Линклар

"Spark" - Made in Uzbekistan, ўзбеклар учун эмас

  • Садриддин Ашур

Chevrolet "Spark" машинасининг нархи 25 миллион сўмгача бориши мумкин.

Chevrolet "Spark" машинасининг нархи 25 миллион сўмгача бориши мумкин.

Ўзбекистонда Chevrolet "Spark" автомобили сотувга чиқарилди. Асакадаги "GM Ўзбекистон" қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган "понидек" "Spark"нинг "катта отнинг калласидай" нархи, боз устига унинг фақат долларга сотилиши "Spark"ни ҳам аксар ўзбекистонликлар учун сароб-орзуга айлантирадиган кўринади.


Chevrolet "Spark" янги автомобили ўтмишдоши “Матиз”га нисбатан бир қаричга узунроқ, ғилдираклари ҳам анчайин кенгроқ. Янги машинада DОНС русусмидаги двигателларининг икки хили ишлатилган. Биринчиси 68, иккинчиси 81 от кучига эга.

Chevrolet "Spark" шаҳардан ташқаридаги трасса йўлларида 100 километрга 5,5 литр, шаҳар ичида 7,6 литр бензин сарф қилади. Автомобил техник хусусиятлари ҳақидаги қисқача маълумот шу.

Энди энг асосийси унинг нархига тўхталсак. Автомобилнинг нархи унинг жиҳозланишига қараб 16,5 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача баҳоланади. Расмий давлат курсида бу 10-13,5 минг АҚШ долларига тенгдир. Бироқ, "Spark" ўзбек сўмига ҳам сотиладими ёки йўқ, буниси ҳали номаълум. Ҳарқалай, сўмга сотилмаса керак. Чунки қарийб бир йилдан бери Ўзбекистонда ўзбек автомобиллари сўмга сотилмай қўйган.

Биз оддий харидор сифатида “Асака –Автосавдо”га мурожаат қилдик:

Озодлик: Машина сотиб олиш мумкинми деб сўрамоқчи эдим.

- Бемалол ака. Қанақасидан?

Озодлик: Нексиянинг нархи қанча?

- 10071 доллар. Люкс кондиционерсиз.

Озодлик: Буни долларда тўлаш керакми ëки давлат курси бўйича сўмда тўласак бўладими?

- Асака банкда валюта очтирасиз. Валюта қабул қилади Асака банк.

Озодлик: Сўмда тўлаш мумкин эмасми?

- Йўқ. Сўмда олмайдида буни.

Озодлик: Нега?

- Валютали машинада бу.

Озодлик: Долларни қаердан оламиз? Банкларда доллар йўғу.

- Уни банк ҳал қилади ака. Бизга валютний карта очитирб келсангиз бўлди, - дейди “Асака –Автосавдо” масъулияти чекланган жамият мулозимларидан бири.

Ҳа, ҳамма тўловлар ўзбек миллий валютасида амалга оширилиши айтиладиган Ўзбекистонда сўмга машина сотиб олишнинг имкони йўқ. Банкларда эса, сўм конвертация қилинмайди. Ўзбекистон фуқароси "ўзимизда" ишлаб чиқарилган Chevrolet "Spark"ни сотиб олмоқчи бўлса, камида 24-25 миллион сўм пулни ҳалтага солиб, қора бозорга бориб, валютага алмаштиришига тўғри келадин.

"Uzmetronom" интернет газетасининг ёзишича, Chevrolet "Spark" автомобиллари икки конвейер тизимида ишлаб чиқарилади. Биринчисидан Жанубий Кореядан келтирилган сифатли бутловчи қисмлардан терилган, экспорт учун мўлжалланган машиналар чиқади, иккинчисидан Хитойдан келтирилган ва Ўзбекистонни ўзида ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлардан йиғилиб, мамлакат ички бозори учун мўлжалланган "Spark"лар чиқади. Бунинг устига, деб ёзади "Uzmetronom", "Spark"нинг ички истеъмолчи учун нархи экспортга кетадиган машиналардан қимматроқ бўлади.

Озодлик радиоси бу иддаоларга ойдинлик киритиш учун Асакадаги "GM Ўзбекистон" қўшма корхонасига мурожжат қилди. Исми сир қолиши ва овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган корхона муҳандисининг айтишича, бундай иддаоларда асос йўқ:

- Биз автомобиллар учун бутловчи қисмларни асосан Жанубий Кореядан оламиз. Лекин биз Хитойдан ҳам бутловчи қисмлар оламиз. Лекин уларнинг ҳаммаси сифатли ва бир-биридан қолишмайди. Экспорт учун ҳам, ички бозор учун ҳам ишлаб чиқариладиган автомобилларга бир хил бутловчи қисмлар ишлатилади.

Ички бозорга бошқа, ташқи бозорга бошқа бутловчи қисмлардан автомобил ишлаб чиқарилади, деган миш-мишларда ҳеч қандай асос йўқ. Фақат бир нарса бор. Биз автомобилларни қайси давлатга экспорт қилинишига қараб йиғамиз. Гап шундаки, автомобил экспорт қилинадиган мамлакатнинг иқлимига, шароитларига мослаб йиғилади,- деди "GM Ўзбекистон" қўшма корхонаси муҳандисларидан бири.

Бироқ, тошкентлик ҳайдовчилардан бири Жўра Қандиловнинг айтишича, сўнгги пайтларда "GM Ўзбекистон" қўшма корхонасида
ишлаб чиқарилаётган Нексия-2 автомобилининг сифати биринчи туркумда чиққан “нексия”лардан жиддий фарқ қилади:

- Ҳозирги Нексиялар умуман брак чиқаяптию. Олиб келгандан кейин техосмотр полний қилиш керак. Мойларини алмаштириш керак, олдинги эмас. Олдинги чиққанлари яхши. Нексия-2лар яхши чиқмаяпти умуман. Яхши сборка бўлмаяпти. Сифатсиз сборка, асосан, моторда бўлади. Яна, асосан, ходовой частлари яхшимас. Амортизатор кетади, резиналари кетади. Эҳтиëт қисмлари олдингига ўхшаб сифатли эмас. Менимча, Хитойнинг запчастларини тиқиб бераяптида. Бўлмаса унақа бўлмайдию. Нексия-1лар зўр бўлган. Улар умуман зўр бўлган. Ҳозиргача яхши юрипти. Ҳамма ҳозир эски бўлса ҳам Нексия-1 олаяпти,- дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Россияда сотилаётган Ўзбекистон “Нексия”ларининг анча арзон ва сифатли эканлигини қўшимча қилади суҳбатдошимиз. Биз бу иддаони ҳам текшириб кўриш учун Москва шаҳридаги "АВАЛИНК Cars" дилерлик компанияси билан боғланиб, у ерда сотилаётган “Уз ДЭУ” автомобиллари, хусусан “Нексия-2” нархлари билан қизиқдик:

- “Нексия-2” нархи 267 минг рублдан бошланади. Истаганча олишингиз мумкин,- дейди “АВАЛИНК Cars" дилери.

Демак, “Нексия-2” нинг Россиядаги нархи 8800 доллардан бошланади. Рублга ҳам олиш мумкин.

Ўзбекистонда эса, нархлар 10070 доллардан бошланади ва сўмга олиб бўлмайди.

Нега шундай? Биз бу саволга жавоб олиш учун “Ўзавтосаноат” компаниясига муроажат қилдик. Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган компания ходими бу ҳолатни ҳукуматнинг шундай қарор қилгани билан изоҳлади.

"GM Ўзбекистон" қўшма корхонаси 2008 йилнинг март ойида собиқ "ЎзДЭУавто" корхонаси ўрнида очилган эди. "GM" компаниясининг бошланғич капиталдаги улуши 25 фоизни ташкил қилади. Қолган 75 фоизи “Ўзавтосаноат” ташкилотига қарашли.

Айни кунда компания маҳсулотлари дунёнинг 10 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинади. Ўтган йили "GM Ўзбекистон" қўшма корхонаси 205 минг дона автомобил ишлаб чиқарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG