Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:13

"Уруш Худоси" АҚШга жўнатилмади


"Ўлим савдогари" номи билан танилган Виктор Бут ҳозирча Таиланд қамоқхонасида қолмоқда.
"Ўлим савдогари" номи билан танилган Виктор Бут ҳозирча Таиланд қамоқхонасида қолмоқда.

Виктор Бутнинг Таиланддан АҚШга экстрадиция қилиниши қолдирилди. Таинланд суди ноқонуний қурол савдосида айбланаётган Бутни АҚШ ҳукуматига топшириш ҳақида ўтган ҳафта қарор чиқарган эди. "Уруш Худоси" фильмининг бош қаҳрамони прототипи бўлган Бутга янги айбловларнинг қўйилгани унинг Америкага жўнатилишини кечиктирди.


20 август куни Таиланд суди Виктор Бутни АҚШга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг 25 август куни экстрадиция қилиниши кутилаётган эди ва Қўшма Штатлар уни олиб кетиш учун махсус самолёт ҳам жўнатди.

Лекин чоршанба куни Таиланд расмилари “Ўлим савдогари” номи билан танилган Виктор Бутни экстрадиция қилишни номаълум муддатга қолдирди.

Таиланд Бош вазири Абхисит Ветчачива мазкур қарорни АҚШ томонидан Бутга нисбатан илгари сурилган янги айбловларга оид ҳужжатлар судда кўриб чиқиш учун жўнатилгани билан изоҳлади.

Қурол савдосида айбланаётган Бутнинг адвокати Лак Нитиват Вичан бу хабарни тасдиқлаб, ўз мижозига қўйилган янги айбловлар суд томонидан кўриб чиқилмагунга қадар уни экстрадиция қилиш қонунга ҳилоф бўлишини таъқидлади.

Таиланд ҳуқуқ тартибот идоралари Виктор Бутнинг 25 август куни АҚШга жўнатиш режалаштирилаётганини маҳаллий матбуот орқали билдирган эди. Бутнинг 50 кишилик конвой назоратида аэропортга жўнатилиши кутилаётган эди.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида туғилган ва Ҳолливуд филмлари қаҳрамонлари прототипи бўлган 43 яшар Виктор Бут 2008 йилнинг март ойида АҚШ махфий хизматлари ёрдамида Таиландда қўлга олинган. Ню Йорк прокуратураси уни 9 та модда бўйича айблаётган эди.

Энди ноқонуний қурол савдосига оид бу айбловларга товламачилик ва пул ювиш айблари ҳам қўшилди. Бутнинг ўзи барча айбловларни инкор қилиб, ўзининг Америка сохталаштирган провокацияси қурбони бўлганини айтиб келмоқдаи.

Виктор Бут собиқ Совет армияси ҳарбий таржимони ва радисти, бир нечта йирик юк ташувчи ҳаво ширкатига асос солган. БМТ ва АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 1996 йилдан 2008 йилга қадар Бут Афғонистон, Ангола, Конго Демократик Республикаси, Либерия, Руанда, Сьерра Леоне, Судан ва бошқа мамлакатларидаги қуролли можароларда ишлатилган ва бу давлатлар режимларини қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ етказиб берган.

24 август куни АҚШ Давлат департаменти вакили Филип Кроули Виктор Бутни АҚШга экстрадиция қилиниши ҳақидаги қарордан мамнун эканини яширмади:

- Бут Қўшма Штатларга келтирилиши биланоқ суд қилиниб, унга қўйилган айбловлар бўйича жавобгарликка тортилади,- деди АҚШ расмийси.

АҚШдаги Терроризм, халқаро жиноятчилик ва коррупция муаммолари бўйича тадқиқоти маркази директори Луиза Шелли Қўшма Шататларнинг Бутнинг экстрадиция қилинишига катта қизиқиш кўрсатаётганини бундай тушунтиради:

- Америка ҳукумати анчадан бери Виктор Бутни кузатиб келган, чунки ноқонуний халқаро қурол савдогари ўлароқ, у бутун дунё бўйлаб минтақавий можаролар иштирокчиларига қурол сотиб келган. Бутнинг Таиландда ҳибсга олинишига унинг Колумбиядаги террорчи ташкилоти ҳисобланган ва наркотиклар савдосини назорат қиладиган Инқилоб қуролли кучлар (ФАРК) ташкилотига қурол сотишга тайёргарлик кўраётгани сабаб бўлди. ФАРК ташкилоти Қўшма Штатларда террорчи ташкилоти ҳисобланади. Хусусан, Бутнинг жавобгарликка тортилишини истаётган АҚШнинг наркотикларга қарши кураш федерал бошқармаси мазкур ишнинг тергов қилиниши бўйича саъйи ҳаракат қилмоқда, дейди Луиза Шелли.

Москванинг Бутнинг экстрадиция қилинишиага қаршилик кўрсатаётгани сабаби эса, дея давом этади таҳлилчи, унинг Россия ҳукуматидаги юқори доиралари билан алоқалари борлигидадир.

- Жаноб Бутнинг Россия ҳарбий доиралари ва давлат хавфсизлиги тузилмалари билан яқин алоқалари борлигига оид тахминлар мавжуд. Бутнинг Россия ҳукумати ва махсус хизматларининг кирдикорлари ҳақида кўп нарсани билиши айтилади. Жаноб Бут 15 йил давомида дунёнинг энг кескин қуролли можаролар рўй берган минтақаларига қурол етказиб бериб, ўзи омон қолганига тан бериш керак. У ҳатто Ироқда шартнома асосида ишлаган Америка ҳарбий тузилмаларига ҳам қурол етказиб берганига нима дейсиз?,- дейди АҚШдаги Терроризм, халқаро жиноятчилик ва коррупция муаммолари бўйича тадқиқоти маркази директори Луиза Шелли.

Виктор Бут 2005 йилда Ҳолливудда суратга олинган “Уруш Худоси” филми бош қаҳрамони прототипи бўлган. Бу фильмада бош ролни машхур актёр Николас Кейж ижро этган.
XS
SM
MD
LG