Линклар

"Мана сизга отагинам!"

  • Ҳурмат Бобожон

Мавлонхон Тўраев ўғли Носирхон билан президентга тож кийдираман, деб 500 километрлик йўлни ногиронлик аравасида яов босиб ўтди.

Мавлонхон Тўраев ўғли Носирхон билан президентга тож кийдираман, деб 500 километрлик йўлни ногиронлик аравасида яов босиб ўтди.

"Элим деб, юртим деб" марафони ташкилотчиси наманганлик 2-гуруҳ ногирони Мавлонхон Тўраев ва тадбирнинг яна бир иштирокичиси Носирхон Мавлонхон ўғли 500 километрлик йўлни босиб ўтдилар, лекин марафоннинг пировард мақсади - президент Каримовга тож кийгизиш маросимини охирига етказа олмасдан ортга қайтдилар.


Наманганлик Мавлонхон ака 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, “Элим деб, юртим деб”, ўз чўнтагидан 1000 доллар сарфлаб, президент учун тож ясатиб, ногиронлар аравасида Тошкентгача борди.

Наманганлик 38 яшар Мавлонхон Тўраев ўзи ясаттирган олти килограммлик кумуш тожни президентга кийдираман деб, ногиронлар аравасида Фарғона водийсидан Тошкентгача борди.

- Юртбошимиз билан кўришиб, Худо хоҳласа, дийдорлашиш ниятида рамзий Амир Темур тожи, қилич ва қолқони, 1000 доллар қийматда, кумушдан ўзим ясатган эдим. Шу нарсани байрам арафасида, “мана сизга отагинам”, деб туриб шахсан кийгизиш ният бор эди,- дейди Мавлонхон ака.

Наманганлик 2-гуруҳ ногирони Тошкентгача бўлган 500 километрлик масофани ўғли билан 24 кун давомида босиб ўтганини айтади.

- Битта ўзим ўғлим билан Германияда ишлаб чиқарилган ногиронлар аравасида мана шу ергача келдик. Андижон, Фарғона, Наманган оралаб, Буюк ипак йўли бўйлаб ўғлим судраб, итариб Тошкентгача олиб келди. Йўлда чойхоналарда, хонадонларда тунашга тўғри келди. Тошкент марказидаги Мустақиллик майдони ён бошида ўтирибман ҳозир.

Туғма ногирон Мавлонхон Тўраев Тошкентга келиши билан Ислом Каримовга тож кийдираман деб, тўғри президент девонига борди.

Президент учун аталган тож 2-гуруҳ ногирони Мавлонхон акага 1000 АҚШ долларига тушди.
- Президент девонидан ҳозир деярли эътибор йўқ. Ҳатто ўша тожни ҳам олиб кирдим. Эргашев исмли акамизга олиб кирдим. "Мана шу нарсани олиб келдим. Баркамол авлод йили деб эълон қилдилар юртбошимиз. Мана шу ўғлим баркамоллигини синаб мана шунча масофани пиёда, яъни мени аравада итарган ҳолда шу жойгача келди. Юртбошимизга болам шуни туҳфа қилса" девдим, улар "Совғани бизга қолдиринг. Биз ўзимиз бериб қўямиз", деган гапни айтишди. Қолдирганим йўқ. Бу ариза билан қолдириладиган нарса эмас-да. "Бу "Элим деб, юртим деб", дея номланган лойиҳа асосида 24 кун муддат ичида марафон натижасида келган нарса. Шуни биз ўзимиз, фарзандимиз билан беришни мақсад қилган эдик" деб уларга бермадим. Тожни ўзим билан олиб кетдим.

Оғирлиги сал кам олти кило келадиган тожни Мавлонхон ака андижонлик усталарга ясаттирди, чўнтагидан 1000 доллар сарфлади.

- Андижонлик қўли усталар мўлжаллаб, ўзлари ўлчамларини тахминий олиб ясаб беришган эди. Кумушдан, феруза, ёқут тошларидан фойдаланди усталар. Жуда бир катта кўтаринкилик билан, хурсандчилик билан буни қилишди. Чунки бу водий аҳли тарафидан ясалган асарда.

Ногирон отасини 24 кун давомида ногиронлик аравасида пиёда итариб Намангандан Тошкентгача олиб келган 14 яшар Носирхон ҳам йўлда кўп машаққатларни бошдан кечирганини айтади.

- Дадамни аравада шу ергача судраб олиб келдим. Йўлни босиб ўтиш қийин бўлди. Ҳар бир туманда қолиб, дуч келган хонадонларда қолишга тўғри келди,- дейди Носирхон.

Тошкентгача бўлган 500 километрлик масофани пиёда босиб ўтган ота-ўғил энди президентга аталган тожни ўзлари билан қайтариб олиб кетишларига тўғри келяпти.

- Совға билан қайтаманда энди. Қайтсам, ҳамқишлоқларим нима деб ўйлайди. “Мана сиз мақтаган ҳукумат. Киролмадингизку”, дейишмайдими. Бир йилдан бери ҳаракат қиламан. Мана шу ҳатти-ҳаракатимиз, ғайратимиз, мана йўл-йўлакай 24 кун ичида Тошкентга етиб келган бўлсак, мана шу йўлда кўрган нарсалар, мана шу пойтахтгача бизни олиб келган улуғ мақсад мендан сизга мерос бўлсин, деб келдимку, лекин бу мақсаднинг амалга ошмаслигини ўзим учун, ўғлим учун катта йўқотиш деб биляпман. Ҳозир уйга қайтадиган бўлсам, тўғри касалхонага ётаман. Соғлигим анча ёмонлашди. Ўзимни қайта тикласам, деяпман. Эртага, Оллоҳ насиб этса қайтсак, эсон-омон етиб олсак, тўғри шифохонада даволанамиз.

Наманганлик Мавлонхон ака давлатдан оладиган ногиронлик нафақаси анча камтар бўлишига қарамай ҳаётидан нолимайди.

- Ойига 74 минг сўм нафақа олсам ҳам, мен ҳеч қачон нолимайман. Беш нафар фарзандим бўлса, 74 минг нафақа менга насиб қилиб белгиланган бўлса, мен шунга шукур қиламан. Бундан ташқари фарзандларимга пул оламан. Етқизаман, етмаган жойига мана шу 14 яшар ўғлим билан ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланаманда. Мана шу фарзандим билан буюртмалар асосида хонадонларга стенкалар қиламиз, стол-стуллар ясаб берамиз. Ногиронман деб ётиб қолмаслик керак. Ҳар қандай инсон ҳаракат қилса, насибасини топади,- дейди президентни "хон" даражасига кўтариш нияти амалга ошмай қолган Мавлонхон Тўраев.

“Ҳойнаҳой Ислом Каримовнинг менинг туҳфамдан хабари йўқ бўлса керак. Билганда хурсанд бўлар эди, деган ўйда энди Мавлонхон ака қўлида президентга аталган тожни кўтариб уйига қайтмоқда.

Йўл-йўлакай унинг ёдига Эркин Воҳидовнинг:
"Тожу тахт ташбеҳидан кўҳна деб кулсанг нетай,
Сен ахир шоҳу жаҳоним, мен қулингман, не илож", деган сатрлари тушган бўлса ажабмас.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
ozodlikmail@gmail.com
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG