Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:32

Имомали Раҳмон хориждаги муллаваччаларни юртга қайтармоқчи


Тожик расмийлари фикрича, тожикистонлик болалар маҳаллий диний устозлардан таҳсил олишлари лозим.
Тожик расмийлари фикрича, тожикистонлик болалар маҳаллий диний устозлардан таҳсил олишлари лозим.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон хориждаги диний даргоҳларда таҳсил олаётган болаларни ватанга қайтариб олиб келишни талаб қилди. Давлат раҳбарининг бу мурожаати айрим тожикистонликларни таажжубга, бошқаларни эса хавотирга солди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон республика жануби аҳолиси билан учрашув чоғида мамлакатда болаларга исломий таълим берадиган диний олийгоҳ ва мактаблар мавжудлигини айтиб, тожикистонлик болаларни хориждаги диний олийгоҳ ва мактабларга жўнатишга эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.

- Бизда республикадаги қайси тумандан ва оиладан нечта бола чет элга жўнатилгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Чет мамлакатлардаги диний мактабларда таҳсил олаётган тожикистонлик болалар террорист ва экстремист бўлиб қайтмоқда. Улар республикада нималар билан шуғулланиб юргани ҳам бизга аён. Шунинг учун ҳам сизларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, фарзандларингизни қайтариб олиб келинглар. Шу ерда ўқишсин. Тожикистонлик болалар фақат республикада диний маълумотга эга бўлгандан кейингина хорижга боришлари мумкин. Шунда ҳам улар хориждаги диний олийгоҳларга фақат битта йўл билан - ҳукумат қошидаги Дин масалалари бўйича қўмита кўригидан ўтганидан кейингина боришлари мумкин, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти, шунингдек, мамлакат миллий хавфсизлик ва бошқа куч ишлатар тизимлар раҳбарларига масжидлар устидан назоратни янада кучайтириш ҳақида топшириқ берган.

Президентнинг бу чақириғи республикадаги дин уламолари шўроси томонидан ҳам маъқулланди.

- Президент гапларида жон бор. Хориждаги мадраса ва олийгоҳларда таҳсил олган ватандошларимиз ўша давлат маданияти, сиёсати, диний гуруҳлар ақидалари ва мафкурасини олиб келишмоқда. Биз бу ақида ва диний йўналишларга қарши чиқа олмаймиз. Давлатимизда дин эркинлиги мавжуд. Бироқ, шу билан биргаликда, Тожикистон аҳолисининг 99 фоизи битта дин, бир мазҳаб йўриғи билан ибодат қилади. Хорижда таҳсил олган ва бошқа диний оқимларга кириб кетган ёшларимиз, Худо кўрсатмасин, бирор-бир низо чиқариши мумкин, дейди дин уламолари шўроси аъзоси Абдуллоҳ Раҳнамо.

Аммо президент Имомали Раҳмоннинг бу таклифи тожикистонликларнинг ҳаммаси томонидан ҳам хуш қарши олинди, деб бўлмайди. Фарзандларини мусулмон мамлакатларига таҳсил олгани жўнатган ота-оналарнинг айтишларича, республикада мавжуд диний мактаблар ва мадрасаларда таълим бериш савияси паст.

- Ислом давлатларидаги мадраса ва олийгоҳларда ўқув программаси Тожикистондагидан анча фарқ қилади. Хорижий давлатларда талабаларга Ислом таълимоти юксак савияда етказиб берилади. Ниҳоят, у ерда домлалар жуда ўқимишли ва саводли. Биздаги мадрасалар ва диний мактабларда эса асосан ҳеч қаерда таҳсил олмаган домлалар дарс ўтишади, дейди маҳаллий таҳлилчи Бахтиёр Қосимзода.

Мамлакат ҳукумати қошидаги Дин масалалари бўйича қўмитадан олинган маълумотларга мувофиқ, айни пайтда Покистон, Саудия Арабистони ва Эрон мамлакатлари билан тожикистонлик болаларни ватанига қайтариш борасида мулоқот олиб борилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда биргина Мисрда 500 тожикистонлик таҳсил олмоқда. Шунингдек, Саудия Арабистони, Яман, Эрон ва Покистон мамлакатларидаги олийгоҳ ва диний мактабларда 2000 дан ортиқ тожикистонлик бола таълим олаяпти. Норасмий маълумотларга кўра эса улар сони 6000 дан ошади.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, сўнгги йилларда республикада диний ташкилотлар ва бошқа диний йўналишлар аъзоларини таъқиб этиш кучайган. Жумладан, диний ташкилотларни қайтадан қайдга олиш ва турли баҳоналар билан улар фаолиятини чеклаш халқаро меъёрларга зид экани айтилмоқда. Шу билан бирга, таҳлилчилар орасида Тожикистон расмийларининг бу хатти-ҳаракатини мажбурий чора ўлароқ баҳоловчилар ҳам бор.

- Тожик жамиятида янги пайдо бўлаётган диний оқимлар давлатни барча диний ташкилотлар устидан назоратни кучайтиришга мажбур қилмоқда. Жумладан, икки-уч йил ичида бизнинг динимиз, мазҳабимиз, урф-одатларимизга бегона бўлган оқимлар, ақидалар жамиятимизга кириб кела бошлади. Бу ёт ақидалар бир кун келиб мамлакатимиздаги барқарорликни издан чиқариши мумкинлигига оид тахминлар ҳукуматни бефарқ қолдирмади. Менимча, давлат бу билан бошқа диний гуруҳларга аъзо бўлганларни жамиятимиздан йироқлаштириш мақсадида ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўлаяпти, дейди мустақил таҳлилчи Зоҳир Давлатов.

Тожикистонда бир муддат олдин қатор диний ташкилотлар фаолияти тўхтатилди. Бу ташкилотлар орасида яҳудийлар диний жамоаси, насронийлар ”Лиахона” ҳамда” Халқаро ибодатхона” черковлари ҳамда иккита диний маркази, баптистларга тегишли тўртта диний муассаса ҳам бор.

Мамлакат Маданият вазирлиги масъулларига кўра, бу диний ташкилотлар 2010 йил давлат қайдидан ўтиш учун сўралган ҳужжатларни вазирликка тақдим этишдан бош тортган.
XS
SM
MD
LG