Линклар

Эркин микрофон - Элим деб, юртим деб...

  • Ҳурмат Бобожон

Мавлонхоннинг тожи президент девонидагилар диққатига сазовор бўлмади.

Мавлонхоннинг тожи президент девонидагилар диққатига сазовор бўлмади.

Наманганлик Мавлонхон ака 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, “Элим деб, юртим деб”, ўз чўнтагидан минг доллар сарфлаб, президент учун тож ясатиб, ногиронлар аравасида Тошкентгача борганидан гап очди. "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилаётганлар орасида шундай саҳоватпеша Озодлик мухлислари ҳам бор.


Президент учун тож

Наманганнинг Чодак қишлоғидан бўлган Мавлонхон ака Ўзбекистон президентига ўзи ясаган тожни кийдириш мақсадида ногиронлик аравасида Тошкентгача 22 кун давомида 500 километр масофани босиб ўтганини гапиради.

- Мен Мавлонхон Тўраевман. Наманган вилояти, Поп тумани, Чодак фуқаролар йиғини Гулистон қишлоғида яшайман. Болаликдан 2-гуруҳ ногирониман. Озодлик радиосини ўзимнинг энг яқин ëрдамчим деб биламан, жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Мен бугунги ҳаëтимдан розиман. “Элим деб, юртим деб улуғ зиëрат сари”, деб номланган Ўзбекистонда биринчи ногиронлар хайрия марафонини Қирғизистон билан чегарадош Хонободдан бошлаган эдим. Ўша ердан старт олиб, ногиронлик аравасида ўғлим билан босиб ўтишга муваффақ бўлдик.

Озодлик: Қаердан қаергача?

- Андижон бвилоятининг Хонобод шаҳридан Тошкент шаҳригача. Биз жами 750 километрни босиб ўтишни мақсад қилган эдик. Водий бўйича 500 километрни босиб ўтдик.

Озодлик: Марафонда сиз билан кимлар қатнашди?

- Битта ўзим ўғлим билан. Германияда ишлаб чиқарилган ногиронлар аравасида йўлга чиқдим. Банкда ҳисоб рақамларини очган эдим. Вилоят ҳокимлари Ўзбекистон миллий хавфсизлик идораларига, Бош вазир Мирзиëев номларига, Ўзбекистон президенти аппаратигача бу лойиҳамни тақдим этиб, шу куни шу ергача келиш керак деган мақсад билан мана мен ҳозир Тошкент марказида, мустақиллик майдонининг ëнбошида ўтирибман.

Озодлик: Йўлни неча кунда босиб ўтдингиз?

- 22 кунда.

Озодлик: Йўлда қийинчиликлар бўлмадими?

- Қийинчиликлар албатта бўлди. Бу қийинчилик йўлларни ўзим танлаганим учун ҳам чидашга тайëр эдим. Агар яна 2000-3000 километр масофа бўлган тақдирда ҳам, ўғлим билан босиб ўтишга тайëр эдик.

Озодлик: Аравангиз моторлими ëки қўлда бошқариладиганми?

- Қўлда. Фақат ўғлим судраб, итариб, мана шу Тошкентгача олиб келди.

Озодлик: Йўлда қаерда ëтдингиз?

- Йўлда чўлу биëбонларда, чойхоналарда ëтиб кетишимизга ҳам тўғри келди.

Озодлик: Бундай сафарга сизни нима мажбур қилди?

- Мен дунëга келибманки, ҳар қадамда ногиронлик азиятини ҳис этаман. Аммо ҳукуматдан ҳеч қандай талабим йўқ. Нафақамни оширинглар, имтиëз қилиб беринглар, деб шу пайтгача айтмаганман, айтмайман ҳам. Мана кундан кунга Ўзбекистонимизнинг равнақи ошиб, бунëдкорлик ишлари амалга ошиб бораяпти. Мана 19 йиллик тўйга тайëргарлик кўрилаяпти. Тўйга тўëна. “Элим деб, юртим деб ëниб яшайлик”, деган шиорни ҳар қадамда кўрамиз. Мен элим деб, юртим деб ëниб яшашга аҳд қилдимда.

Озодлик: Ҳозир қаерда ўтирибсиз?

- Президент аппаратининг ëнида.

Озодлик: Нимага у ерда ўтирибсиз?

- Чунки биз финишга етиб келдикда. Марафонимиз сўнггида юртбошимиз билан кўришиб Худо хоҳласа, дийдорлашиб, айтганимдай ўзим 1000 долларга кумушдан ясатган рамзий Амир Темур тожи, қилич ва қалқонини байрам арафасида “Мана сизга отагинам”, деб лойиҳам мақсади мени шу ерга етаклаб келди. Бошқа ҳеч нарса сўрамайман.

Озодлик: Президент девонидан кимдир чиқдими олдингизга?

- Президент деворидан деярли эътибор йўқ,- дейди Мавлонхон ака.


Ўзбеклар учун баҳонинг баҳоси 100 доллар


Ўшдан телефон қилган ва ўз исмини айтишни истамаган суҳбатдошимиз Қирғизистон жанубида ўзбекларни камситиш давом этаётгани, хусусан, бундай муносабат олийгоҳларда ўқийдиган ўзбек талабаларига нисбатан ҳам бўлаётгани ҳақда гапиради.

- Қизим мединститутда ўқийди. Ҳозир миллатчилик қилиб бизнинг ўзбек қизларимиздан пул сўрашаяпти. Ҳар бир баҳосига 100 доллардан сўраяпти. Қирғизларга шундай тўрт ëки беш қўйиб чиқариб юбораяпти экан. Жуда қийин бўлиб қолди ҳозир. Шунга ҳозир нима қилишга бошимиз қотиб қолди.

Озодлик: Қайси университетда ўқийди қизингиз?

- Ўш давлат университетининг медицина факултетида. Ҳозир 1 курсни битираяпти.

Озодлик: Қизингизнинг ўзи билан гаплашсак бўладими?

- Қизим биланми?

Озодлик: Ҳа.

- Ҳозир йўқда у. Бошқа ерда эди. Бу аниқ. Бошқалари ҳам айтиб келаяпти. Мана бизнинг қўшнимизнинг ҳам боласи 5 курсни битираяпти. Унга ҳам қўймасдан чиқариб юборипти. “Бор, чиқ йўқол. Сартларга йўқ”, дебди. Шунақа гаплар борда. Нима қилишни билмасдан ҳайронмиз. Ўзбекистонга ўтказайлик десак, у ерда ҳам катта қийинчилик экан. Ë прописка қилмас экан, ë қабул қилмас экан. Россияга юборайлик десак, иложимиз йўқ бўлаяпти. Узоқ. Болаларга келажак йўқ бўлиб қолдида,- дейди ўшлик суҳбатдош.


Ўзбек почтасида уят қолмабди

Ўзини Севара деб таништирган мухлисимиз электрон почта орқали Озодликка юборган хатини ўқиб эшиттиришимизни сўрабди.

“Мен 5 йилдан бери Истанбулда бир хонадонда ишлайман. Ишим яхши. Ўтган йиллар ичида баъзан ўзимни кийимларим, баъзан болаларимга совға-саломлар жўнатдим. Ҳар гал 20 килограммдан жўнатган посилкаларим уйга боргунча 10-8 килограмм бўлиб боради. Туркиядан текширтирдим. Булар Ўзбекистонда очилаётганини айтишди. Почта ходимлари уялмасдан ҳаммасининг ичини очиб, бирма-бир ҳатто уят бўлса ҳам ички кийимларимгача олиб қўйишяпти. Ўзи Ўзбекистонда ҳақиқат борми? Давлат почтасида ҳам талон-тарожлик. Мен қутида жўнатсам, салафан пакетларда келар экан. Дардимни кимга айтишни билмайман”, дея мактуб якулабди Истанбулдан Севара.


Сени ватан кутади?

Россиянинг Калуга шаҳрида мардикорлик қилаётган 50 яшар қорақалпоғистонлик Неъматжон ака ишлагани келган ҳамюртларининг Россияда турли жиноятларга аралашиб қолаётганидан куюнади.

- Менинг ëшим 50га яқинлашиб қолди. Ўзбекларимиз Россияда жиноятчиликка аралашиб қолаяпти, алданиб қолаяпти. Алданганидан жиноятга қўл уришга мажбур бўлишади. Ўртадаги даллол йигитлар борку, ўзимизнинг ўзбек йигитлар, учар йигитларда булар. Ўзимизники ўзимизга панд бериб кетади. Менинг фикрим укаларимиз арзимаган бир телефон ëки егулик деб жиноятларга қўл уришмасин. Беш минутлик ҳайвоний ҳирсини қондириш учун рус аëлини зўрламасинлар.

Май ойида келдим мен. 100 одам келаяпмиз поездда. Астраханда бошқа поездга пересадка қилиш учун кутиб ўтирдик. Биттаси “Қул бўлиб сотилдим. Кета олмаяпман”, деб ўтирган экан. Биз 100 киши пул йиғиб, поездга миндириб, проводникка топшириб жўнатиб юбордик. Шунинг учун укалар унга-бунга ишонманглар, алданманглар. Менинг бир шеърим бор. Шуни айтиб берсам.

Уй-жой, тирикчилик дардида, бола-чақам деб,
Ўзга юртда ўзгаларга қул бўлма сен ўзбегим,
Юборганига пушаймонлар еб,
Келинлари¸ хотинлари тул бўлма сен ўзбегим.

Огоҳ бўлинг йигитлар йўлингизда фирибгар¸
Ишонманг сиз у айтган ëлғон мақтов¸ ваъдага¸
У фирибгар мўмай пул ваъда қилса гар агар¸
Тўрин ташлади мен каби гўл¸ анқовга.

Россиянинг совуқ ўрмонларида¸
Қирчиллама қишларни биз қишладик¸
Иш топсак жой тополмай¸ жой топсак ишсиз қолиб¸
Не бир қаро ишларда қуллар каби ишладик.

Худойим сен бизларга кўрсатма яна хўрлик¸
Мен каби йигитларнинг қанотини қайирма¸
Майлики бўлсин дашт¸ чўл¸ майли у бўлсин шўрлик¸
Яратган эгам мени ўз юртимдан айирма.

Мен кириб келаëтган мустақиллик байрами билан озодликннг ашаддий мухлисларини¸ яқинларимни¸ қўшниларимни¸ Озодликнинг ашаддий мухлислари Шокир укам, Отахон, Мирзаларни табриклайман. Қолаверса, яқинлашиб келаëтган Ҳайит билан табриклайман. Россияда юрган ўзбек йигитларини “Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди, билиб қўйки сени ватан кутади” деб Ғафур Ғулом айтганидай уларни ватан, уйда ота-онаси, суйган ëрлари, рафиқалари кутиб ëтибди. Эсон-омон боришларини тилайман мен,- дейди қорақалпоғистонлик Неъматжон ака.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG