Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:07

Қирғизистонда озиқ-овқат тақчиллиги сезилмоқда


Қирғизистоннинг энг арзон бозорларидан бўлган Ўш бозорида бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сезиларли даражада ошганини кузатиш мумкин.
Қирғизистоннинг энг арзон бозорларидан бўлган Ўш бозорида бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сезиларли даражада ошганини кузатиш мумкин.
Бишкеклик Гулзайда эже бозорда сотиб олишни режалаган маҳсулотларининг фақат ярминигина харид қила олди.

- Бугун бозорга бориб, карахт аҳволга тушдим. Уч куннинг ичида мойнинг баҳоси 10 сўмга, ун нархи 5 сўмга кўтарилибди. Бошқа маҳсулотлар нархи ҳам осмонда, - дейди Гулзайда эже.

Сўнгги бир ой ичида Бишкекда бир қоп ун нархи 10 долларга, 5 литр мойнинг нархи 2 долларга кўтарилган. Қолган озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси ҳам сезиларли даражада ўсган.

Бишкеклик Гулзада эженинг бозордан қиммат бўлса-да, озиқ-овқат сотиб олишга имконияти бор. Ўшлик Аваз ака эса минглаб ўшликлар каби озиқ-овқат маҳсулотларини инсонпарварлик ёрдами тарзидагина олаяпти. Бозордан сотиб олгани эса нақд пули йўқ.

- Фақат гумпомош билан тирикчилик қилаяпмиз. Кеча маҳалла кўмитаси раиси Мадаминжон яна маҳалламизга гумпомошдан берилган гуруч, супурги уруғини олиб келиб, одамларга бўлиб берди. Албатта, бозорда ҳамма нарса сотилаяпти, лекин уларни сотиб олгани пулимиз йўқ, - дейди Аваз ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўшда ҳам ун, мой, шакар каби тирикчилик учун энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиб кетган. Аваз аканиниг гапларига ишонсак, Ўшдаги нарх пойтахт Бишкекка солиштирганда анча қиммат. Масалан, Бишкекда бир қоп ун 19 доллар бўлса, Ўшда 30 долларни ташкил қилмоқда.

Қирғизистонда тадқиқот ўтказган БМТ Озиқ-овқат дастури мутахассислари ҳам айнан мамлакат жанубида очарчилик бошланиши мумкинлигидан ташвишда.

- Биз 1 миллион 400 минг одам ҳақида гапираяпмиз. Лекин биз улар очарчиликка дучор бўлади, деган маънода гапираётганмиз йўқ. Гап фақат озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида кетаяпти. Ўш ва Жалолободда аҳолининиг озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олгани пули йўқ. Бундан ташқари, бу ҳудудда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари жуда оз. Бу эса ёш болалар ва ҳомиладор аёллар саломатлигини ёмонлаштиради. Яъни 1 миллион 400 минг одам камқонлик, йод етишмаслиги каби касалликларга чалиниши мумкин,- деди БМТ Озиқ-овқат дастурининг Қирғизистондаги мувофиқлаштирувчиси Надежда Франкт.

Халқаро ташкилот вакиласининг айтишича, яна бир неча ой ичида озиқ-овқат тақчиллигидан қийналаётган 1 миллион 400 минг одам сафига яна 340 минг киши қўшилиши мумкин. Шунинг учун ҳам сентябр ойидан бошлаб БМТ томонидан 287 минг киши озиқ-овқат билан таъминланади. Улар асосан ёш болалар ва ҳомиладор аёллардан иборат бўлади.

Айни пайтда Қирғизистон расмийлари “мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги мавжуд эмас ва бу йўналишда кризис бўлмайди”, деб баёнот бермоқдалар. Қишлоқ хўжалик вазирлиги расмийси Муҳаммаджон Суранчиевнинг айтишича, аҳоли юз фоизга озиқ-овқатнинг барча турлари билан таъминланади.

- Жорий йилда ҳар бир одам ўртача нормада белгиланганидай дон ва дон маҳсулотлари билан 139, картошка билан 252, мева-чева билан 148 фоизга таъминланади. Айрим халқаро ташкилотлар озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида бонг ураяпти. Бундай иддаолар оқибатида аҳоли хавотирларга тушиб қолган. Аслида эса озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деди Муҳаммаджон Суранчиев.

Бироқ қишлоқ хўжалик фанлари академиги Жамин Акималиев расмийларнинг бундай баёнотларига ишонмайди:

- 5 миллион аҳолига ўтган йили 1 миллион 50 минг тонна буғдой етиштирилган эди. Бу йил эса, менинг ҳисобим бўйича, фақат 750 минг тонна буғдой ҳосили йиғилади. Мутахассис сифатида бу йил нон тақчиллиги кузатилади, дея оламан, - дейди академик Акималиев.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат тақчиллигига йўл қўймаслик борасида махсус дастурни қабул қилган. Ҳукумат расмийлари мазкур дастурга асосан бозорда озиқ-овқат нархлари кўтарилмаслигини ваъда қилган бўлсалар-да, бугунги кунда бунинг аксини кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG