Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:26

Ўзбекистонлик диндорлар Россияда ҳам таъқиб қилинмоқда


“Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти” раҳбари Баҳром Ҳамроев Россия ҳукумати сиёсий қочқинлар масаласида қонун доирасида иш тутишига умид қилмоқда.
“Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти” раҳбари Баҳром Ҳамроев Россия ҳукумати сиёсий қочқинлар масаласида қонун доирасида иш тутишига умид қилмоқда.

Қатағон йилларида ўзбек сиёсий тутқунлари Сибирга юбориларди. Мустақил Ўзбекистонда эса, диний айбловлар билан таъқиб қилинаётган ўзбеклар ўзини-ўзи Сибирга бадарға қилиб ҳам Ўзбекистон махфий хизматларидан қутула олмаяпти. Новосибирскда ҳибсга олинган Бобур Тўхтамуродов ана шундайларнинг навбатдагиси бўлди.


Россия махфий хизмати ўзбекистонлик ҳамкасблари сўровига кўра, турли экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари ушлаб экстрадиция қилишни давом эттирмоқда.

17 август куни Новосибирскда Таровеҳ намозидан қайтаётган 35 ёшли Бобур Тўхтамуродов милиция ходимлари томонидан хужжатларни текшириш баҳонасида милиция ушланиб, милиция участкасига олиб кетилди.

Бубур Тўхтамуродовнинг таниши, ҳозирда Новосибирскда яшаётган Илхом ака воқеа тафсилотларини Озодликка гапириб берди:

- Новосибирскда, 17 август куни кечаси, шу Таровеҳ намозини ўқиб чиққанимизда ГАИ ходимлари машиналарни тутиб, паспортларини текширдилар. Ундан кейин шу Бобуржонни международний розискда, деб ушлаб кетдилар. У Бухородан келган, у ерда мусулмонларга бўлган тазйиқлардан қўрқиб, мени ҳам қамаб қўйишмасин, деб Новосибирскка келиб қолган. 2 йил олдин унинг укасини қамадилар Бухорода, қолганларни ҳам алоқаси бор, деб уларни ҳам текшириб қамайдида. Международний розискка берилгани учун орқасидан келган қидириб. Ота-онасини қўрқитишган, ўғлингизни қидириб борамиз, олиб келамиз, азоб берамиз, икки баробарга муддатини узайтирамиз, деб қўрқитишган. Уни тутиб келамиз барибир, дейишган, дер экан Илҳом ака Бобурнинг укаси Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалаганини қўшимча қилди.

Бобурнинг ўзи ҳозирда Новосибирскдаги вақтинча сақлаш изоляторида қолмоқда ва бир ҳафтадан бери адвокати билан учраша олгани йўқ.

- Новосибирснинг следственний изоляторида. 1-СИЗОда. Адвокати билан учраша олгани йўқ. Ўзбекистондан юборилган хужжатларни олишга ҳаракат қилдик, лекин терговчилар адвокатига бермаяпти вақтни чўзиб. Уларнинг мақсади Бобурни тезроқ Ўзбекистонга юбориш, қочқинлик мақомини олишига тўсқинлик қилиш-да. Ҳамма хужжатлари жойида. Россия қонунларини бузмаган. Эртага соат 2-да бориб, кўришга ҳаракат қиламиз. Бир маротаба передача бердик, холос,- дейди Новосибирскда ҳибсга олинган Бобур Тўхтамуродовнинг таниши Илҳом ака.

Маълум бўлишича, Бобур Тўхтамуродовга Россияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқи берилган ва у қочқинлик мақомини олиш учун БМТ қочқинлар идорасига тегишли ҳужжатларни топширган.

Тўхтамуродовнинг ишини ўз назоратиги олган “Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти” раҳбари Баҳром Ҳамроев Бобурни Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслигига умид қилишини айтади.

- Бобур Тўхтамуродов ишига биз бир нечта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини жалб қилдик. Масалан, Фуқаровий кўмак ташкилоти билан бирга Новосибирск ички ишлар бўлимига уни экстрадиция қилмаслик учун хат йўлладик. Биз биламизки Ўзбекистонда одилона суд йўқ. Бобур Тўхтамуродов эса, оиласи билан қатоғонга учраган. Яқинда Бухорода укаси қамалди экстремизм, терроризмда айбланиб. Бобурнинг укаси Бухородаги биринчи нурчилар иши билан қамалган. У ерда у косибчилик билан кун кўриб юрган. Аммо Россия ҳукуматига қилаётган мурожаатларимиз ижобий натижа берса керак деб ўйлайман, оз бўлса ҳам ишонч бор, чунки, Россия аввал Ўзбекистон ёки Тожикистонда жуда тез экстрадиция қилар эди уларни ҳолатларини ўрганмасдан. Лекин Оврупа судлари Россия қилаётган ҳатти-ҳаракатларни ноқонуний, деб бир неча марта жарима тўлатди, ҳар ҳолда қонун доирасида иш кўришга мажбур қиляпти. Мана ҳозир ҳам Марказий Осиё мамлакатларига экстрадиция қилиниши керак бўлган бир неча махбуслар бор, уларни бадарға қилиш тўхтатилди,- дейди “Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти” раҳбари Баҳром Ҳамроев.

Озодлик Новосибирскдаги изоляторда сақланаётган Бобур Тўхтамуродовнинг иши қандай ривожланишини кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG