Линклар

logo-print

Эронда атом электр станцияси ишга туширилди


Эроннинг Бушеҳр шаҳрида Россия ёрдамида барпо қилинган атом электр станцияси ишга туширилди.

Эрондаги биринчи атом энергия станциясини ишга тушириш маросимида Эрон ҳукумати расмийлари, Россия ҳамда Атом энергияси халқаро агентлиги вакиллари иштирок этдилар.

Хабарларга кўра, бугун станция реакторини ядровий ёнилғи билан тўлдириш жараёни бошланган ва ушбу жараённинг бир ҳафтага чўзилиши айтилмоқда. Атом электр станцияси кузда Эроннинг ягона энергетик тизимига қўшилгандан сўнг электр қуввати ишлаб чиқара бошлайди.

Бушеҳрдаги станция қурилиши Россия иштирокида 35 йилда ниҳоясига етказилди. Россия томони ушбу станцияга ядровий ёнилғи етказиб бериш ҳамда ядровий чиқиндиларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишни ўз зиммасига олган.

Ғарб давлатлари Россияни Бушеҳрда атом станцияси қурилишида иштирок этгани учун кескин танқид қилиб келмоқда. Россия томони эса атом электр станцияси тинчлик мақсадларга йўналтирилган лойиҳа эканини таъкидламоқда.

Шунингдек жума куни Эрон Мудофаа вазири Аҳмад Воҳидий мамлакатда “ер-ер” русумдаги янги ракета муваффақиятли синовдан ўтказилганини эълон қилди.

Бироқ мудофаа вазири ракета синови ўтказилган санани ошкор қилмади. Эрон давлат телевидениеси ҳам ракета синови ўтказилганига оид лавҳани намойиш қилди.



XS
SM
MD
LG