Линклар

Жаннат эшигини қоқиб...


Бононинг Лужникидаги концертига 60 мингдан ортиқ томошабин келди.

Бононинг Лужникидаги концертига 60 мингдан ортиқ томошабин келди.

Москванинг Лужники стадионида машҳур “U2” рок гуруҳи концерт берди. Ўзининг жамоатчилик ва инсонпарварлик фаолияти билан танилган гуруҳ етакчиси Боно концерт пайтида инсон ҳуқуқлари, қашшоқ мамлакатлардаги муаммоларга тўхталди. Саҳнада Россияда диссидент қўшиқчи ҳисобланган Юрий Шевчук ҳам Бонога жўр бўлди.


Боно таҳаллуси билан ижод қилувчи машҳур рок мусиқачи Пол Дэвид Хьюсон ўзининг жамоатчилик фаолияти билан ҳам ном қозонган.

25 август куни "U2" лидери Бонони Россия Президенти Дмитрий Медведев Сочидаги қароргоҳида қабул қилди. Боно билан Медведев пиёла чой устида жаҳондаги қашшоқлик, очарчилик, юқумли касалликлар ва бошқа муаммоларни муҳокама қилдилар, мусиқа ҳақида фикр алмашдилар.

Бу учрашувни россиялик табиат ҳимоячилари, санъат ва жамоатчилик арбоблари интиқлик билан кутаётган эди. Химки ўрмонини ҳимоя қилиш ҳаракати Бонога хат йўллаб унда Дмитрий Медведев билан учрашувда расмийлар ўртасида катта трасса қуришни режалаган Химки ўрмони масаласини кўтаришни илтимос қилди.

“Биз Сиздан Россияда полиция цензураси рок-мусиқа ва экология соҳаларига ҳам ёйилганига президент Медведевнинг эътиборини қаратсангиз миннатдор бўлар эдик”, дейилган хатда.

Лекин Боно билан Медведев чойхўрлигида Химки ўрмони масаласи муҳокама қилинмади.

Лужникидаги концертдан олдин Михаил Горбачев ва “Новая газета” мухбирлари билан учрашган "U2" гуруҳи етакчиси хат унинг қўлига учрашувдан кейин тушгани боис бу ҳақда Медведев билан гаплаша олмаганидан афсус билдирди.

Лужникидаги намойиш бошланмасданоқ турли ҳодисаларга бой бўлди. Amnesty International халқаро ташкилотининг беш нафар фаоли концерти бошланиши олдидан қўлга олинди. Россияда инсон ҳуқуқларига оид аянчли вазият ҳақидаги варақаларни тарқатаëтган пайтида ушлаб кетилган ташкилот фаоллари Amnesty International бу борада норозилик билдиргандан сўнг қўйиб юборилди.

Хавфсизликни таъминлашга 1300 нафар милиция ходими ташланган Лужники стадионига йиғилган "U2" мухлислари Боно саҳанаг чиқиши биланоқ уни олиқишлай бошлади.

“Космик кема”ни эслатувчи улкан саҳнага чиққан Боно концерт давомида ўз мухлисларига мурожаат қиларкан, “Мен кўплаб ажойиб инсонлар билан учрашдим, улардан бири – Юрий Шевчук. У ажойиб қўшиқчи!” деди. “Ажойиб инсонлар” қаторида у россиялик космонавтларни тилга олди. Михаил Горбачевни эса “қаҳрамон” дея атади: “У бутун умрини ўз мамлакатига бағишлади. Бу ерда буюк давлат тарихи бошланмоқда, бу тарихнинг янги саҳифасини сиз бошладингиз!”, дея бошлади ўз концертини Боно.

Концерт пайтида ёмғир қуйиб юборганига қарамасдан стадионнинг марказига тўпланган "U2" мухлислари Боно айтаётган қўшиқларга жўр бўлиб турди.

Ўзининг жамоатчилик фаолияти туфайли уч марта Нобел Тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилган Боно Москвада берган концерти пайтида ҳам инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўтмади. "Irish Lullaby" - "Ирланд алласи" қўшиғини Боно Бирма мухолифати етакчиси узоқ йиллар давомида уй қамоғида сақланаётган Аун Сан Су Чжига бағишлади.

2 соатдан ортиқроқ давом этган томоша давомида Боно террорчилик, учинчи мамлакатлардаги қашшоқлик ва оғир юқумли касалликлар каби муаммоларга ўз мухлислари эътиборини жалб қилишга улгурди.

Концертдаги сунгги қўшиқни ижро этиш учун саҳнага ДДТ гуруҳи етакчиси Юрий Шевчукни таклиф этди ва улар биргаликда "Knoking on Heaven's Door", яъни "Жаннат эшигини қоқмоқ" номли қўшиқни ижро этди.

Қўшиқни тугатаётиб, Боно Шевчукка қараб "Биз сенинг шогирдларингмиз!" дея мурожаат қилди.

Бононинг инсонпарварлик фаолияти алоҳида эътиборга сазовор. У ўзининг 30 йиллик мусиқавий фаолияти давомида тўхтовсиз инсонпарварлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келган. 1985 йили у Эфиопия, Никарагуа, Сальвадордаги болалар уйлари учун маблағ тўплаган, Африка мамлакатларидаги очарчиликка, ирқчилик ва апартеидга қарши саноқсиз концерт ва фестивалларда иштирок этган.

Бугунги кунда Боно ташаббуси билан тузилган DATA ҳайрия ташкилоти учинчи мамлакатлардаги қашшоқлик ва ОИТСга қарши курашмоқда. 2006 йилда Британия Қироличаси Елизавета Иккинчи мусиқа ва инсонпарварлик фаолиятидаги ютуқлари учун Бонога рицарлик унвонини берган.

Намойиш якунида "U2" лидери Лужникининг "қизил зонасида" ўтирган мухлислардан тушган маблағ ОИТСга чалинган болаларга ёрдам бериш мақсадида Бонон асос чсолган RED лойиҳасига ажратилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG