Линклар

logo-print

Жимми Картер Шимолий Кореяга борди


Шимолий Корея АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер 25 август куни мамлакат пойтахти Пхенянга етиб келганини маълум қилди.

Давлатга қарашли (KCNA) Корея ахборот агентлигига кўра, юқори мартабали америкалик меҳмонни аэропортда Шимолий Кореянинг ядро масалалари бўйича мутасаддиси Ким Кие Гван кутиб олган.

Картернинг ташрифидан мақсад Шимолий Корея қамоқхонасида қолаётган америкалик Айжалон Маҳли Гомезни озод қилишдан иборат.

Бироқ Оқ Уй, Давлат Департаменти ва Картернинг идораси сафардан кўзланган мақсад Гомезни озод қилиш эканини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

- Биз бу борада изоҳ беришдан тийилиб турамиз. Биз жаноб Гомезни озод қилишга оид хусусий гуманитар уриниш тафсилотларини муҳокама қилиш орқали унинг уйга соғ-саломат қайтиши истиқболларига путур етказишни истамаймиз,- деди Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроули 24 август куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида.

Айжалон Меҳли Гомез Хитойдан Шимолий Корея ҳудудига ноқонуний равишда ўтганлик айби билан жорий йил апрелида 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Унинг жазони меҳнат колониясида ўташи белгиланган. Ўтган ой Шимолий Кореянинг ахборот агентлиги Гомез ўз жонига қасд қилишга уринганини хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG