Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:55

Россияда муҳтамал буюртма қотиллик уюштирувчиси ушланди


Тожикистон Бош прокурори ўринбосари Толиб Бобоевнинг қотилларидан бири, неча йиллардан буён яшириниб юрган Низомхон Жўраев Москва шаҳрида ҳибсга олинди.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Москва шаҳрининг Хамовники тумани ички ишлар вакиллари Низомхон Жўраевни ҳибсга олишган. Айни пайтда икки мамлакат куч ишлатар тизимлари уни экстрадиция қилиш масаласини ҳал қилган ва яқин кунлар ичида Низомхон Жўраев Тожикистонга олиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон бош прокурори ўринбосари Толиб Бобоев 1999 йилда истеъфога чиққанидан сўнг Сўғд вилоятининг Чкалов шаҳридаги уйи яқинида отиб кетилган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мулозими Ражабали Маҳмадалиевнинг айтишича, бундан олдин Толиб Бобоевнинг қотиллари деб гумон қилинган икки шахс – Душанбе шаҳрида яшовчи Жаббор Бекназаров ва Дониёр Одиловлар Россия худудида қўлга олиниб, Тожикистонга олиб келинган эди.

- Ўтказилган тергов суриштирув ишлари натижасида Исфара кимё ва спирт заводи директори Низомхон Жўраев ва вилоят божхона қўмитаси собиқ ходими Али Бекназаровнинг бевосита раҳбарлигида мазкур жиноятни Жаббор Бекназаров ва Дониёр Одиловлар содир этгани аниқланди. Лекин бу қотилликнининг асосий буюртмачиси Низомхон Жўраев мамалакатдан қочиб кетган эди, деди Ражабали Маҳмадалиев.

Тергов материалларида айтилишича, қотилликка шерик бўлган деярли барча шахслар ушланиб, қора курсига ўтқазилган. Низомхон Жўраев қотилларга “ВАЗ-2107” русумли автомашинаси ва 5 минг доллар миқдорида пул бериб, уларни “Калашников” автомати билан таъминлаган.

Ички ишлар вазирлиги мулозимига кўра, бу жиноий иш, шунингдек, Сўғд вилоят молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ҳам кўриб чиқилган. Зеро, қотилликка буюртма берган шахс - вилоят вакиллар мажлиси депутати, Исфарадаги кимё ва спирт заводлари директори Низомхон Жўраев катта миқдордаги пулни ўзлаштирганликда ҳам айбланган ва Интерпол орқали қидирувга берилганди.

Низомхон Жўраев ва унинг қариндошлари, ҳамкорлари республика Бош прокурорининг собиқ ёрдамчисини ўлдиришда, катта иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланиб,10 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилдилар. Бироқ Жўраевнинг ўзи ўшанда қочиб кетган эди. Бу жиноят юзасидан 33 киши жазога тортилди, қора курсига ўтирганларга берилган умумий жазо 500 йилга яқин муддатни ташкил этди.

Айрим таҳлилчилар фикрича эса бундай қама-қамаларни иқтидордаги расмийлар ўз сиёсий мухолифларидан бирин-кетин қутулиш амалга оширмоқдалар.

- 1995 йилдан то 2002 йилларгача Тожикистонда мансабдор шахсларни Абдумалик Абдуллажоновнинг (собиқ бош вазир – таҳр.) дўстлари, ҳамкорлари ва ҳамфикрлари сифатида айблашга ҳаракат килишарди. Менинг фикримча, Толиб Бобоев ҳам Абдумалик Абдуллажонов билан дўст бўлганлиги, бирга ўтириб турганлиги, ҳаммаслак эканлиги учун ҳам ишдан бўшатилганди. Табиийки, душманлар ҳам пайдо қилган. Шунинг учун ҳам Низомхон Жўраев бу қотилликка бош бўлган экан, деган гапларга шубҳа қиламан. Чунки бугун Тожикистонда ана шундай қўлга олинган бир-икки шахс бўйнига барча жиноятларни қўйишга ҳаракат қилинмоқда, дейди таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Таҳлилчининг айтишича, қарийб уч йилдан буён Россияда эркин юрган Низомхон Жўраев қочқин мақомини олган эди. Бугунги кунда унинг ҳибсга олинганини эса, таҳлилчига кўра, расмий Кремлнинг Имомали Раҳмонга қилган бир туҳфаси, дея баҳолаш мумкин.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистонда фуқаролик уруши ва ундан кейинги йилларда ўнлаб сиёсий котилликлар содир этилди. Жумладан, республика бош прокурори Нурулло Хувайдуллоев, Олий Кенгашнинг собиқ раиси Сафарали Кенжаев, академик Муҳаммад Осимий, “Садои Мардум” парламент газетаси бош муҳаррири Муродулло Шерализода, таниқли журналист Отахон Латифий, “Озодлик” радиосининг Тожикистондаги мухбири Ҳамиджон Ҳакимов сингари таниқли шахслар буюртма қотилликлар қурбони бўлдилар. Гарчи бу қотилликларни содир этганларнинг айримлари қўлга олинган бўлса-да, лекин уларнинг асл буюртмачилари ҳанузгача парда ортида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG