Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:29

Ким ўғлини Хитой раҳбариятига кўрсатгани олиб кетдими?


Ким Чен Ир ўзининг зирҳли поездида яна Хитойга йўл олди.
Ким Чен Ир ўзининг зирҳли поездида яна Хитойга йўл олди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир яна Хитойга йўл олди. Бу сафар Ким нима мақсадда Пекинга боргани ҳақида аниқ маълумот бўлмасада, Пхеньян раҳбари ўз вориси бўлишини истаётган кенжа ўғли Ким Йонг-унни Шимолий Кореянинг иттифоқдоши бўлган Хитой раҳбарияти билан таништиргани олиб кетгани тахмин қилинмоқда.


Шимолий Корея раҳбарининг Хитойга сафари ҳақида фақат бир нарса - унинг зирҳли поезди Хитой томон жўнаб кетгани маълум.

Май ойида Пекинга сафар қилган Ким Чен Ирнинг яна Хитойга йўл олгани Жанубий Кореяда бу ташрифдан қандай мақсад кўзлангани хусусида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди.

Жанубий Корея телевидениеси Ким Чен Ир Хитойга жўнаб кетганини хабар қилди.

- Шимолий Корея Миллий ҳарбий комиссияси раиси Ким Чен Ир бугун эрталаб Хитойга жўнаб кетгани тасдиқланди. Унинг вориси, деб кўрилаётган ўғли Ким Йонг-ун унга ҳамроҳлик қилмоқда,- деди Жанубий Корея телевидениеси бошловчиси.

Кўпчилик 68 ёшли хаста Ким Чен Ир кенжа ўғли Ким Йонг-унни вориси сифатида Хитой раҳбарларига таништириш учун олиб кетган дея тахмин қилмоқда.

Келаси ой Шимолий Кореяда сўнгги йилларда илк бор Ишчилар партиясининг йиғилиши ўтказилади. Ройтер ахборот агентлигига кўра, йиғилишда партиянинг янги лидерлари танланади ва Ким Йонг-ун ҳам партиянинг юқори лавозимини эгаллаши кутилмоқда. Ўз навбатида, бу унинг ҳокимиятни отасидан қабул қилиб олиши йўлидаги илк қадами бўлиши айтилмоқда.

Шу боис таҳлилчилар кенжа ўғлини Хитой раҳбарларига айнан ҳозир таништириш Ким Чен Ир учун қулай фурсатдир, демоқда.

Хитой Шимолий Кореянинг дунёдаги ягона иттифоқчиси ҳисобланади. Шу сабабдан Пекин Ким Чен Ир давридаги дўстона муносабатлар унинг ўғли ҳокимиятга келганидан кейин ҳам давом этадими, йўқми, буни билишни хоҳлайди.

2008 йилда юрак ҳуружига учрагани тахмин қилинган Ким Чен Ирнинг Шимолий Кореяни бошқара олиши борасида шубҳа билдириб келинади. Таҳлилчилар фикрича, агар унинг вориси маълум бўлса, сўнгги йилларда юзага келган мавҳум вазият ойдинлаша бошлайди.

Айни пайтда Ким Йонг-ун шахси ҳақида маълумот жуда чекланган. Кенжа Ким Швейцарияда ўқиган ва у тахминан 25 ёшда ва бу одамнинг ёши ва ҳаётий тажрибасига катта аҳамият бериладиган жамиятда унинг ҳокимият тепасига келишига тўсиқ яратиши мумкин. Лекин, у отаси каби шавқатсиз бошқариш характерга эга экани айтилади.

Ким Чен Ирнинг Хитойга сафари АҚШ собиқ президенти Жимми Картер Шимолий Корея қамоқхонасида сақланаётган америкалик фаол Айжалон Махли Гомезни озод қилиш учун гуманитар миссия билан Пхенянга борган пайтга тўғри келди.

Шимолий Корея раҳбарининг Пхеняндан жўнаб кетгани Жимми Картернинг миссиясига таъсир этганми, йўқми ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG