Линклар

Ўзбекистонда қаҳрамонлик "шепетилний" масала

  • Барно Анвар

Ўзбекнинг буюк шоири Рауф Парфи ўз вақтида "Ўзбекистон халқ шоири" унвонидан воз кечган эди.

Ўзбекнинг буюк шоири Рауф Парфи ўз вақтида "Ўзбекистон халқ шоири" унвонидан воз кечган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги арафасида, одатдагидек, бир гуруҳ ўзбекистонликлар президент фармони билан турли даражадаги мукофот ва унвонлар билан тақдирланди. Мукофотлаш жараёнидан хабардор кузатувчилар Озодликка қаҳрамонлар қандай танланишини гапириб берди.


“Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олган Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги “Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари Патилахон Эргашева бу қадар юксак унвонга муносиб топилганини ўзининг деҳқончилик ва пахтачиликнинг уруғ етиштириш соҳасида 45 йиллик камтарона меҳнати маҳсули ва мамлакат президенти Ислом Каримовнинг унга бўлган алоҳида эътибори, деб билади.

- Менга берилган юксак мукофот аввало муҳтарам юртбошимизнинг биз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига кўрсатаëтган доимий оталарча ғамхўрликлари, деб биламан. Бизнинг давлатимизда инсонлар мана улуғланиб, унинг меҳнати қадрланишига яна бир бор гувоҳ бўлдимда. Мен аввало ўзимга билдирилган ишончдан, камтарона меҳнатимга берилган баҳо деб биламан,- дейди Патила Эргашева.

Патила Эргашева “Ўзбекистон қаҳрамони” деган унвонга беш йил номзод этиб кўрсатилгани ва фақат олтинчи йилига ўтиб, бу унвон унга насиб этганидан бениҳоя бахтли эканини айтади.

- Яқин 45 йил даланинг ичида ишладим. 25 йил бригада бошлиғи бўлиб ишладим. 2005 йилдан фермер хўжалигига раҳбарлик қилаяпман. Меҳнатларимизнинг самараси бу. Бу мукофотга ўтказамиз, деб вилоятдагилар беш йилдан бери тайëрлайди мени,- дейди янги Ўзбекистон қаҳрамони.

Патила Эргашева Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан шахсан учрашган.

2008 йили кузда Фарғона вилоятининг Фарғона туманига борган президент бир гуруҳ деҳқонлар билан учрашган ва бу учрашувда Бувайдадан Фарғона туманига чақирилган Патила Эргашева ҳам иштирок этган эди.

Қаҳрамон аёл ўша учрашув чоғида президент назарига тушган бўлиши мумкинлигини эътироф этади.

Ўзбекистонда энг нуфузли унвон бўлган “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонининг тақдим этилиши жараёнидан яхши хабардор бўлган ва исми-фамилияси сир қолишини истаган собиқ давлат арбобларидан бирининг Озодоликка айтишича, бу унвонни олишга муносиб шахслар, албатта, мамлакат раҳбарининг назарига тушган бўлиши шарт.

- Ўзбекистон қаҳрамони унвонини бериш масаласи, шахсан, президент даражасида ҳал бўладиган масала. Президент девонидаги Кадлар бўлимида “Мукофотлаш бўлими”, деган махсус бир бўлимча бор. У ерда ишлайдиган гуруҳ йиллар давомида турли вилоятлардан кўрсатиладиган номзодларни қайта ва қайта ўрганиб, кейингина буни каттанинг олдига олиб киради. Катта тасдиқлаганидан сўнггина бирор бир ишчи, деҳқон ёки зиёли қаҳрамон, деб топилади,- дейди яқин ўтмишда ҳукумат идораларидан бирида кадрлар масаласи бўйича бўлимни бошқарган суҳбатдошимиз.

Унга кўра, “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони каби бошқа унвон ва мукофотлар ҳам мамлакатда бир хил қоидага кўра, тақдим этилади.

Ҳар бир мукофотга тегишли ташкилот ёҳуд ҳудудлардан 3 тадан номзод кўрсатилади. Бу номзодлар энг юқори даражада, яъни, Президент девонидаги “Мукофотлаш бўлими” даражасида кўриб чиқилади ва бу жараённинг ҳамма босқичларида раҳбар шахслар, шубҳасиз, ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Содда айтганда, заводми у, ёки катта давлат ташкилотими, бундан қатъий назар номзод амалдорга ёқмаса, қаҳрамонликка қанчалик муносиб бўлмасин бу унвонга тавсия этилмайди.

Ўзбекистонлик жамиятшунос Бахтиёр Исабеков "юқори"нинг текшируви жараёнида, албатта, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам жуда муҳим рол ўйнайди ва элакдан ўтган номзодлар рўйҳатига эркин фикрлайдиган, ўзгача қарашлардаги шахслар киритилмайди.

- Номзодлар миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар вазирлиги каби идоралар текширувидан ўтказилади ва буларнинг тили билан айтганда “таржимаи ҳолида доғлар бўлмаган, тоза” номзодлар танланади. Улардан келган “тоза” номзодлар кейин ўша президент атрофидаги уч-тўрт киши доирасида муҳокама этилади, деб эшитганмиз. Аммо, бу жараённинг ҳаммаси мутлақо сир, ошкор айтилмайди,- дейди Бахтиёр Исабеков.

Шу тариқа, элакдан ўтказилган номзодлар қуйига қайтарилади. Қуйи эса юқори тасдиқлаб берган номзодни яна қайтадан кўрсатади ва фақат шундагина номзодлар мукофотларга тавсия этилаётганидан хабардор бўлади, дейди ўзбекистонлик жамиятшунос.

Ҳукумат идораларидан бирида кадрлар масаласи билан шуғулланган собиқ мулозим Ўзбекистонда фаолларни мукофотлаш тизими жуда ҳам “нозик масала”, дейди.

- Чунки, мамлакат раҳбари фармони билан мукофотланган одамлар кейинчалик қовун тушириб қўймаслиги, бошқа томонларга бурилиб кетмаслиги керак. Мисол учун, артистлар ёки қўшиқчилар бугун каттанинг қўлидан мукофот олиб, эртага бошқача куйлавориши мумкин эмас. Агар шундай бўлиб қолса, бу номзодни кўрсатганлар энг қуйидан тортиб, энг юқорисига қадар боши билан жавоб беради. Шунинг учун ҳам танлов жуда қаттиқ бўлади ва охирги қарорни катта қабул қилади. Бу система собиқ иттифоқ даврида ишлаган мукофотлаш системасининг айнан кўчирмаси ўлароқ сақланиб қолган,- дейди собиқ давлат мулозими.

Бахтиёр Исабеков ҳам бу фикрга қўшилар, бу йил эълон қилинган “Ўзбекистон қаҳрамонлари” соҳибларининг синфий мансублиги бунга яққол мисол бўлади, дейди.

- Мана масалан, Турсуной Охунова ёки раисларимиз бор эди — Ҳамроқул Турсунқулов, Аҳмаджон Одилов, деган. Буларни Социалистик меҳнат қаҳрамони, деган унвонга тавсия қилиш учун йиллар давомида тайёргарлик кўрилган. Бу номзодлар устига райком, обком ва шахсан, Шароф Рашидовлар ишлаган. Номзодларнинг сони ва синфий мансублиги эса юқоридан кўрсатилган. Яъни, иттифоқ даврида Ўзбекистонда бу йил фалонча қаҳрамонликка фалон-фалон йўналишлар бўйича имкон берилади, мазмунидаги кўрсатмалар бўлар эди. Ҳозир ҳам шунинг айнан ўзи. Деҳқон, ўқитувчи, машинист...,- дейди Бахтиёр Исабеков.

Собиқ иттифоқ бошқарув тизимини мерос қилиб олган мустақил Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган мукофотларни ўз вақтида рад этган ўзбекистонлик таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

- Айниқса, бу йилги мукофотлаш маросимлари менга Собиқ совет даврини айнан эслатяпти. Худди шундай ҳар йили қанчадир сут соғувчиси, қанчадир механизатор, қанчадир санъаткор марказдан мукофотланар эди ва бу мукофотларни олар чоғда, улкан-улкан ваъдалар берилар эди. Ҳозир ҳам шунинг айнан ўзи,- дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Бу йил “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олган Патила Эргашеванинг гаплари давлат унвонларидан воз кечган шоиранинг фикрини тасдиқлайди.

- Муҳтарам юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга, туман ва вилоят ҳокимларига чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Бундан буëн ҳам қудратим етганича она ватанга тинчлик ва фаровонликка меҳнатим билан ўз ҳиссамни қўшаман,- дея ният қилади Патила Эргашева.

Ўзбекистонлик жамиятшунос Бахтиёр Исабеков бу жараённи кузатар экан, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида таъсис этилган ва президент фармони билан тақдим этиладиган жамики мукофотлару, унвонлар қандайдир мантиқсиз дабдабага хизмат қиладигандай, деган хулосани тилга олди.

- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёки Ўзбекистон қаҳрамони бўлган шоирнинг оддий шоирдан нима фарқи бор? Ёки марҳум адиб Озод Шарафутдинов мисолида оладиган бўлсак, қаҳрамон бўлган адибдан қаҳрамон бўлолмаган ёки бўлишни истамаган адибнинг қандай конкрет фарқи бор? Мен шуни ҳеч тушунолмайман. Буларнинг асарлари сифат даражасидан фарқли бўладими, сон жиҳатданми ёки мазмун жиҳатиданми? Аслида Ўзбекистон қаҳрамони, деб аталадиган фуқаро мамлакат тараққиётининг қайсидир бурилиш нуқталарида озми-кўпми ҳисса қўшган ва бу мамлакат халқига аён бўлган бўлиши керак. Лекин қани ҳозир шунақа қаҳрамонлар?,- дейди Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистондаги ҳукумат идораларидан бирининг собиқ мулозими эса бу таҳлит мукофотлаш тизими собиқ совет тузумини ушлаб туришга қанчалик ҳисса қўшган бўлса, бугунги мустақил Ўзбекистон раҳбариятининг идеологик сиёсатини ушлаб туришга ҳам шунчалик ҳисса қўшаётганини эътироф этади.

- Бу жуда шепетилний масала. Жуда. Шахсан каттанинг қўлидан мукофот олган хонандаю, ўқитувчию, ишчиларнинг ҳаммаси кейинчалик шу кунги сиёсатдан бошқасини тараннум этиб юбориши мумкин эмас. Улар фақат шу кунга қуллуқ қилиб яшаши керак ва бундан эл-юрт ўрнак олиши керак,- дейди собиқ мулозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG