Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:06

Қирғизистон - "Марказий Осиёда пайдо бўлган чоҳ"


Луиз Арбур хоним экстремист миллатчилар Қирғизистон давлатчилигини емирмоқда, деган фикрда.
Луиз Арбур хоним экстремист миллатчилар Қирғизистон давлатчилигини емирмоқда, деган фикрда.

Марказий Осиё харитасининг бир пайтлар Қирғизистон эгаллаб турган қисмида чоҳ пайдо бўлди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Луиз Арбурнинг “Guardian” газетасида эълон қилинган мақоласи ана шу фикр билан бошланади. Қуйида мақоланинг мазмуни билан танишишингиз мумкин.


“Қирғизистон: Осиё юрагидаги бўшлиқ” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақоласида Арбур хоним, дунё ҳамжамияти Қирғизистонда рўй берган қирғинга эътибор қаратмагани, ҳамда давлатчилигини йўқотаёзган Қирғизистондаги бошбошдоқлик унинг сарҳадларидан ташқарига ҳам ёйилишидан огоҳлантиради.

Мақола муаллифи бир пайтлар авторитар режимлар ҳукм сурадиган минтақада бағрикенглик ва демократия тимсоли бўлган Қирғизистонни бугун деярли ўз давлатчилигини йўқотиб бўлган мамлакат, дея атайди.

Бир неча йил давомида ҳокимият бошқаришда коррупцияга муккасидан кетган президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилгач, иқтидорга келган муваққат ҳукумат мамлакатда тўла назорат ўрната олмади ва оқибатда июн ойида рўй берган зўравонлик, қирғин ва талон-тарож, юзлаб одамларнинг ўлдирилиши қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги жарликни янада катталаштирди.
Ба жараёнлар давомида ҳукумат мамлакат жанубида ҳар қандай назоратни қўлдан бой берди. Шафқатсиз ва ашаддий миллатчи бўлган Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов хунрезлик натижаси ўлароқ, ўз сиёсий мавқеи ва экстремеситик қарашларини янада кучайтириб олди. Ўтган ҳафта президент Роза Ўтунбаева уни лавозимидан олиб ташлашга урниб, шармандаларча бунинг уддасидан чиқа олмагани Мирзақматов мавқеининг кучайишига ҳисса қўшди холос. У Ўшда ўз тарфдорлари олдида чиқиш қилиб ҳукуматнинг қарорлари жанубда кучга эмаслигини таъкидлаб, ҳатто пойтахтни Ўшга кўчиришни ваъда қилишгача борди.

Ҳозир бир тарафдан заиф муваққат ҳукумат, ккикнчи тарафдан муртад ҳоким орасида қолган жанубий Қирғизистон бутун минтақа ва ундан ташқаридаги мамлакатлар учун ҳам катта хавф туғдиради.

Биринчидан, Ўшнинг “минтақадаги наркотрафик ҳаракатларининг боғловчи халқаси” бўлиб келганининг ўзигина катта муаммолар истиқболларидан дарак беради.

Шунингдек, Ўш исломчи гуруҳларнинг маконига айланиш хавфи ҳам бор. Ашаддий миллатчилик сиёсати давом этадиган бўлса, июн ойидаги каби қирғиннинг такрорланиши муқаррардир ва келаси сафар ўзини қурбон, деб билган томон ёрдам сўраб исломий гуруҳларга юзланиши мумкин, дея хулоса қилади БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари.

Барқарорликка қайтиш йўли енгил кечмайди, лекин бунинг учун халқаро ҳамжамият июн қирғинининг мустақил тергов қилиниши, минтақада вазиятни назорат қилгани халқаро кузатувчиларнинг киритилиши ва вайрон қилинган маҳаллаларни қайта тиклашда маҳаллий расмийларнинг ҳамкорлик қилиши борасида қатъий ҳаракат қилиши шарт.

Лекин ҳозирча бунинг истиқболларини некбин, деб бўлмайди. Минтақага Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти юборишини эълон қилган 52 нафар полиция маслаҳатчиларининг киритилиши масаласи қирғиз миллатчиларининг ғазабига сабаб бўлмоқда. Марказий ҳукумат, қолаверса ЕХҲТнинг ўзи ҳам миллатчиларга қарши чиқишга мойиллик кўрсатаётгани йўқ.

Давлат раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиролмаётган ёки буни истамаётган шароитда халқаро ҳамжамият фаолроқ ҳаракат қилмоғи лозим. Қирғинни мустақил тергов қилишда бунга лойиқ одамлар, хусусан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ва ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича комиссари каби шахслар асосий ролни ўйнаши ва бу Қирғизистон ҳукуматига келажакда ҳар қандай молиявий ёрдамнинг давом этиши учун шарт қилиб белгиланиши лозим.

Шунингдек, деб ёзади Арбур хоним, халқаро ҳамжамият қайта қуриш ишларига ажратилаётган молиявий ёрдамнинг экстремист миллатчилар ва порахўр амалдорлар қўлига тушиб қолмаслигини таъминлаш учун, бу маблағлар қандай сарфланаётганини ҳар тарафлама мониторинг қилиш бўйича муштарак стратегияни ишлаб чиқиши лозим. Айниқса, Ўш ҳукумати бир миллатни ёқловчи этник сиёсатни давом эттириб, марказий ҳукуматга бўйсинмагунча донорлар бу шаҳар расмийларига бир тийин ҳам бермаслигини таъминлаш керак бўлади.

Афсуски, парокандаликка учраган мамлакатни давлатчиликни йўқотиш жари ёқасидан қутқариш бўйича ҳар қандай уриниш аллақачон кечиккан бўлиши мумкин. БМТ хавфсизлик кенгаши – хусусан, Қўшма Штатлар ва Россия – халқаро ҳамжамият келгусида рўй бериши мумкин бўлган зўравонликлар ва қочқинлар билан боғлиқ бўҳронларга вақтида ва тегишли тарзда жавоб бера олиши учун муайян изчил режани ишлаб чиқиши керак.

Қирғинлар давом этаётган пайтда Қирғизистондаги воқеаларга аралашишда тийилиб турган халқаро ҳамжамиятдан бундай қадамларни амалга оширишини кутиш ўта некбинлик бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бунга муқобил бошқа йўл ҳам бор – у ҳам бўлса бутун бошли бир мамлакат емирилишда давом этаётганини қўл қовуштириб, томоша қилиб ўтиришдир, дейилади “Guardian” газетасида эълон қилинган “Осиё юрагидаги бўшлиқ” номли мақолада.


Луиз Арбур 1999-2004 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимида ишлаган. Ундан аввал Канада Олий суди раиси бўлган. 2009 йилдан бери Арбур хоним Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи президенти ва бош ижрочи директори лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG