Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:46

Давлат журналистлари давлат раҳбарига мурожаат қилди


Саодат Омонова президент Каримовга мурожаат қилиб, ўзи ишлаётган "Ёшлар" телеканалидаги муаммоларга эътибор беришни сўради.
Саодат Омонова президент Каримовга мурожаат қилиб, ўзи ишлаётган "Ёшлар" телеканалидаги муаммоларга эътибор беришни сўради.

“Ёшлар” телеканалининг журналистлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар Озодлик орқали президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, телерадиокомпанияда авж олаётган маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, иқтисодий жиноятлар ва цензура каби муаммолар авж олганига эътибор қаратишни сўрадилар.


Давлат назоратидаги асосий телеканаллардан бири "Ёшлар" каналининг икки журналисти иддоаларига кўра, ҳукумат доирасидаги айрим шахслар ҳомийлиги остида "Ёшлар" канали директори Хайрулла Нуриддинов ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев давлат пулларини ўзлаштириш, таъмагирлик, ижтимоий тенгсизлик каби қонунбузарликларга муккасидан кетган.



Журналист Саодат Омонова ўзи ва ҳамкасби Малоҳат Эшонқулова телеканалдаги муаммолар ҳақида оммага ошкор қилганларидан кейин уларга нисбатан босим ва тазйиқлар кучайгани боис президент Ислом Каримовга мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.

Президентга маҳаллий матбуот орқали мурожаат қилишнинг имкони бўлмагани боис ўз арзимни Озодлик орқали етказишга қарор қилдим дейди Саодат Омонова:

- Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич. Айни кунда бизга нисбатан тазйиқ ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Шу боис бизни ўз ҳимоянгизга олишингизни ва адолатни тиклашга амалий кўмак беришингизни сўраймиз. Агарда Миллий телерадиокомпанияда мавжуд қонунбузарликларни мамлакатимизда фаолият кўрсатаëтган оммавий ахборот воситалари орқали ëритишнинг имкони бўлганида эди, компания раҳбарияти, "Ëшлар" телеканали директори Хайрулла Нуриддинов томонидан содир этилаëтган иқтисодий талон-тарожликлар, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик хусусидаги бор ҳақиқатни айтиш учун Озодлик радиосининг минбаридан фойдаланишга мажбур бўлмаган бўлардик.

"Ёшлар" телеканали янги ташкил қилинган пайтлари "Давр" дастурида долзарб масалалар ёритилган, таҳлилий-танқидий лавҳалар эфирга берилган. Бироқ 2004 йилдан бошлаб телеканалда цензура урчий бошлади, дея давом этади "Ёшлар" телеканли журналисти.

- Алишер Хўжаев ва Хайрулла Нуриддиновлар ўз раҳбарлик фаолияти давомида биз журналистларга таҳлилий ва танқидий мавзуларни эфирга узатишни умуман тақиқлаб қўйди. Ҳозир биз тайëрлаëтган лавҳалар, репортажларнинг асосий қисми тегишли идоралар вакиллари томонидан назоратдан ўтказилади. Улар лозим топса, лавҳанинг маълум бир қисми қисқартирилади, кадрлар ўзгартирилади. Керак бўлса, танқидий фикрлардан иборат айрим интервьюлар олиб ҳам ташланади,- дейди президентга мурожаат қилган Саодат Омонова.

Унинг айтишича, телерадиокампания раҳбарияти ҳаракатларида иқтисодий жиноятлар аломатларини кўриш мумкин.

- Айни пайтда миллий телерадиокомпанияда давлат томонидан ажратилаëтган маблағлар раҳбарият томонидан ноқонуний ўзлаштирилиб, аëвсиз талон-тарож қилинаяпти. Барча каналларимизни замонавий аппаратура билан жиҳозлаш мақсадида давлат томонидан ниҳоятда катта маблағ ажратилди. Шу маблағ ҳисобидан телевидение учун амалда арзон ва сифатсиз техникалар харид қилинган бўлсада, ҳужжатларда ўта сифатли ва замонавий деб расмийлаштирилиб, ажратилган маблағларнинг катта миқдори телевидение раҳбариятининг чўнтагини қаппайтирди.

Яна бир муҳим масала бу реклама. Айтиб ўтиш керакки, реклама туфайли телевидение ҳисобига тушиши лозим бўлган маблағнинг катта қисми ҳам раҳбарият чўнтагига кираяпти. Чунки ҳозирги пайтда реклама телевидениега имтиëзга эга бўлган бир қатор хусусий фирмалар орқали кириб келаяпти. Улар реклама учун келаëтган маблағларнинг 50 фоизини ўз ҳисобларига олиб қолишаяпти. Ана шундай фирмалар қаторига "Содиқов", "Илҳомов" каби хусусий корхоналарни киритиш мумкин. Имтиëзга эга бўлган бу фирмалар эса МТРК (МиллийТелеРадиоКомпания) раҳбариятига тегишли. 2005 йилда МТРК раиси лавозимига ўтирган Алишер Хўжаев бошчилигидаги раҳбарият нафсининг ҳакалак отганлиги туфайли ҳозирги пайтда Ëшлар телерадиоканалида ижтимоий тенгсизлик ҳам ҳукм сураяпти. Ходимларнинг ойлик маошида катта тафовут бор. Масалан канал директори Хайрулла Нуриддиновнинг одамларига, унинг одамларининг асосий қисмини айнан тошкентликлар ташкил этади, жуда катта маош тўланади. Айрим ходимлар 900 минг сўмдан бир миллион сўмгача ҳақ олишади. Икки миллион сўмдан ортиқ олаëтганлари ҳам бор. Улар ойлик маошларининг ярмини директор гумаштаси Дилшод Муҳаммедовга беришади. У эса ўз вақтида бу маблағни Хайрулла Нуриддиновга олиб кириб беради. Хуллас Хайрулла Нуриддинов телерадиоканал маблағини талон-тарож қилишнинг ана шундай ўзига хос усулини ўйлаб топган.

Давлат назорат қиладиган "Ёшлар" телеканали журналисти Омонова телерадиокампания раҳбарияти орқасида ҳукумат доирасидаги конкерт шахслар тургани боис тилга олинган муаммоларнинг бартараф қилинишига панжа орасидан қаралмоқда, дея таъкидлайди яна ўз мурожаатида.

- Буларнинг барчасига Бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов бош-қош. Хайрулла Нуриддиновнинг жиноятларини гарчи Бош прокуратура аниқлаган бўлсада, барчаси хаспўшланди. Номигагина ҳайфсанд берилди холос. Бунинг тагида нима ëтибди? Маҳаллийчиликми ëки интернет сайтларида чиққанидек, Хайрулла Нуриддинов ўз лавозимида қолиш учун ҳовлисини сотиб сарфлаган 350 минг АҚШ долларининг куч-қудратимикан,- дейди Саодат Омонова.

Расмий матбуотда ишлайдиган икки журналистнинг давлатга қарашли телеканалдаги муамммоларни оммага очиқлаганини баъзилар жасорат, дея баҳолаётган бўлса, бошқалар буни ҳокимиятдаги айрим доиралар буюртмаси билан қилинаётганини айтмоқда.

Ошкора чиқишларини махсус буюртма, деяётганларга жавобан журналист Малоҳат Эшонқулова телеканалда қонунбузарликлар авж олгани ҳақида ўтган йилдан бери турли идораларга мурожаат қилиб келганини айтади.

- Мен ўз президентимизга, Бош вазирга, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбариятига ва Бош прокуратурага телевидениеда бўлаëтган талон-тарожликлар ҳақида, маҳаллийчилик борасида мурожаат қилганман. Бош прокуратурадан “Сиз ëзган шикоят аризалари асосида Ëшлар телеканалида бюджет интизоми бузилган ҳолатлари, меҳнат интизоми бузилган ҳолатлари, меҳнат қонунчилиги бузилган ҳолатлари аниқланди ва биз мавжуд қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев номига тақдимнома киритдик”, деган мазмунда жавоб келди. Ўша ëзишувлардан кейин энг асосий босим Алишер Хўжаев томонидан бўлди. Тўғридан-тўғри айтилдики, “Эшонқулова, сиз бугундан бошлаб ëзишларни тўхтатасиз. Агар тўхтатмасангиз, биз касаба уюшмаси йиғилишининг қарорини чиқарамиз ва сизни журналистликка номуносиб деб топамиз”, деди. Ишдан ҳайдаймиз деган эди. Ҳозирда учта кўрсатувим ва учта ижтимоий роликларим тайëр турибди. “Ўзингнинг овозинг билан ўқибсан. Шеванг бор. Қайта монтаж қил”, деган баҳоналарда кўрсатувни эфирга бермай ушлаб туришибди,- дейди Малоҳат Эшонқулова.

Озодлик бу икки журналистнинг иддоалари бўйича телерадиокомпаниянинг бир қатор мулозимларига, жумладан, "Ёшлар" телеканали директорининг биринчи ўринбосари Зойир Қурбонов, "Ёшлар" телеканалининг "Давр" ахборот дастури бош муҳаррири Соҳибжон Алижоновларга мурожаат қилди.

Бироқ "Ёшлар" канали мутасаддилари мавзу юзасидан халқаро матбуотга ўз фикрини билдиргани ва бошқа унга қайтиш истаклари йўқлигини айтиб, гапни қисқа қилдилар.

Хусусан, Соҳибжон Алижонов бу борада ВВС радиосининг ўзбек бўлимига интервью бергани ва айни интервьюдаги фикрларидан фойдаланишимиз мумкинлигини айтди.

Жаноб Алижонов 24 август куни ВВС радиосига берган интервьюсида ўз ҳамкасбларининг "Ёшлар" телеканалида маҳаллийчилик, гуруҳбозлик ва цензура борасидаги иддоаларини бутунлай инкор қилди.

- Тўрт йилдан бери ишлаяпман шу ерда, шу вазифада. Бунақа ҳолатга дуч келмаганман. Чунки бу ерда, умуман бизда кўп масалалар коллегиально ҳал қилинади. Битта мен эмас. Куннинг масъул муҳаррири бор, бадиий кенгаш бор. Шуларнинг кўригидан ўтади. Бу ерда кўпроқ цензура эмас, профессионал нуқтаи назардан келиб чиқиб ниманингдир эфирдан олиб қўйилганлиги ë нимагадир қўшимча қилиниши ҳақида гапирилса, тўғрироқ бўлади. Мисол учун интервьюлар олиб ташланади деяпти. Интервьюларни олиб ташлаш менимча дунë практикасида нормал ҳолат. Айтайлик интервьюда бояги тайëрланаëтган материалнинг мазмун-моҳиятини очиб бера олмаган бўлса, интервью бераëтган одам ëки гапларида чалкашлик, нотўғри факт, маълумотлар бўладиган бўлса, олиб ташланади. Бу цензура эмасда,- дея таъкидлади "Ёшлар" телеканалининг "Давр" ахборот дастури бош муҳаррири Соҳибжон Алижонов ВВС радиосига берган интервьюсида.
XS
SM
MD
LG