Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

Сенатор Ортиқова: "Амнистия қонун доирасида қўлланилиши кафолатланади"


Ўзбекистон Сенатори Светлана Ортиқова барча маҳбусларнинг ҳуқуқлари тенг ҳимоя қилинишини таъкидлади.
Ўзбекистон Сенатори Светлана Ортиқова барча маҳбусларнинг ҳуқуқлари тенг ҳимоя қилинишини таъкидлади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинди. Ўзбекистон Респуликаси Олий Мажлис Сенати президент Ислом Каримов киритган таклифни 28 август куни муҳокама қилиб, авф этиш ҳақидаги қарорни қабул қилди.


Озодлик мухбири Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова билан суҳбатлашиб, дастлаб амнистия бўйича неча киши озодликка чиқарилиши ҳақида сўради.



- Ҳозир мен мана шу қўмита раиси сифатида “Тахминан қанча чиқади¸ қанча нима бўлади?” деган саволга жавоб бера олмайман. Чунки менда унақа рақам йўқ. Мен сенатор сифатида ва қўмита раиси сифатида айтишим мумкинки¸ мана президентимиз ажойиб байрам мустақиллик эълон қилинганлигининг 19 йиллиги муносабати билан тақдим этган амнистия актини қўллаш ҳақидаги қарорни 28 август куни учинчи ялпи мажлисда Сенат қабул қилган. Бу кун тартибининг биринчи масаласи эди.

Иккинчи масала бу шу актни амалиëтда қайтарзда қўллаш ҳақидаги низом эди ва у ҳам қабул қилинган. Алоҳида тоифалар ҳам белгиланган. Рухсат берсангиз¸ шу тоифаларга тўхталсам.

Демак аëллар¸ жиноятни содир этиш пайтида 18 ëшга тўлмаган шахслар¸ 60 ëшдан ошган эркаклар ҳамда чет эл фуқаролари. Амнистия актига юридик табиатидан қарасангиз¸ ўзи асли номуайян шахслар доирасига қаратилган ҳужжат. Лекин уни қўллашда алоҳида¸ ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда кўрилади.

Яна битта эътиборли жиҳати амнистия акти қарори қабул қилиниши судлар томонидан амалга оширилади. Биласиз¸ Ўзбекистонда ҳокимият бўлиниши бор. Суд ҳокимияти ва бизнинг асосий қонунимизда белгилаб берилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари¸ уларни чеклашларни фақат суд амалга оширишлигини инобатга олиб¸ шу қарорда ҳам белгиланганки¸ фақат суд амнистия актини қўллайди. Шунда ҳам жамоатчилик назорати ўрнатилади. Депутатлик корпуси¸ сенаторлар¸ жамоатчилик¸ нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари шу жараëннинг устидан назорат қилишади.

Озодлик: Шу назорат қилинаëтган пайтда ҳар бир маҳбуснинг ҳуқуқининг тенглиги кафолатланиши қандай бўлади?

- Албатта¸ албатта. Бизнинг асосий қонунимизда ҳам¸ миллий қонунчилигимизда ҳам тенг ҳуқуқлиги ҳам ҳуқуқ¸ ҳам мажбурият нуқтаи назаридан шу қонуннинг олдида жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этишлиги асосий қонунимизда белгиланган. Миллий қонунчилигимизда бу бор. Айниқса амнистия актини қўллашда ҳам шу тамойил албатта ғалаба қозонади. Мабодо¸ бу ҳам низомда белгилаб берилган¸ амнистия актини қўллашда қанақадир суиистеъмолчиликлар¸ актни нотўғри қўллаш ëки қўллаш лозим бўлсаю қўллаш рад этилган бўлса¸ албатта шу тўпланган материаллар тегишли чоралар кўрилиши учун Ўзбекистон Олий судига ва Бош прокуратурага юборилади.

Озодлик: Светлана опа¸ қарорнинг 5-бандида бир тоифа маҳбуслар алоҳида кўрсатилган. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки¸ улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ëки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этилганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб¸ тузалиш йўлида қатъий ўтган шахслар озод қилинсин дейилган.

- Қатъий¸ қатъий Фаррухжон.

Озодлик: Шу ҳақда айтиб берсангиз. Чунки бунақа моддалар билан қамалаëтганлар кўп бўлаяптида кейинги пайтда.

- Кўп бўлаяпти деганингиз нима?

Озодлик: Энди ....

- Ким қандай жиноятни содир қилса¸ ўша қонун олдида жавоб бераяпти.

Озодлик: Ўшани айтаяпманда. Кейинги бир йил давомида жуда кўп судлар бўлди. Бу ҳақда сизга бир неча марта мурожаат қилдик. Шуларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратиладими? Мана бу тоифа маҳбуслар алоҳида банд билан кўрсатилган.

- Албатта. Мана амнистия актини¸ қарорини сиз мисол учун ўқийдиган бўлсангиз¸ у ерда биринчи¸ иккинчи¸ учинчи ва охирги 11-бандгача бунинг бажарилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади. Қолаверса¸ Бош прокуратура бор¸ Олий суд бор. Ўшалар ҳам судларнинг устидан назорат¸ амнистия актини қўллашни назорат қилади. Материаллар тўплаганда¸ шахсий йиғма жилдни ўрганганда¸ ўша шахсни ўрганганда албатта адолат қозонади.

Агар шахс ҳақиқатан қатъий тузалиш йўлига кирган бўлса¸ амнистия акти қачон қўлланади? “Мен ҳақиқатан ҳам шу жиноятни содир қилганман. Мен шу жиноятни содир этганим учун менга жазо берилган. Лекин мен минг тавба қилдим. Мен бошқа қонун чегарасини бузмайман” деганларга нисбатан албатта амнистия қарори қўлланилади.

Амнистия актини қўллаганда¸ беш қўл баробар эмас¸ албатта 100 фоиз тўғри қўлланилади деб ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун ҳам низомда алоҳида банд билан мана шунинг устидан жамоатчилик назорати¸ прокурорлик назорати ўрнатилиши¸ суд назорати ўрнатилиши¸ мабодо мана шунақа ҳолатлар аниқланса¸ шунақа шахсларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Олий суд ва Бош прокуратурага юборилиши ва чора кўрилиши учун Сенат томонидан тегишли қарор қабул қилинган.

Озодлик: Светлана опа¸ мана жамоатчилик ташкилотлари деяпсиз. Мана Суръат Икромов ëки Васила Иноятова каби мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бор. Давлат рўйхатидан ўтган¸ ўтмаган ташкилотлар бор. Шулар ҳам бу жараëнга қўйиладими?

- Нодавлат нотижорат ташкилот давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса¸ мен сенатор сифатида сизга айтаман¸ мен учун унақа ташкилот йўқ.

Озодлик: Светлана опа¸ қатъий тузалиш йўлига ўтган деб кимлар топилади? Бирор ариза ëзиш керакми ëки хулқ-атворига қараб белгиланадими? Қандай бўлади бу?

- Ҳар қандай ташкилотнинг ўзининг тартиб-қоидалари бор. Тузалиш йўлига кирганларни мантиқий нуқтаи назардан тартиб-қоидаларга риоя этган¸ жазо чораларига тортилмаган¸ ҳақиқатан кечирим сўраган шахсларга нисбатан амнистия қарори қўлланилади.
XS
SM
MD
LG