Линклар

Россия муфтийлар Кенгашининг қарорига кўра, жорий йилнинг 24 октябрида Москвада XI Халқаро Қуръон хофизлари танлови бўлиб ўтади. Ташкилотчилар 2 йилдан буён мусобақада иштирок этмаётган ўзбекистонлик Қуръон қироатчилари бу йил ҳам ташриф буюрмаслигидан афсусда эканини билдирмоқда.

2010 йилнинг 24 октябрида Москванинг “Космос” меҳмонхонаси концерт залида анъанага айланган ва йилдан йилга нуфузи ошиб бораётган XI Халқаро Қуръон хофизлари танлови бўлиб ўтади. Мусобақа Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равил Ғайнуддин раҳбарлиги ва Ислом конференцияси ташкилоти Бош котиби Экмаледдин Ихсаноғлунинг кўмагида ўтказилиши режалаштирилган.

Танлов шартлари ва тартиби ҳақида Озодликка гапирган Россия мусулмонлар Бош бошқармаси вакили Мадина Калимуллина, ҳар бир мамлакатдан бир ёки иккита иштирокчи келишини билдирди. Унга кўра танловда 40 мамлакат хофизлари иштирок этади:

- Ҳар бир мамлакатдан 1 ёки 2 вакил иштирок этаётгани боис танловда қатнашчилари сони чегараланган. 23 октябрда танлов мусобақалари бошланади, 24 октябр куни эса финал баҳслари бўлиб ўтади. Финалда 20 нафар энг яхши хофиз танлаб олинади ва улардан 1 нафаригина ғолиб деб эълон қилинади.

Танловда иштирок этиш учун ҳар бир мамлакат ўзида ўтказилган танлов ғолибларини жўнатади. Биласиз-ку, мусулмон давлатларида Қуръон қироати мутахассислари махсус тайёрланади, ҳар бир мамлакатда ўзининг мусобақалари ўтказилади. Сўнгги йилларда танловимизга Европа мамлакатларида яшаётган хофизларнинг қизиқиши ҳам ортмоқда. Европада мусулмонлар жамоалари кам сонли бўлганлиги учун у ердан келаётган хофизлар фақат бирор масжид ёки жамоанинг махсус ваколатномаси асосида иштирок этади,- дейди танлов ташкилотчиларидан Мадина Калимуллина.

Ўтган йилги Халқаро мусобақада ташкилотчилар 2 йўналиш бўйича танлов уюштирган: чиройли қироат мусобақасида туркиялик Бунямин Топчуоғлу, Қуръонни ёддан билиш танловида эса тожикистонлик Сиратулло Раупов ғолиб деб топилди.

Калимуллина хонимнинг маълумот беришича, ўтган йилгидан фарқли ўлароқ бу йилги мусобақада хофизлардан Қуръони Каримни ёддан билиш талаб этилмайди ва фақатгина чиройли қироат қилиш бўйича танлов уюштирилади:

- Мусобақамиз 11 - маротаба уюштирилишига қарамасдан, халқаро миқёсда у 4 маротабагина ўтказилади. "Космос" концерт залида уюштирилажак мусобақанинг асосий мақсади инсонларни Ислом маданияти ва анъаналари билан таништириш, гўзаллик дўнёсига жалб қилиш, қироат санъати орқали Қуръонниг мазмун-моҳиятини англаб етишга имконият беришдир. Эшиклари барча учун очиқ бўлган концерт залига ташриф буюрган мухлислар учун ҳар бир ўқилаётган суранинг русча таржимаси катта экранда акс этиб туради, - деди Россия мусулмонлари бош бошқармаси вакили Мадина Калимуллина

Маълумотларга кўра, Россиянинг энг йирик Қуръон қироати мусобақасида сўнгги йиларда ўзбекистонлик хофизлар иштирок этмаётир. Бунинг сабабларига тўхталган Россия Муфтийлар кенгаши ҳамраиси Нафиғулла Аширов, ўзбекистонлик қироат усталари иштирок этмаётганидан афсусда эканини билдирди:

- Ўзбекистонлик хофизлар бу мусобақада албатта иштирок этиши зарур. Ахир азалдан айнан Ўзбекистон ва Тожикистон қироатчилари постсовет минтақасида энг кучлилар қаторида саналган. Ўзбек Қуръон қироати мактаби ўзининг юқори савияли мутахассислари билан дунёга машҳур десам хато қилмайман.

Нима учун сўнгги йилларда иштирок этмаётганлари масаласига келсак, ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Вақтида ариза топширилмаётгандир, сиёсий сабабларга кўра бўлиши мумкин... Афсуски, охирги йилларда Ўзбекистон муфтияти билан алоқаларимизни қониқарли деб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, бизнинг мусобақада ўз кучи ва билимига ишонган ҳар қандай инсон иштирок этиши мумкин. Агар унинг қироати ҳакамлар томонидан аъло деб топилса, унга мусобақада иштирок этиш ҳуқуқи берилади,- деди Россия Муфтийлар кенгаши ҳамраиси Нафиғулла Аширов.

Биринчи Бутунроссия қорилар ва хофизлар мусобақаси 2000 йилда ўтказилган ва унда асосан Москва мадрасалари талабалари иштирок этган. 2003 йилда мусобақа минтақавий босқичга чиққан. 2005 йилдан Бутунроссия мақомини олган хофизлар мусобақасида, қорилар ҳам иштирок эта бошлади. 2007 йилдан буён Россия Муфтийлар кенгаши қарори билан мусобақа халқаро даражага кўтарилди.

2007 йилдан буён Россияда аёллар ўртасида ҳам қироат мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG