Линклар

Коррупцияга қарши кураш ёки "Техас"нинг ўз қоидалари бор

  • Садриддин Ашур

Сурхондарёлик амалдорлар кимнинг "мушугини пишт", дедийкин?

Сурхондарёлик амалдорлар кимнинг "мушугини пишт", дедийкин?

Икки ой аввал Сурхондарё вилоятида қамоққа олинган давлат амалдорларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Сурхондарё вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Рўзигул Сафаровалар, Денов тумани ҳокими Абдусамат Ҳожиқулов ва бошқа собиқ амалдорларнинг ММХ ҳибсхонасида экани айтилмоқда.


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири, Сурхондарёда давлат амалдорларининг қамоққа олинишини машҳур қўшиқдаги мана бу сатрларга ўхшатди:

“Фарғонада ўт ёқсам, Андижонда тутуни...”

Йил бошида Тошкентда кўплаб катта бойлар ва амалдорларнинг бойликларига “ўт кетган” эди. Улар мансабини суиистеъмол қилиш, давлат мулкини ўзлаштириш каби айбловлар билан қўлга олинган эди. Орадан кўп ўтмай бу "аланганинг тутуни" Сурхондарёдан чиқа бошлади.

Бундан қарийб икки ой муқаддам Сурхондарё вилоятининг табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Рўзигул Сафарова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан порахўрликда айбланиб, қамоққа олинди. Рўзигул Сафарова яқинларининг айтишича, ҳеч ким уни пора олаётган пайтда ушлагани йўқ. У кимнингдир бир неча йил олдин унга пора берганлиги ҳақидаги аризаси асосида қамоққа олинган.

Унинг отаси Тўхта Сафаров бир ярим ойдан буён қизи билан учраша олгани йўқ. Ҳатто адвокатга ҳам учрашувга рухсат берилмаяпти, дейди у, Озодлик билан суҳбатда. Тўхта ота қизининг ҳибсхонада қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам эшитган:

- Бугун бир ою 25 кун бўлди турмада ëтганига. Нимани текшириб, нимани топди билмаймиз. Боламнинг жигарлари шишиб кетган. Ҳозир жигари оғриб ëтибди, дейди. Буни чиқармайди. Буни даволатишга йўл қўймайди. Қизимнинг касалхонадан олиб келган випискасини ҳам булар документга қўшиб олиб кетиб қолган. Бермайди. Менинг қизим ноҳақ қамалди. Қизимни тоза қийнаган”,- дейди Тўхта Сафаров.

Сурхондарё вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси лавозимида 10 йилдан буён ишлаб келган Рўзигул Сафарованинг қаттиққўл раҳбар бўлгани айтилади. У ҳатто катта мансабдорларга ҳам шахсий мақсадлари йўлида табиатга зарар етказишга йўл бермаган, дейди вилоятнинг Қумқўрғон туманида истқомат қилувчи ва исми сир қолиши шарти билан гапирган суҳбатдошимиз:

- Бошқа вилоятларда ҳам табиатни муҳофаза қилиш бўлимлари бор. Лекин Сурхондарë вилоятининг табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисини жуда қаттиққўл¸ бирорта одам бирор дарахтни бехос кесса, жарималарга тортади, деган овозаларни эшитганмиз. Опа жуда қаттиққўл. Менман деган олдинги колхоз раислари ҳам илтимос билан бирор марта мажбуриятдан ëки жаримадан қолганини эшитмаганмиз. “Жуда катта жарималарни қўллаб, жуда қаттиққўл эди”, деб эшитганмиз,- дейди исмини ошкор этилмаслигини истаган қумқўрғонликлардан бири.

Сўзида давом этаркан суҳбатдошимиз "Рўзигул Сафарова вилоятдаги катта мансабдорлардан кимнингдир "мушугини пишт деган бўлса керак", дея тахмин қилади.

2004 йилдан буён Денов тумани ҳокими бўлиб келган Абдусамат Ҳожиқуловнинг ҳокимлик фаолияти ҳам кимгадир маъқул келмаган кўринади. Собиқ ҳоким бир ой олдин йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан бирини калтаклаганидан сўнг ҳибсга олинади. Шундан сўнг унга яна қатор иқтисодий айбловлар ҳам қўйилади.

Ўзини Абдулла, деб таништирган деновлик суҳбатдошимиз, аслида Абдусамат Ҳожиқулов ҳоким этиб тайинланганидан сўнг, Денов туманида ижобий ўзгаришлар рўй бермади, дейди.

- Ҳокимнинг унча фойдаси ҳам тегмаганда. Фақат ўзи учун ҳаракат қилганда. Тошкентга қатнайдиган автобуслар олган эди таксилари бор эди. Умуман фақат ўзи учун ишлаганда. Мол-дунëни анча йиғиб ташлаганда. Уйига бориб кўрганларнинг айтишича¸ унинг подвали бор экан ва бу подвалга иккита КамАЗ бемалол кириб чиқар экан. Қаср қуриб ташлаганда. Чекка-чекка жойлардан қариндошларининг номига ер олиб, фермерлик қилиб ташлаган. Ўзининг оғайниларига дўконлар қуриб ташлаган эди. Солиқ ходимлари ҳам¸ прокурори ҳам ҳокимнинг жияни¸ уруғи деб тега олмасди бу дўконларга. Бемалол билганини қиларди,- дейди деновлик Абдулла.

Унинг айтишича, дунёнинг машҳур шаҳарларига қиёсланадиган Деновда ўзаро келишиб "иш" қиладиган маҳаллий ҳукмдорлар билан маҳаллий бойлар у ерда ўз "ўйин қоидалари"ни ўрнатган ва бу қоидаларга амал қилмайдиганлар "Техасда узоқ ушланиб қолмайди".

- Деновни Совет давридан бери "Техас" ëки "Бомбей", деган ном билан атайди. Деновга раҳбар бўлиб келган одам деновликларнинг айтганини қилмаса, узоқ турмайди. Ë қамалиб кетади, ë ишдан чиқиб кетади. Пулдорлар ҳам кўпда. Илдиз отиб кетган улар. Чеккадан келадиган одамлар Деновда ишлашга қўрқади,- дейди деновлик Абдулла.

Денов туманининг собиқ ҳокими Абдусамат Ҳожиқулов ҳозир вилоят миллий хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. “Эзгулик” жамиятига кўра, миллий хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Рустам Қўчқоров, Термиз шаҳар ҳарбий гарнизони бошлиғи, подполковник Владимир Цой ва Термиз шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Акмал Аҳмедовларни ҳам порахўрликда айблаб, қамоққа олган. Икки ойлик терговдан сўнг Рустам Қўчқоров ва Владимир Цойнинг озодликка чиқарилгани айтилади.
XS
SM
MD
LG