Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:06

Қирғизистон: 28 миллиардга юпқалашган ҳамён


Иқтисодий бўҳрон Роза Ўтунбаева ҳукуматини "аввал иқтисод, кейин сиёсат" қабилида иш тутишга мажбур қилмоқда.
Иқтисодий бўҳрон Роза Ўтунбаева ҳукуматини "аввал иқтисод, кейин сиёсат" қабилида иш тутишга мажбур қилмоқда.

Ўш воқелари Қирғизистон давлат ҳамёнининг юпқалашишига сабаб бўлди. Давлат ҳазинасини тўлдириш таъма қилинаётган донор давлатлар ваъда қилган пуллар ҳали-бери келмайдиган кўринади. Бу вазиятда Қирғизистондаги инфляция 12,5 фоиздан ошиб кетиши, мамлакатнинг шундоқ ҳам заиф иқтисоди эса, таназуллга юз тутиши мумкин.


Қирғизистон Молия вазири Чўрабек Имашев давлат бюджети кундан-кунга юпқалашиб бормоқда, уни тўлдириш учун эса имконият йўқ, дея баён қилди.

- Бюджет камомади 28 миллиард сўмга етди. Бу умумий харажатларнинг 32 фоизини ташкил қилади. Харажатлар миқдори Қирғизистон тарихида мисли кўрилмаган даражага кўтарилди ва ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 42 фоизига тенг бўлди,- деди Чўрабек Имашев.

Молия вазирининг айтишича, бундай ташвишли ҳолат Ўш воқеалари оқибатида юзага келган. Мамлакат жанубидаги қирғинни бартараф этиш, унинг оқибатларини тугатиш ва барқарорлик ўрнатиш учун бюджетдан қарийб 13 миллиард сўм қўшимча чиқим талаб қилинган.

Бунинг устига қирғиз сўмининг қадрсизланиши ҳамда нарх-навонинг кўтарилиши инфляция даражасининг кутилганидан кўп бўлишига сабаб бўлаётир.

- Йил охиригача нон маҳсулотлари нархининг 20 фоизга қимматлаши кутилаяпти. Натижада инфляция даражаси кутилганидек 9 фоизни эмас, 12,5 фоизни ташкил қилади. Бу эса иқтисодни янада мураккаб аҳволга солиб қўяди,- деди Қирғизистон Иқтисодиёт вазири Эмил Уметалиев.

Қирғизистон ҳукумати бундай вазиятда маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирларини ўйламоқда. Масалан, президент Роза Ўтунбаева 27 август куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда “Бизнесни қўллаб-қувватлаш масаласида ҳукумат қарор қабул қилиши биланоқ "демократия" тугайди. Қарорларни охиригача қатъийлик билан ижро этамиз”, деб баёнот берди.

Лекин апрел ойида Бишкекда, июн ойида эса Қирғизистон жанубида таланиб-туналган, ҳукумат тузилмаларининг ноқонуний ҳаракатлари туфайли фаолияти тўхтаб қолган иқтисодиётни қайта жонлантириш узоқ муддатли вазифадир, демоқда мутахассислар. Пул эса бугун керак. Чунки Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ишлари тўхтаб қолса, минглаб одамлар қишда бошпанасиз қолиши, бунинг устига озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкин.

Қирғизистон ҳукумати бундай вазиятдан чиқиш учун Бакиев ҳукмронлиги даврида Россиядан олинган 300 миллион долларлик кредитнинг қолдиқларини сарфлашни режаламоқда. Бироқ Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Ақилбек Жапаров ҳукуматнинг бундай ҳаракати ноқонуний бўлади ва Россия-Қирғизистон алоқаларини совутиши мумкин, деб ҳисоблайди:

- Негаки Россия 300 миллион долларни иқтисодни ривожлантириш, асосан қирғиз-рус қўшма корхоналари фаолиятини қўллаш, бу корхоналарнинг маҳсулотларини Россияга олиб чиқиб, сотиш ва фойда кўриш мақсадида берган эди,- дейди Ақилбек Жапаров.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати бюджет тешигини донорлардан кутилаётган ёрдам эвазига ямашни режалаётган эди. Бироқ “Розанинг инқилоби” деб аталаётган апрелдаги давлат тўнтаришидан сўнг Қирғизистонга 1 миллиард доллар кўмак кўрсатишни ваъда қилган донор давлатлар маблағ беришни пайсалга солиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG