ҳисоботида "Ўш ва Жалолободда кўпқаватли уйлар қуриш устивор йўналишдир", дейилган. Бу таъкид, ўша кўпқаватли уйлар ёндирилган маҳаллаларда қурилади, деганими?

Мелис Эрназаров: Йўқ, кўпқаватли уйлар ёндирилган маҳаллаларда эмас, бошқа жойларда қурилади. Масалан, шу кунда 5 қаватли уй қурила бошлади. У Раззоқов кўчасида, мавжуд кўпқаватли уйлар орасида. У ерда ёндирилган уйлар йўқ. Иккинчи кўпқаватли уй "Анар" микрорайонида қурилади. Бу ерда ҳам уйларга ўт қўйилмаган. Қурилиш яқинда бошланади. (Дирекция вакили тилга олган жойларда, асосан, қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади - Озодлик)

Озодлик: Бу уйлар битгач, уларда кимлар яшайди?

Мелис Эрназаров: Фожеа юз берган кунларда жабрланганлар.

Озодлик: Июн воқеалари давомида асосан ўзбеклар жабр кўрди. Улар кўпқаватли уйларга кўчиб ўтишни истамасаларчи?

Мелис Эрназаров: Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламайди. Мажбурлашлари мумкин, деган фикрни унутинг.

Озодлик: Ҳужумга учраган маҳаллалардаги ёндирилган уйларнинг эгалари ўз ер участкаларида қолади, деб қатъий ишонч билан айта оласизми?

Мелис Эрназаров: Ҳеч ким мажбуран кўчирилмайди.

Озодлик: Ёндириб юборилган уйларни қайта тиклаш учун кетадиган сарф-xаражатларнинг 35 фоизини давлат, 35 фоизини донорлар, 20 фоизини маҳаллий бошқарув органлари, 10 фоизини жабрланганнинг ўзи кўтаради, деб ёзибсизлар. Бундай ҳисоб-китоб қилар экансизлар, қандай суммадан келиб чиққансизлар? Ахир 100 минг сўмлик уй қуришни мўлжаллаганлар ҳам, миллион сўмлик уйни мўлжаллаганлар ҳам бўлиши мумкинку?

Мелис Эрназаров: Давлат уйи куйганларга 200 минг сўм миқдорида устама фоизсиз ссуда беради. Бу қарз 20 йилга берилади. Ссудани қарз кўтарган фуқаро 3 йилдан кейин тўлашни бошлайди.

Озодлик: Донорлар қанча беради?

Мелис Эрназаров: 5000 доллар атрофида.

Озодлик: Июн воқеаларига ўхшаш фожеа юз бериб қолса, одатда, давлатлар жабр кўрганларга товон пули тўлайди. Нима учун сизларнинг ҳисоботингизда ана ўшандай товон пули тўғрисида сўз йўқ?

Мелис Эрназаров: Тушунмадим?

Озодлик: Масалан, яқинда Россияда юз берган ёнғинлар оқибатида уйидан ажраб қолган фуқароларга Россия ҳукумати товон тўлаяпти - давлат уларнинг ёнган уйларини ўзи қуриб бераяпти...

Мелис Эрназаров: Давлатимиз ўз фуқароларига кучи етганича ёрдам бераяпти. Ёрдамсиз қолдирмаяпти. Хусусан халқаро донорларни жалб қилаяпти. Бюджетимизда улкан камомад борлигидан хабарингиз бўлса керак. Бу Қирғизистон тарихида мисли кўрилмаган жуда катта камомаддир. Унинг хажми йил охирига бориб 23 миллиард сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. (1АҚШ$ = 46 қирғиз сўми - Озодлик)

Озодлик: Бас, шундай экан, халқаро донорлар бераётган ёрдам пулини тўлалигича ёндирилган уйларни, ёндирилган бошқа объектларни қайта тиклашга сарфласа бўлмайдими? Кўпқаватли уйлар қуришнинг нима ҳожати бор?

Мелис Эрназаров: Ёнган уйларни қайта қуришгаям пул берилаяптику?! Гап шундаки, Ўш ва Жалолобод шаҳарларининг бош планлари бор. Кўпқаватли уйлар ўша бош режага биноан қурилаяпти. Совет Иттифоқи тарқаб кетгани туфайли тўхтаб қолган қурилишлар давом эттирилади.

Озодлик: Демак, июн фожеаси қўл келиб қолибди-да? Халқаро донорлар берган пулга 20 йил тўхтаб турган қурилишни битириб оласизлар эканда-а?

Мелис Эрназаров: Донорларнинг пулларисиз ҳам бош режа бўйича уйлар қурилган бўларди.

Озодлик: Қайси пулга қурилган бўларди?

Мелис Эрназаров: Республика бюджетидан ҳам пул ажратилган бўларди. Инвесторлар жалб қилинган бўларди.

Озодлик: Тушунарли. Кейинги савол: "Қорасув туманига қарашли Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати ҳудудида (Ўш шаҳрига туташ ҳудуд, бу ерда ҳам маҳаллаларга ўт қўйилган – Озодлик) қолган 113 уй бузилмоқда ва 20 та уй қуриш учун майдон тайёрланмоқда", дейилган ҳисоботингизда. Нима учун 113 та уй бузилаяпти, нима учун улар ўрнига 20 тагина уй қурилади?

Мелис Эрназаров: Гап шундаки, батамом бузиб ташланаётган уйлар истиқомат қилиш учун яроқсиз бўлиб қолган. Уларни бузиб ташлаб, ўрнига янги, сифатли уйлар қурилади. Ҳозирча, 20 та уйга майдон ҳозирлаб қўйилди. Секин-аста, 130 нечтаям уйнинг ҳаммаси қайта қурилади.

Озодлик: Сиз айтаётган уйлар ёндирилган уйларми?

Мелис Эрназаров: Албатта, ҳаммаси ёндирилган уйлар.

Озодлик: Ҳисоботда айтилишича, Жалолобод шаҳри ва Жалолобод вилоятида 450 та, Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида 900 та "Оралиқ турар-жой" қурилажаги, бу уйлар чоғроқ – 28 квадрат метр бўлиши айтилган. Бу уйлар ёндирилган маҳаллаларда қуриладими?

Мелис Эрназаров: Ҳа.

Озодлик: Қайси пулга?

Мелис Эрназаров: Донорлар пулига.

Озодлик: Бу уйларнинг қурилишига давлат таклиф қилаётган 200 минг сўмлик ссуданинг алоқаси борми-йўқми?

Мана шу саволга жавоб беришга Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ва ривожлантириш давлат дирекцияси матбуот котиби Мэлис Эрназаров қийналиб қолди ва масалани аниқлашга бироз вақт сўради.

Ваъда қилинган вақт ўтгач, Мэлис билан яна боғландик ва у БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги вакили Наталья Прокопчук суҳбат уюштириб берди.

Озодлик: Дирекция ҳисоботида Жалолобод шаҳри ва Жалолобод вилоятида 450 та, Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида 900 та "Оралиқ турар-жой" ("Переходное жильё") қурилажаги тўғрисида айтилган. У қанақа уйлар?

Наталья Прокопчук: Бу умумий сатҳи 38, яшаш сатҳи 28 квадрат метрли, икки хонали, 7-8 кишидан иборат оилага мўлжалланган уйдир. Бу уйнинг пойдевори бетондан, деворлари пишиқ ғиштдан бўлади. Агар оила каттароқ бўлса, уй сатҳини бироз кенгайтириб қуришимиз ҳам мумкин.

Озодлик: Бу уйлар уйлари ёқиб юборилганлар учун қуриб бериладими?

Наталья Прокопчук: Ҳа. Қочқинлар ишлари бўйича агентлигимиз Қирғизистон жанубида июндан бери доимий равишда ишламоқда. Ёндирилган уйларга етказилган зарарни ўлчаб чиқдик. Мутлақ ҳар бир уй ўрганилди. Баъзи уйларга 10 фоиз, баъзиларига 90 фоиз зарар етган. Шундай қилиб, Ўш ва Ўш вилоятида 900 та, Жалолобод ва Жалолобод вилоятида 450 та уй айнан июн воқеалари пайтида шикаст етган – вайрон қилинган ва ўт қўйилган, эндиликда қайта тикланиши керак бўлган уйлардир. Биринчи навбатда энг ночор оилалар учун уй қуришдан бошлаймиз.

Озодлик: Бу уйларни қуришга пулни ким сарфлайди?

Наталья Прокопчук: Айтилаётган 450 та ва 900 та икки хонали уйлар қурилишини БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги молиялаштиради. Комиссарлик донор мамлакатларга маблағ сўраб мурожаат қилди ва улар бевосита шу лойиҳа учун пул ажратишди.

Озодлик: Комиссарлик тўла – 100 фоиз молиялайдими?

Наталья Прокопчук: Ҳа. Бу қайта тиклаш ишларининг айнан бизнинг идора амалга оширадиган қисмидир. Дирекция ҳам ўзининг қурилиш лойиҳаларини амалга ошираверади.

Озодлик: Давлат таклиф қилаётган 200 минг сўмлик ссуда билан Сиз айтаётган икки хонали уйлар ўртасида қандайдир боғлиқлик борми-йўқми?

Наталья Прокопчук: Мутлақо алоқа йўқ. Ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз қуриб берадиган уйлар – уйи куйганларга бизнинг идора бераётган ёрдамдир. Бу ерда қарз-парз ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Озодлик: Сиз айтаётган уйлар қурилиши қачон бошланиб, қачон тугайди?

- Қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозир, айни шу дақиқаларда, биз дастлабки уйларни бориб кўриш учун Жалолободга кетаяпмиз. Ҳафта охиригача дастлабки уйларнинг томи ёпилиб қолса керак. Қолган бир неча юз уй учун қурилиш материаллари олиб бориб қўйилган. Демак, Жалолободда қурилиш шу кунда авжига чиққан. Ўшда эса, жараён эндигина бошланаяпти. Уйлари ёндирилган ҳовлилар куйиндилардан тозаланиб, биз айтаётган уйларни қуриш учун жой ҳозирланаяпти¸ деди БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги вакили Наталья Прокопчук жавоб берди.
XS
SM
MD
LG