Линклар

Рус зиёлилари ўрмон ҳимоясига чиқди


Химки ўрмонини ҳимоя қилувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Химки ўрмонини ҳимоя қилувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Москвада Химки ўрмони ҳимоясига бағишланган концерт норозилик намойишига айланиб кетди. Россиялик таниқли санъат ва жамоат арбоблари иштирокидаги сиёсий тус олаётган бу тадбир Ўзбекистонда жамият эътирозисиз бўлсада, икки юз йиллик чинорларнинг кесилгани эслашга яна бир баҳона бўлди.


Россия пойтахтида Химки ўрмонининг кесилишига қарши бошланган норозилик акцияси мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ёйилаётгани ва ўрмон ҳимоячилари сонининг ошаётганини 22 август куни Москванинг Пушкин майдонида бўлиб ўтган намойишда кўзга ташланди. Бир тарафдан ўрмон ҳимояси, иккинчи томондан ҳокимиятнинг бедодликларига қаршилик сифатида кўрилаётган тадбирга қўшилаётган оддий россияликлар ҳамда таниқли зиёлилар ва машҳур санъаткорлар сони ортиб бормоқда.

Москвада якшанба куни бўлиб ўтган намойиш иштирокчилари ўзларининг асосий шиори ўлароқ, “Биз ҳаммамиз Химки ўрмонида яшаймиз!”, дея ҳайқиришди.

Россия ҳукумати Москвани Санкт-Петербург билан боғловчи пуллик магистрал йўлни айнан майдони 1000 гектар келадиган Химки ўрмони ичидан олиб ўтиш лойиҳасини тасдиқлаган. Бир гуруҳ табиат ҳимоячилар бир ойдан бери олиб бораётган норозилик тадбири бутун Россия бўйлаб ёйилиб бормоқда. Москвада Химки ўрмонини ҳимоя қилиш ҳаракати ташкил этилди.



Якшанба куни Пушкин майдонида ДДТ гуруҳи етакчиси Юрий Шевчук, мусиқачи Артемий Троицкий, Химки ўрмонини ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Евгения Чирикова, Москва Хельсинки гурухи раиси Людмила Алексеева, “Сўл фронт” мухолифат ҳаракати лидери Сергей Удальцов ба бошқа бир қатор жамоат арбоблари бошчилигида уюштирилган концерт Москва ҳукумати ва милиция қаршилигига қарамасдан, режалаштирилганидек маҳаллий вақт билан соат 17:30да бошланди.

Дастлаб милиция Москва марказидаги майдонга ҳар қандай овоз кучайтиргич ва бошқа мусиқа асбобларини киритшни тақиқлаб қўйди. Концертда иштирок этиш учун Санкт-Петербургдан ДДТ гуруҳи ОМОНчилар томонидан тўхтатиб қолинди, лекин бундан хабар топган намойишчилар талаби билан қўйиб юборилди.

Санъаткорлар микрофон ва овоз кучайтирувчи мосламаларсиз ўз қўшиқларини куйлади. Намойишчилар аввал ўрмон кесилишига қарши “Трасса айланиб ўтсин!” шиорини ҳайқирдилар.

Кўп ўтмай ўрмонни кесиш режалари ортида ҳокимият тепасида ўтирган юқори амалдорлар турганини хуслоса қилган намойишчиларнинг шиорлари сиёсий тус ола бошлади: “Россия – Путинсиз!”, дея хитоб қила бошлади намойишчилар.

22 август кунги концерт-намойиши иштирокчиларидан бири “Телевизор” гуруҳи лидери Михаил Борзикин мазкур тадбир биринчи навбатда фуқаролик жамиятининг ҳокимият бедодлигига қарши кураш, дея баҳолади:

- Мен Химки ўрмони билан боғлиқ барча ҳодисаларни диққат билан 2 йилдан буён кузатиб келяпман. Бу воқеа Россиянинг ҳаёт-мамот учун кураш тимсолига айланди. Нафақат ўрмоннинг, балки россияликларда қолган одамгарчиликнинг кесиб ташланиши тимсоли! Мен Россиянинг жисмоний ва маънавий табиати йўқ қилинишига қарши муносабат билдириш учун майдонга келдим. Бу билан мен шахсий фуқаровий позициямни билдириш учун, эртага ўзимдан ўзим уялиб қолмаслик учун келдим,- деди қўшиқчи Михаил Борзикин.

Россия ўрмону-дарахтзорларга бой давлат. Лекин шунга қарамай, ўзини фуқаровий жамият қолдиқларининг бир бўлаги, деб ҳисоблаган оддий россияликлар ва таниқли жамоат арбоблари Москва яқинидаги ўрмонда битта ҳам дарахт кесилмаслиги учун кўчага чиқиб, ўз фуқаролик позициясини изҳор қилмоқда.

Россияда ҳокимиятнинг бедодликларига қарши сиёсий тус олаётган бу тадбир, азалдан дарахтлар ва умуман табиатга алоҳида эътибор қаратилган Ўзбекистонда 200-300 йиллик чинорларнинг ҳеч кимнинг эътирозисиз кесилганини яна бир эслашга фурсат бўлди.

Шу йилнинг бошида Тошкентнинг энг сўлим, пойтахт меҳмонлари сайр қилишни шарт деб билган, марказий ҳиёбонда ўнлаб чинорларнинг томирига болта солинди.

Ундан кейин Ўзбекистоннинг бошқа қатор вилоятларида ҳам бир неча асрлик чинорлар йиқитилди. Ўзбекистонда бу ҳолат, баъзи кичик ва сизилмас эътирозлар ҳисобга олинмаганда, жамоатчилик эътиборини тортмади.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Слава Охунов ижтимоий лоқайдлик сабаблари ҳақида гапирар экан, жамиятнинг бефарқ бўлиб бораётгани биринчи навбатда санъатнинг одамларга таъсири сусайиб бораётгани билан боғлиқ дейди.

- Биз бир ғалати даврда яшаябмиз. Бир нарсани қурмасдан туриб бошқасини бошлаяпмиз, натижада ҳаммаси ёмон бўлиб чиқяпти. Ягона ўлчов тизими жорий қилинди: пул ўлчови. Асосий фалсафа ҳам шунга бориб тақаляпти. Одамлар ўз лавозимини, жойини йўқотишдан қўрқиб қолган. Кўпчилик “Тинчгинна ўтирган маъқул”, қабилида яшаб келмоқда. Ўрмон у ёқда турсин...
Шевчукни мен яхши тушунаман. У ҳамма вақт жамиятни қўшиқлари билан тарбиялашга интилган. Мана энди ҳаракатлари билан буни намойиш этмоқда,- дейди Вячеслав Охунов.

Чинорлар кесилгач Амир Темур ҳиёбони ўрнида падо бўлган манзара.
Ўзбек санъатда кузатилаётган тушкунлик жамиятининг кун сайин лоқайд бўлиб бораётганининнг асосий сабабидир, дейди рассом. Унинг сўзларига кўра, калька, ёки нусха кўчиришга уринаётган ҳар қайси маданият ўзининг асосий вазифаси - жамиятни тарбиялашдан узоқлашиб, фақат моддий бойлик орттирувчи воситага айланиб боради.

- Ҳар бир давр учун муайян шакл зарур эди. Мусиқавий, бадиий, фалсафий... Қани Ўзбекистонда ҳозир бунинг ҳаммаси? Шунинг учун бизда ҳозир постмодернизм, аниқроғи аралашма. Бугунги санъатимиз турли ремейк, ремиксларга, олдин яратилган нарсаларга таяниб турибди. Санъатда шакл, ғоя бўлмагандан кейин инсоний ғоя ва мазмун қаердан пайдо бўлсин? Менинг бир қўшним ҳар жума намозга боради, лекин Худога ишонмаслигин яширмайди. Ундан биров “Ҳар жума боришингиз шартми?”, деб сўраса, у “Ҳамма боради-да, бормасанг гапиради”, дейди. Одам қаерга, нима учун кетаётганини аниқ тасаввур қилиши керак, ахир! Мана 60-йиллардаги руҳ билан биз намойишларга чиқиб ўз фикримизни билдирар эдик. Ҳозир шу руҳнинг ўзи йўқ,- деди ўзбекистонлик мусаввир Слава Охунов.
XS
SM
MD
LG