Линклар

"Каримовнинг байрамга совғаси шуми?"

  • Садриддин Ашур

Мустақилликнинг 19 йиллиги арафасида сариқамишлик ўнлаб кўп фарзандли оилаларнинг уйлари тракторлар билан бузиб ташланди.

Мустақилликнинг 19 йиллиги арафасида сариқамишлик ўнлаб кўп фарзандли оилаларнинг уйлари тракторлар билан бузиб ташланди.

Сурхондарё вилояти, Шеробод туманининг Сариқамиш қишлоғидаги уйлари бузилган кўп болали аёллар, ана шу саволни айтиб йиғламоқда. Мелисалар уйларидан судраб чиқиб, чордеворлари тракторлар билан йиқилган бу аёллар маҳаллий ҳукумат уларга ер бермагани боис, ерни ўзбошимча эгаллаб, уй қурганларини тан олади.


23 август кунидан бошлаб Сурхондарё вилояти, Шеробод туманининг Сариқамиш қишлоғидаги янги қурилган ўнлаб уйларга трактор солина бошлади. Ўз уйларини ҳимоя қилган аёллар ва болаларни судраб олиб чиқишга милиция отряди ташланди.

Сариқамишлик 60 ёшли Интизор Одилова уйи бузилганлардан бири.

- Бизнинг ҳокимимиз умуман дардимизни тингламаяпти. Шунга мен (шу ерда суҳбатдошимиз ўзини тута олмай йиғлаб юборди) президентимизга чиқмоқчи эдим. Ҳеч иложим бўлмаяпти менинг. Мени ҳеч ким тингламаяпти. Олти нафар фарзандим бор. Ўзим беваман. Ҳеч ким аҳволимни тушунмайди. Катта ўғлим олти нафар фарзанди билан ҳозиргача менинг қарамоғимда яшайди. Шунга сиқилиб кетдим мен. Нима қилишимни билмайман. Қилган уйимни бузиб ташлади. Мана уйимнинг атрофида йиғлаб юрибман мен. Ўғлим учун мана шу ердан уй қилган эдим олдин чиққан қарор бўйича. Ҳозир мен уйимнинг олдида ўтирибман. Ўғлимга солиб берган уйимни ҳокимнинг буйруғи билан яксон қилиб ташлади. Мен ëлғиз она бўлиб уч-тўрт миллионга қилган эдим,- дейди 6 фарзанднинг онаси Интизор Одилова.

Узоқ йиллар ўқитувчилик қилиб нафақага чиққан Интизор опа ўзи ва бошқа кўп болали оналар йиллар давомида ҳокимиятга томорқа учун ер бериш ҳақида ариза ёзгани, лекин ҳеч ким уларнинг дардига қулоқ солмагани боис ўзбошимча ерларни эгаллаб олишга мажбур бўлишганини айтади:

- Мен “нима қилар экан энди” дедим. Мени хонасига киритмаса, хатимга жавоб ëзмаса, дедимда ўзбошимчалик қилиб уй қурдим. Мен билан ëнимда тўққизта қаҳрамон оналар бор. Ҳаммасининг 6-7-8 тадан фарзанди бор. Улар ҳам қурди. Бошлаганимиздан кейин огоҳлантирса, бўлардику ноқонуний ҳолат бўлса агар. Уйимиз битиб, фарзандларимиз уйга кириб, невараларимиз чой қўйиб, овқат қилиб энди яшаëтган бир вақтда оперативний группа келаяптида, биз қаршилик кўрсатсак бизни уриб, тан жароҳатлари етказиб, ҳаммамиз ҳушимиздан кетиб қолдик. “Сен бошловчисан”, деб мени яланг оëқ ва бош яланг ҳолатда милицияга қамаб қўйди.

Уйи бузилган яна бир сариқамишлик онахон Гулчеҳра Ашурованинг саккиз нафар фарзанди бор:

- Мен Ашурова Гулчеҳраман. (йиғлаб) Бир қизим эрдан қайтиб келган. Уй-жойи йўқ куëвим ҳам уйимда. Шунақа қийналиб кетдим. Кунимизни кўкка совурди. Хор-зор қилиб ташлади. Байрам олди Каримовнинг совғаси шуми,- дейди уйсиз қолган Гулчеҳра Ашурова.

Яна бир онахон Турдихол Норбоеванинг айтишича, унга милиция ходимлари қаттиқ азоб берган:

- Мени шундай қилди. Уйнинг ичига кириб, “Мен ўлайин майли. Менинг жойимни бузадиган бўлса, шунча пулим кетди. Ўзимнинг ўлишга ҳаққим бордир” десам, тўртта милиция “Онангни фалон қилай”, деб судраб чиқиб, Зафар деган бола мени ëтқизиб олиб, иккита милиция оëғимни босиб турибди, Зафар дегани жигар тарафимга тизза билан ўтириб олди. Мен ўтимни олдирган аëлман. Операция бўлганман. Ўзимнинг еттита фарзандим бор. Келинлар бор, куëвлар бор, 10та неварам бор, оëқ-қўли синиб қолган ногирон чолим бор. Нима қилишни ҳам билмайман. Мен тушунмай қолдим бундай хўрликка,- дейди Турдихол Норбоева.

Сариқамишлик навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам кўп болали онахонлардан бири Собира Намозова:

- Менинг еттита ўғлим бор. Иккита ота-онасиз фарзандларим бор. Етим улар. Мендан бошқа ҳеч кими йўқ уларнинг. Мен ҳам давление бўлиб қолдим. Шуларга бир томорқача олиб бир хона уй қилган эдим. Деворнинг тагида қолиб кетди бешиклари билан. Иккита сағирнинг йиғлаганига милицияларнинг ўзи йиғлади, прокурорларнинг ўзи йиғлади. “Уйимизни энди топдик. Чиқмаймиз”, деган иккита сағирни судраб расвосини чиқарди. Иккови ҳам қиз бола. Бири 9-синфни битирди, бири 9-синфа ўқийди. Икковининг ҳам борадиган уйи йўқ. Мен нима қилишим керак? Еттита ўғлим, бешта келиним бор. Сиғдирмайди болаларимни. Невараларимни сиғдирмайди. Тутнинг орасига кичкинагина катакча солиб турган эдим. Кеча келсам, Жалол деган фермер Ҳайитали деган тракторчи билан трактор солиб, томимни майдалабди. Ҳозир келсам, 60га кирган эрим йиғлаб ўтирибди,- дейди Собира Намозова.

Бу кўп фарзандли аёллар давлат ерини ноқонуний ўзлаштириб олганликларини тан оладилар. Бироқ улар бу ишга яхши ҳаётдан эмас, балки иложсизликдан қўл урдилар. Маҳаллий ҳоким ва амалдорлар уларнинг муаммоларига эътиборсиз қолаётганликларидан куйинадилар.

Шеробод тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Баҳодир Эргашев улар қурган уйларни бузиш қонун доирасида амалга оширилганини айтади:

- Ҳеч қандай туман ҳокимининг қарорисиз, қўлида ҳужжатларсиз пахта, ғалла экиладиган, суғориладиган майдондан бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан, ўзбошимчалик билан уй қуриб, ернинг структурасини бузиб ташлаган булар.

Кадастр бўлими бошлиғига кўра, бу опахонларнинг анчасига ер берилган:

- Бу опалар, Одилова Интизорга ҳам таклиф қилинган, бошқасига ҳам таклиф қилинган. Ўша сиз гаплашган опаларнинг тўртта-бештасини иккита қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонидан ер берилган. Уларнинг биттадан эмас, иккитадан ери бор,- дейди Шеробод тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Баҳодир Эргашев.

У ер олган опахонлар орасида Тўрабоева ва Турдихол опа деган исмларни келтирди.

Ажабо, ери бор бўлса бу опалар яна нима учун давлат ерини ўзбошимча босиб олишдийкин, деган ўй билан яна опахонларга сим қоқдик. Кадастр бўлими бошлиғи тилга олган Турдихол опани сўрадик. У киши Баҳодир Эргашевнинг гапларига бундай жавоб берди:

- Берган ери деҳқон хўжалиги деб берган. Том соламан десам, том солдирмайди унга. Иккита боласи бор бева қизимга бўлса президентга ëзиб ер олган эди. Ҳайитов Рашид ака келиб 10 сотих ерни бериб кетган эди. У високоволтнинг тагига тушган. Кадастрлар келиб “бузасан бу уйни” деяпти. Биз бу уйни ит азобида қурганмиз. Энди улар ҳам ўзларини оқлаш керакку. Қувган ҳам Худо дейди, қочган ҳам. Шундай бўлаяптида,- дейди Турдихол опа.

Хўш, Шерободда сўнгги ўн йиллар давомида аҳолининг томорқага бўлган эҳтиёжи тобора ошиб борар экан, уларнинг ер олиш ҳақидаги аризалари қанчалик қондириляпти, деб сўраймиз Баҳодир Эргашевдан:

- Энди сиз яхши биласиз Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йилдаги қарори бор. 272-сонли қарор чиққанку. 2008 йил январ ойидан бошлаб ер бериш ким ошди савдоси орқали берилади дейилган.

Озодлик: Сиз ер фақат ким ошди савдосига қўйилиб берилади деяпсиз. Хўш, унда кам таъминланган оилаларнинг аҳволи нима бўлади?

- Энди мен Вазирлар Маҳкамасининг қарорини буза олмайманку. Мен уни ўзгартира олмайман, обсуждат ҳам қила олмайман,- дейди Баҳодир Эргашев.

Уйлари бузилган онахонларнинг айтишларича, Шерободда ҳоким ва бошқа катта амалдорларнинг қариндошлари ва пули бор одамлар учун ер бериляпти, бироқ бир умр далада кетмон чопган ёки ўқитувчилик қилган камбағал оилаларнинг уй-жой муаммосига қарайдиган одамнинг ўзи йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG