Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Байрам арафасида сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши сўралди


"ACAT-France" 2008 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилиш лойиҳасини амалга ошириб келади.
"ACAT-France" 2008 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилиш лойиҳасини амалга ошириб келади.

Маркази Францияда жойлашган "ACAT-France - Насронийлар қийноқларга қарши" номли ташкилот Ўзбекистон мустақиллиги куни арафасида президент Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон қамоқларидаги 18 нафар сиёсий маҳбусни озодликка чиқаришни сўради.


- Ҳар йили 1 сентябр куни нишонланадиган мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон ҳукумати кўплаб маҳбусларни озодликка чиқаради. Шу сабабдан бугун "ACAT-France" Ўзбекистон президенти номига очиқ хат билан мурожаат қилиб, 18 нафар маҳбусни озод этишга чақиряпти,- деб таъкидлади ташкилотнинг Осиё мамлакатлари бўйича лойиҳаси раҳбари Кристин Ларок.

Озодликка чиқарилиши сўралаётган виждон маҳбуслари орасида журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад ва Рашид Бекжон, Дилмурод Саййид, ёзувчи ва шоирлар Мамадали Маҳмудов, Юсуф Жума, инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаоллари Ҳабибулла Оқпўлатов, Руҳиддин Фахруддинов, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Норбой Холжигитов, Абдурасул Худойназаров, Нозим Исоқов, Мурод Жўраев, Алишер Кароматов, Фарҳод Мухторов, Зафаржон Раҳимов ва Аъзам Турғуновларнинг номлари келтирилган.

- Бу маҳбусларнинг барчаси сохта ва ясама айблар билан оғир жазоларга маҳкум этилган. Улар устидан маҳкамалар яширин ва адолатсиз тарзда ўтказилган. Биз қамоқхоналарда азоб чекаётган бу бегуноҳ маҳбуслар тақдиридан жуда хавотирдамиз. Уларнинг бирортаси ҳали амнистияга тушмаган ва айримларининг соғлиги ёмонлашган, тиббий ёрдамга муҳтож,- дейди Кристин Ларок.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни азоблаш ва қийноққа солиш ҳоллари ҳали ҳам давом этмоқда.

- Нафақат маҳбуслар, балки уларнинг яқинлари ва оила аъзолари ҳам бундай азобларга дучор бўляптилар,- дейди Ларок хоним.

2008 йилдан бери "ACAT-France" Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилиш лойиҳасини амалга ошириб келади.

- Tашкилотимиз ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги маҳбусларнинг оила аъзоларига хат жўнатиб, уларга руҳий далда беришга ҳаракат қилади. Шунингдек, қамоқхона ходимлари ва маҳаллий ҳокимиятларга ҳам мактублар жўнатиб, уларни маҳбуслар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга даъват қилади,- дейди "ACAT-France" ташкилотининг Осиё мамлакатлари бўйича лойиҳаси раҳбари Кристин Ларок.
XS
SM
MD
LG