Линклар

logo-print

Нархини қаранг - Отнинг калласи!


Байрам арафасида Ўзбекистон бозорларидаги нархларга қарашга юрак бетламайди.

Байрам арафасида Ўзбекистон бозорларидаги нархларга қарашга юрак бетламайди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллик байрами, қолаверса Рамазон ҳайити арафасида мамлакат бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб бормоқда. Ўзбекистонда байрамлар арафасида нарх-навонинг кўтарилиши одатий ҳолга айланган. Байрам арафаси баҳона Ўзбекистон бозорларидаги вазиятни ўргандик.


Мустақиллик байрами арафасида Тошкентда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилиниб, шаҳар бозорларига вилоятлардан 30 тонна мева ва сабзовот келтирилди.

10 сентябргача давом этадиган байрам ярмаркасида нархлар Тошкент бозорларидагига нисбатан арзон бўлиши айтилади.

Тошкентнинг Чорсу бозорида савдогарлик қиладиган Жаҳонгир Шосалимов бу каби ярмаркалар шаҳар бозорларида муттасил кўтарилиб бораётган нарх-навога ижобий таъсир ўтказа олишига шубҳа қилади.

Байрамлар арафасида Тошкент бозорларида нархлар яна кўтарилаяпти, дейди Жаҳонгир ака.

- Энг қимматлаган нарса ун бўлди. Биринчи июл ҳолатига бир қоп ун 30 минг сўмдан сотиларди. Бугун бир қоп ун 70 минг сўмдан сотилаяпти. Яна тухум ошди. 1 июл ҳолатига битта тухум ўртача 200 сўм эди. Ҳозир 260 сўм. Бундан ташқари гўшт баландлигича турибди. Бир кило мол гўшти 10 минг сўм. Ниҳоятда баланд. Шакар 2800 сўм атрофида. Қанд 3000 сўм. Ўсимлик ëғи 3500 сўм. Ҳозир Тошкент шаҳрида узум баҳоси 1300 сўмдан 1500 сўмгача. Олманинг ўртача баҳоси 1500 сўмдан 2000 сўмгача. Шафтоли 1500 сўмдан сотилаëтган эди. Ҳозир 2000 сўмдан сотилаяпти,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Нарх-наво нафақат Тошкентда, балки мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда.

Сурхондарёлик Фахриддин кейинги бир ярим ой мобайнида вилоятда нарх-наво кескин кўтарилди, дейди.

- Ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган 2-сорт ун 35 минг сўм. Бир кило мол гўшти 11 минг сўм. Картошка 600 сўм, пиëз 400 сўм, олмалар 1200 сўмдан 2000 сўмгача, шафтоли 1200 сўм, узум 3000 сўмгача чиқиб кетган.

Андижон бозорларида ҳам шу аҳвол. Андижонлик Мамарайим ака гапиради.

- Бозорлар қимматлаган. Ҳозир мана қозоқ уни 55 минг бўлди. Олдин 35 мингга олардик. Гўштни 7000 дан олаëтган эдик. Ҳозир 10 минг сўм.

Самарқанда асосий истеъмол моллари нархлари бошқа вилоятларга нисбатан барқарорроқ.

- Нарх-наволар унчалик фарқ қилган эмас. Мол ва қўй гўштини бир хил нархда ушлаб турилаяпти, лекин емлар қиммат бўлганлиги учун ҳозир мол гўшти 10 минг сўм. Қўй гўшти 11-12 минг. Қимматлаб кетаëтган нарсалар писта, бодом. Булар ҳақиқатан қиммат. Энди буни имкони бор олади холос,- дейди самарқандлик Мажид Қурбонов.

Жиззахнинг Бахмал тумани бозорларидаги нарх-наво ҳам унчалик чақмайди, дейди айни ттуманда истиқомат қиладиган Очил Мирзаев.

- Бахмал туманида мен оладиган жойда ҳозирги кунда гўшт 8000 сўм. Ҳар бозор куни бизнинг туман ҳокимимиз ўзи шахсан гўшт расталарида нархни ëздириб, ўзи катталар билан кузатиб туради. Қассобни 8000 сўмдан ортиқ сотишга умуман қўймайди. 8000 сўмга гўшт бизга қимматлик қилмайди. Шахсан ўзимни айтаяпманда мен. Ўзим тадбиркорман.

Фарғона бозорларида эса, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаган бўлсда, айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархдарини аҳоли чўнтаги кўтаради, дейди марғилонлик Абдуманнон ака.

- Марғилон бозорида қовун-тарвузлар, мева-чевалар арзон. Тарвуз ҳозир 500 сўмга ҳам бор. Ҳолига қарабда энди. Катталигига қараб 1000-1500-2000 сўм. Қовун ҳам шунақа. Болаларга энди 500-600 сўмлигидан олиб келиб едираяпмиз. Лекин цитрус мевалар қиммат. Банан дейди, чет давлатдан келган ҳар хил ноклар бор, олмалар бор, шулар қиммат. Қимматлаган нарсалардан, ҳозир қўй гўшти 13 минг, мол гўшти 11 минг. Мол гўштининг нархи ошганига икки кун бўлди. 10 минг эди, 11 минг бўлибди энди. Боғдод районининг уни 36 минг бўлибди. Қимматда бу. 21-22 мингга бераëтган эдида,- дейди марғилонлик Абдуманнон.

Наманган, Хоразм, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Бухоро, Сирдарё вилоятларида ҳам нархлар ошиб бормоқда.

Сурхондарёлик Фахриддин нарх-навонинг кўтарилишини оддий халққа нисбатан зулм, деб ҳисоблайди.

- Байрамга мана тўрт-беш кун қолди. Яна кўтарилиш эҳтимоли бўлади. Бу ўз ўзидан. Чунки байрам. Иккинчиси яна Ҳайит келаяпти. Яна ўз ўзидан кўтарилади. Бизда яна одат борки Ҳажга жўнаш олдидан доллар курслари кўтарилади. Шу муносабат билан нарх-навони ўз ўзидан кўтариб ташлашади. Фақат байрам эмас Ҳаж мавсумида ҳам нарх-наво кўтарилиб кетаяпти. Бу эса яшашга катта таъсир кўрсатаяпти. Нақд пул йўқ. Ойлик маошлар 100 фоиз пластик карточкага ўтаяпти. Нақд пул қилиш 15 фоиздан. Ана энди яшашни ўзингиз ўйлаб кўринг,- дейди сурхондарёлик Фахриддин.

Нарх-навонинг пишиқчилик мавсумида кўтарилиб бораётгани сабабларини билиш мақсадида Олой бозори маъмуриятига мурожаат қилдик.

- Бозорлар нархни назначать қилмайди ҳеч қачон. Бозорлар сотувчиларга жой қилиб беради, шароит яратиб беради колхозчиларга, фермерларга ўша маҳсулотини олиб келиб сотиши учун. Нархларнинг нимадан келиб чиқиши у Минфинга боғлиқ. Бозорлар фақат жой билан шуғулланади. Фақат сотиш учун жой ва шароит яратиб беради деҳқонларга. Нархларни бозорлар белгиламайди. Нарх-наво бозордан зависит эмас,- дейди Олой бозори маъмурияти ходими.

Ўзбекистон Молия вазирлиги эса, одатдагидек “Бу борада ёзма равишда мурожаат қилинг” деган жавоб билан гапни калта қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG