Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:11

Эрон атом электр станциясини ишга туширди


Эрон аиом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солиҳий ва Росатом ширкати раҳбари Сергей Кириенко Бушеҳрдаги атом электр станциясининг очилиш маросимида.
Эрон аиом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солиҳий ва Росатом ширкати раҳбари Сергей Кириенко Бушеҳрдаги атом электр станциясининг очилиш маросимида.

Эроннинг Бушеҳр шаҳрида мамлакат тарихида биринчи бор атом электр станцияси ишга туширилди. Мазкур атом электр станциясини ишга тушириш учун салкам 35 йил вақт сарфланди ва ушбу иншоот Эрон ғазнасига қарийиб 1 миллиард долларга тушди.

Эроннинг атом электр станциясига эга бўлиш орзуси 21 август куни руёбга чиқди. Россия мутахассислари ёрдамида барпо қилинган мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси реактори шанба куни ядровий ёнилғи билан тўлдирила бошланди.

Эрон ҳукуматининг аксар расмийлари атом станциясининг ишга туширилишини мамлакатнинг буюк ғалабаларидан бири дея атамоқдалар. Чунки Бушеҳрдаги атом электр станциясини қуриб битказиш учун 35 йил вақт сарфланди ва ушбу иншоот Эрон ғазнасига қарийиб 1 миллиард долларга тушди.

Форс кўрфазидаги Бушеҳр шаҳридан 12 км узоқликда жойлашган иншоотни Россия мутахассилари барпо қилди ва мазкур атом электр станцияси Россиядан келтирилган ёнилғига ишлайди.

Атом электр станциясини ишга тушириш маросимида Россия ва Эрон расмийлари, жумладан, Росатом ширкати раҳбари Сергей Кириенко, Эрон Атом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солиҳий ҳамда Атом энергияси халқаро агентлиги вакиллари иштирок этдилар.

Шу ернинг ўзида бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирган Росатом ширкати раҳбари Сергей Кириенко Эроннинг биринчи атом электр станцияси Атом энергияси халқаро агентлиги кузатувчилари назорати остида барпо қилинганини билдирди.

-Ўйлашимизча, Бушеҳрда ядровий иншоотнинг барпо қилиниши, ҳар бир давлат мавжуд халқаро ҳужжатларга амал қилиб, АЭХА билан тўлақонли ҳамкорлик қилса, тинчлик мақсадлари учун ядровий энергиядан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўла олишини намойиш қилмоқда,-деди Сергей Кириенко.

Эрон Атом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солиҳий: “Бизга нисбатан бўлган босимлар, жорий қилинган санкциялар ва яратилган тўсиқларга қарамай, биз Эроннинг тинчлик мақсадларга йўналтирилган ядровий дастурининг бошланишига гувоҳ бўлмоқдамиз”, дея таъкидлади.

Солиҳий, шунингдек, ядровий иншоотнинг қурилиши ва ишга туширилишида фаол иштирок этган Россия томонига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

- Улар Эрон миллати билан ҳамкорлик қилдилар. Уларнинг исми Эрон ислом республикаси тарихи зарварақларига ёзилди. Улар ушбу электр станциясида ядровий қувват ишлаб чиқариш жараёнини бошлаб бердилар ва бу ишларнинг барчаси дўстимиз ва қўшнимиз Россия ёрдамида амалга оширилди,-деди Али Акбар Солиҳий.

Бушеҳрдаги биринчи қурилиш ишлари 1974 йилда Франция ва Германия мутахассислари томонидан бошланган эди.
1979 йилги ислом инқилобидан сўнг ядровий иншоотдаги қурилиш ишлари тўхтатилган эди. 1980-1988 йилги Эрон-Ироқ уруши чоғида эса барпо қилинган иншоотларга жиддий шикаст етказилган эди.

1990 йилларда эса Эрон ва Россия ҳукумати атом электр станциясини қуриб битказиш ва ишга тушириш борасида келишувга эришган. Бироқ Эрон томонининг вақтида пул тўламангани туфайли Россия томони бир неча бор Бушеҳрдаги қурилиш ишлари тўхтатишга мажбур бўлган.

Айни пайтда Эрон расмийларининг билдиришича, атом электр станцияси 2020 йилга бориб камида 20 минг мегеватт электр қуввати ишлаб чиқари олади ва Эрон кейинчалик кўпроқ нефт ва газни экспорт қилиш имконига эга бўлади.

Келишувга мувофиқ Россия томони ушбу станцияга ядровий ёнилғи етказиб бериш ҳамда ядровий чиқиндиларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишни ўз зиммасига олган.

Ғарб давлатлари Россияни Бушеҳрда атом станцияси қурилишида иштирок этгани учун кескин танқид қилиб келмоқда. Россия томони эса атом электр станцияси тинчлик мақсадларга йўналтирилган лойиҳа эканини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG