Линклар

Ўшда кўчма мактаб яна кўчиш арафасида


Талончилар хуружидан кейин Толстой номидаги ўзбек мактаби ўқув машғулотлари ўтказиш учун мутлақо яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Талончилар хуружидан кейин Толстой номидаги ўзбек мактаби ўқув машғулотлари ўтказиш учун мутлақо яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Ўш қирғини чоғида талончилар томонидан ёқиб юборилган Шарқ қишлоғига қарашли Толстой номидаги ўзбек мактаби, ўқув йили бошланишига бир неча кун қолганига қарамай, қайта тикланганича йўқ. Расмийларга кўра, янги мактаб биноси қуриб битирилгунига қадар, Толстой мактабида ўқув жараёни палаткаларда олиб борилиши керак эди.

Айни мақсадда мактабдан унча узоқ бўлмаган эски автобаза ҳудудига 12 та палатка ҳам тикилган. Аммо Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Ўшдаги мухбири Эрнис Нурматовнинг хабар беришича, ўзбек мактабининг бу ерда вақтинча фаолият юритишига автобаза яқинидаги 40 хўжаликдан иборат қирғиз қишлоғи аҳолиси қарши чиқмоқда.

Толстой мактаби директорининг ўринбосари Олтиной Бадалованинг айтишича, миллати ўзбек бўлган автобаза хўжайини бу ерда вақтинчалик мактаб очилишига рухсат берган ва шу мақсадда бу ерга ЮНИСЕФ кўмаги билан чодирлар қурилиб, ўқув жараёнига тайёр ҳолатга келтирилган эди.

- Ўзбек одам рухсат берганидан сўнг бу ерга палаткаларни тиккан эдик. Аммо маҳаллий аҳоли вакилларидан 2-3 киши бу ерда болаларни ўқитишимизга қаршилик қилаяпти. Бунинг сабабини билмаймиз, - деди Олтиной Бадалова.

Мазкур ҳудудда яшаётган Зулфия Риспоева Толстой мактабининг бу ерда фаолият юритишига қарши бўлаётганлардан бири. Аёлнинг Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига айтишича, бундай қилишига унда етарли асослар бор:

- Менинг 10 болам бор. Уларнинг ҳаммаси катта бўлиб қолган. Улар ўзбек болалалари билан муштлашиб кетиши мумкин. Фарзандларим уларга ўт қўйиб юборишдан ҳам тоймайди. Чунки яқиндагина масжиддан чиқишда менинг турмуш ўртоғимни вахшиёна тарзда ўлдириб кетишди. Шунинг учун болаларимгина эмас, мен ҳам ўт устидаман. Жаҳл келганда ақл қочиб, ёмон ишларни қилиб юборишим мумкин. Шуларни ҳисобга олиб, мактабни бизнинг қишлоқдан узоқроққа қурсин, деб талаб қилаяпмиз, - деди Зулфия Риспоева.

Маҳаллий ҳукумат расмийлари ҳам қишлоқ аҳолиси талабини ўрганиб чиқиб, ўзбек мактабини бошқа жойга кўчириш маъқулроқ бўлади, деган қарорга келганлар.

- Ҳозир мактабга яқинроқ ерни излаяпмиз. Қишлоқ аҳолисини мажбурлаб, “ўзбек мактаби мана шу ерда бўлади”, дея олмаймиз. Чунки бу низо ўчоғига айланиб қолиши мумкин, -деди Қорасув туман маориф бўлими раҳбари Раҳмонали Назаров.

Расмийларнинг айтишларича, Толстой мактабининг вайрон бўлган биноси ўрнига қуриладиган янги ўқув даргоҳи декабр ойида ишга туширилиши режаланмоқда. Толстой мактабининг 6-синф ўқувчиси Ҳожиакбар эса қишгача ўқув қуролларисиз ва парталарсиз палаткали мактабда қандай қилиб ўқиш мумкинлигини тушуна олмай ҳайрон:

- Биз қаерга борамиз? Биз ўқувчиларда нима гуноҳ? Палаткаларимизни у ёқдан-бу ёққа кўчираверишса, бунинг устига ўқув қуроллари йўқ бўлса, қандай қилиб ўқиймиз? - дейди Ҳожиакбар.
XS
SM
MD
LG