Линклар

Мажримтол ўртасидан йўл қуриш режаларидан воз кечилгани йўқ


Ўнлаб хонадон кули кўкка совурилган Мажримтол маҳалласида омон қолган уйлар энди ҳукумат бош планига кўра, бузилиши мумкин.

Ўнлаб хонадон кули кўкка совурилган Мажримтол маҳалласида омон қолган уйлар энди ҳукумат бош планига кўра, бузилиши мумкин.

Ўш ҳокимлиги бош планига кўра, Мажримтол маҳалласи ўртасидан автотрасса ўтказиш масаласи ҳали ҳам кун тартибида қолмоқда ва мажримтолликларни ташвишлантирмоқда. Июн қирғинидан омон қолган уйларни бузиш эвазига товон пули ёки бошпана таклиф қилинмаяпти, демоқда маҳалла аҳли. Ўш шаҳар мэрияси бу маълумотни рад этмоқда.


Ўш марказидаги Мажримтол маҳалласи июн ойидаги қирғинда энг кўп зарар кўрган маҳаллалардан бири. Мажримтолда кўплаб уйлар ёндирилган, ўнлаб одамлар ўлдирилган эди.

Мажримтоллик Аваз Исроилов шу кунларда маҳалла аҳли яна бир фожеа – уйларидан ажралиш арафасида турибди, дейди Озодлик билан суҳбатда.

Аваз Исроилов Ўш шаҳар бош плани асосида маҳалла ичидан автотрасса ўтказилиши муносабати билан, Мажримтолда июндаги қирғиндан омон қолган уйларнинг яна камида 90таси бузилиш арафасида турганини айтади.

- Уйларни ноқонуний қургансанлар, деб айтишаяпти. Аслида бу уйлар ноқонуний қурилган эмас, 1995 йилда ҳукумат қарори билан бу ерлардаги эски уйларимизни бузиб, янги уйлар қуришимизга рухсат берилган. Буни исботлайдиган ҳамма ҳужжатларимиз мавжуд. Шаҳар ҳокимияти эса, 1979 йилдаги қарорни рўкач қилаяпти бизга,- дейди Аваз Исроилов.

Мажримтоллик Хайрулло Арзиевнинг уйи ҳам автотрасса қурилиши муносабати билан бузилиши мумкин. Унинг ҳисоб-китобига кўра, маҳалладаги 152та уй ўрни автойўлга бўшатиб берилиши керак.

- Ҳисобласак, 152та уй бузилиши керак экан. Аввалига менга “Уйингдан 2 метр йўлга қўшамиз”, дейишди. Ҳозир эса беш метр қўшиладиган бўлаяпти. Менинг уч сотихли уйимда бешта хўжалик яшайди. Агар 5 метрни йўлга берсам, бир ярим сотих уйим қолади. Бу уйга бешта оилани қандай сиғдираман¸ - дейди Хайрулло ака.

Маҳалла аҳлининг айтишича, уларга бузиладиган ҳовлилар ёки ҳовлининг автойўлга қўшиб юбориладиган қисми учун товон пули тўлаш ҳақида гап ҳам бўлмаган. Бунинг устига ҳовлининг бир қисми бузилиши оқибатида тор хонадонга сиқилиб қоладиган оилаларга бошқа жойдан бошпана берилиши ҳам даргумон.

- Компенсация ҳақида гап ҳам йўқ. Менга “Уйни ноқонуний қургансан”, деб иддао қилишаяпти. Аслида уйим қонунийлиги ҳақида ҳамма ҳужжатларим бор. шу ҳужжатларга ҳам қарамасдан “Уч куннинг ичда уйинги бузсанг буздинг, бўлмаса ҳукуматдан одам олиб келаман, улар уйингни бузади, уларни меҳнат ҳақини ўзинг чўнтагингдан тўлайсан”, дейишаяпти,- дейди Хайрулло Арзиев.

Июн ойи қирғини камлик қилганидай, яна бир муаммога дуч келган мажримтолликлар бу борада ёрдам сўраб, БМТнинг Ўшдаги ваколатхонасига мурожаат қилишган. Ваколатхона ҳуқуқшунослари маҳалла номидан шаҳар прокуратурасига ариза ёзишга кўмаклашганлар.

Айни пайтда шаҳар вице-мэри Таалай Собиров Мажримтолга бориб, маҳалла аҳли билан учрашган ва уйларни бузиш жараёнини вақтинча тўхтатиб қўйган.

Ўш вице-мэри Таалай Собиров бу борада Озодликка буларни айтди.

- Бу маълумот нотўғри. Биринчидан бу маҳаллада 90 та эмас, 30 та хонадон бузилиши мумкин. Бу уйлар ҳам тўлалигича эмас, бир қисми бузилади, яъни уйнинг бир қисми йўлга қўшилади. Лекин кеча биз бу ерда техник кенгаш ўтказдик ва айни пайтда лойиҳага ўзгартириш киритиш фикрига келмоқдамиз. Маҳалла аҳолисининг ўзи йўлни қаердан ўтказсак, ўзларига ҳам, шаҳарга ҳам зиён етмаслиги борасида таклифларни киритишди. Бу ҳолатда уйлар бузилмай қолаверади. Биз маҳалла аҳли билан маслаҳатлашиб иш тутаяпмиз,- дейди Ўш шаҳар вице мэри Таалай Собиров.

Ўшнинг бошқа маҳалларида ҳам Мажримтолдаги каби муаммолар пайдо бўлиши мумкинми? Агар шундай муаммо пайдо бўлса у қандай ечилади? Бу савол билан Ўш ва Жалолободни қайта қуриш давлат дирекциясига мурожаат қилдик.

- Йўқ бўлиши мумкин эмас, агар кимдир шундай деса, демак у одам низонинг давом этишидан манфаатдор шахс бўлади. Давлат дирекциясининг сиёсати ҳеч кимни яшаб турган жойидан кўчишга мажбурламасликдир. Давлат дирекцияси фақат вазиятни барқарорлаштиришга, аҳолини уй билан таъминлашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Бизнинг номимиздан бировнинг уйини бузмоқчи бўлган шахслар эса, аввалроқ айтганимдай, вазиятнинг яна беқарорлашувидан манфаатдор одам бўлади,- деди Ўш ва Жалолободни қайта қуриш давлат дирекцияси расмийси Мелис Эржигитов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG