Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:51

Бўҳронлар гуруҳи Бишкекни огоҳлантирди


Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи қонли воқеалар мустақил тарзда тафтиш қилинмас экан, бунинг мамлкат учун жиддий оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.
Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи қонли воқеалар мустақил тарзда тафтиш қилинмас экан, бунинг мамлкат учун жиддий оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.

Қирғизистон жанубидаги оммавий қирғин оқибатлари зудликда бартараф этилмас экан мамлакатда янги зўравонликлар хавфи сақланиб қолаверади. Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Бишкек ҳукумати мамлакат жанубидаги вазиятни назоратга олишда кўнгилбўшлик қилаётгани жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.


Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳига кўра, мамлакат жанубида янги зўравонликлар хавфи сақланиб қолмоқда ва марказий ҳукумат жанубда назоратни деярли йўқотган.

Гуруҳ Қирғизистон ҳукуматини май-июн ойларида Жалолобод ва Ўш вилоятларида рўй берган зўравонликлар юзасидан халқаро тергов ўтказилишига рухсат беришга чақирди.

- Июн ойидаги зўравонлик ва талон-тарожлар этник қирғиз ва ўзбеклар ўртасидаги жарликни яна ҳам кенгайтирди. Агар бу муаммо ҳал этилмай қолса¸ мамлакатда яна бир портлаш рўй бериш эҳтимоли бор ва зўравонлик жабрдийдалари исломий радикал кучлар томон юз буриши ёки бўлмаса, зўравонликлар бошқа этник гуруҳлар - руслар, уйғурлар, татар ва дунган жамоаларига ҳам ёйилиши мумкин,- дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастури раҳбари Пол Куин-Жаж.

Қирғизистонда рўй берган сўнгги зўравонликларнинг кўплаб жиҳатлари 1990 йилдаги Ўш ва Ўзгандаги қонли этник тўқнашувларга жуда ўхшаш.

Лекин, 20 йил аввал кўп сонли сараланган Совет қўшини минтақага киритилган ва вазият изга тушгунча бу қўшин олти ой давомида минтақада тартибни сақлаб турган эди.

Бугун эса, Қирғизистоннинг заиф ҳукумати ташқаридан ҳар қандай куч киритилмаслиги кераклиги борасидаги ички босимлар қаршисида қолмоқда.

Ҳукумат мамлакат жанубида назоратни йўқотган. Ўш ҳокими Мелис Мирзақматов ташқаридан қўшин киритилишига қарши эканини айтиб келади ва Муваққат ҳукумат декретлари мамлакат жанубида кучга эга эмас деб, очиқдан-очиқ баён қилмоқда.

- Жануб марказий ҳукумат назоратидан четда қолар экан бу минтақада наркотрафик кенг қулоч ёйиши хавфи ҳам кучли бўлиб қолаверади. Халқаро ҳамжамият қатъий ҳаракат қилмас экан¸ минтақа тез фурсатда исломий кучлар учун қулай заминга айланиб қолиши мумкин,- дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Осиё дастури раҳбари Роберт Темплер.

Президент Қурманбек Бакиевнинг ҳокимиятдан четлатилиши билан якун топган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортидан Қирғизистон сиёсий беқарорлик гирдобида қолиб келмоқда.

Июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган миллий низоларда юзлаб киши қурбон бўлди, юз минглаб одам бошпанасиз қолди.

- Бу бир этник гуруҳ, яъни Қирғизистонда яшовчи асосан ўзбекларга қарши қаратилган ҳужумлар эди, - дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн.

Гарчи ҳукумат Қирғизистон жанубидаги зўравонликларда ташқи кучларни айблаб келаётган эса-да, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳига кўра, воқеаларга Бакиев тарафдорларидан тортиб жорий ҳукуматдаги айрим сиёсатчилар, хавфсизлик кучлари ҳам аралашиб қолгани ҳақда инкор этиб бўлмайдиган далиллар бор.

- Қуроллар одамларга рўйхат бўйича қандай қилиб тарқатилгани ва кейин мамлакат жанубидаги хавфсизлик кучлари рўйхат бўйича тарқатилган қуролларни қайтриб олгани ҳақида далиллар бор. Яъни бу ерда бир томондан маҳаллий расмийларнинг ҳам воқеаларга алоқадорлиги, бошқа томондан ҳукумат ҳеч нарса қилмай жим қараб қараб турганини кўриш мумкин,- дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн.

Қирғизистон хавфсизлик кенгаши раиси Марат Имоналиев Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи келтирган бу холатлар юзасидан муносабат билдирар экан: "Бу масала, ҳақиқатан жуда долзарб. Бу президентимиз назорати остида турган масала. Бу ерда келтирилган ҳар бир фактни ўрганиб чиқамиз. Агар хавфсизлик кучлари зўравонликларга аралашиб қолганини аниқласак, биз буни обдон текшириб, тергов ўтказамиз, жиноят иши очиб айбдорларни жазолаймиз", дея баён қилди.
XS
SM
MD
LG