Линклар

logo-print

Афғон полициячиси испан инструкторларини ўлдирди


Испан аскарларига ўт очган афғон полициячиси отиб ўлдирилганидан кейин юзлаб намойишчилар НАТОга қарашли базага ҳужум қилишга уринди.

Испан аскарларига ўт очган афғон полициячиси отиб ўлдирилганидан кейин юзлаб намойишчилар НАТОга қарашли базага ҳужум қилишга уринди.

Афғонистоннинг Бодғиз вилоятидаги НАТОга қарашли базада испан аскарлари ва афғон полициячиси ўртасидаги отишмадан сўнг юзлаб афғонистонликлар базага бостириб киришга уринди. Испания расмийлари намойишчилар Вилоят қайта қуриш гуруҳи базасининг бир қисмини ёқиб юборганига оид хабарларни инкор қилди.


Бодғиз вилоятида рўй берган тартибсизликларни бостириш учун Афғонистон хавфсизлик кучлари сафарбар қилинди. Бу воқеа тайёргарликдан ўтаётган маҳаллий полициячилардан бири испаниялик инструкторларга қарата ўт очганидан бошланди.

Испания расмийлари Қаълаи Нав шаҳридаги базада рўй берган отишмада икки нафар испан полиция зобити ва уларнинг таржимони ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Бодғиз вилояти ҳоким ўринбосари Абдул Ғани Собирий Озодлик билан суҳбатда норозиликлар Испаний қўшинлари отишмани бошлаган полициячини отиб ўлдирганидан кейин бошланди, дея гапириб берди.

- Афғон миллий полицияси одатда испан қўшинлари назоратидаги Қайта қуриш гуруҳи базаси ичида тайёргарликдан ўтади. Ғулом Шохий исмли полиция ҳайдовчиси базага ўзи билан тўппонча олиб кирган. Испан аскарларидан бири унга тўппонча олиб келмаслигини айтганда ўртада баҳс чиққан ва у испан аскарларига қарата ўт очиб, уч нафарини ўлдирган,- деди Бодғиз вилояти расмийси.

Унинг айтишича, отишмани бошлаган полициячининг Толибон ҳаракатига алоқдорлиги ва у НАТОга тегишли базага тўппончани махсус олиб киргани гумон қилинмоқда. Бу ҳудудда фаоллашаётган Толибон маҳаллий полиция ичига ўз одамларини киритиб, бу ҳужумни уюуштирган бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди Собирий.

- Бизнигча¸ бу воқеа ортида фитна бор. Бунинг ортида Толибон ҳаракати турибди, деган гумонларимиз бор, чунки улар Афғонистоннинг душманларидир ва бундай фитналар одатда Афғонистонда барқарорлик ва тинчликнинг ўрнатилишига қарши бўлганлар томонидан уюштирилади¸ деди Собирий.

Озодликнинг Бодғиз вилоятидаги мухбири Шарофиддин Станакзаи дастлабки отишма содир бўлганидан кейин юзлаб ғазабланган намойишчилар базага бостириб киришга уринганини хабар қилди.

- Воқеа жойидаги намойишчиларнинг айтишича, улар Қайта қуриш гуруҳи базасининг ташқарисидаги хавфсизлик тўсиқларини бузиб киришган ва базанинг бир қисмига ўт қўйган, дея хабар қилди мухбиримиз.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, испан қўшинлари базага бостириб киришга уринган намойишчиларга қарата ўт очган ва бир неча нафарини жароҳатлаган.

Бироқ Испания расмийлари намойишчиларнинг базага бостириб кириб, унинг бир қисмига ўт қўйганига оид хабарларни инкор қилди. Испания расмийларига кўра, намойишчилар отиб ўлдирилган афғон полициячиси жасади берилишини талаб қилган ва маҳаллий суд вакили база ичкарисига киритилиб, жасаднинг намойишчиларга топширилишига изн берган.

Афғонистон ёки НАТО расмийлари Бодғиз вилоятидаги Қайта қуриш гуруҳи базасига бостириб кирилгани ёхуд талафотлар кўпроқ бўлганига оид хабарларни изоҳлаганича йўқ.

Вилоят расмийси Собирийнинг айтишича, воқеадан кейин намойишчилар вилоят маркази ҳисобланмиш Қаълаи Нав шаҳридаги ҳукумат биноси олдида норозилик уюштириб, бир нечта ойналарни синдирган. Шундан кейин маҳаллий ҳукумат Афғонистон миллий армияси қўшинларининг шаҳарга киритилишини сўраган.

Куннинг иккинчи ярмида полиция ва ҳарбийлар шаҳардаги вазиятни ўз назоратига олган.

Чоршанба кунги воқеа Афғонистон полициясига ёлланаётганлар томонидан хорижий инструкторларга қилинаётган биринчи ҳужум эмас. Кейинги пайтларда бундай ҳужумлар тез-тез содир этилмоқда.

Бу воқеа Афғонистон хавфсизлик кучлари ичига жанггари гуруҳлар вакилларининг кириб қолиши эҳтимолларига оид хавотирларни кучайтирди.

НАТО расмийлари АҚШ ва НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари 2011 йилнинг ўрталаридан Афғонистонни тарк эта бошлагач, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш учун 141 мингга яқин полициячи ва аскарлар ёлланиши лозимлигини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG