Линклар

Янгийўлда нима бўлган эди?

  • Садриддин Ашур

Янгийўлдаги отишмада қўлга олинганлар орасида "Жиҳодчилар", дея аталаётган гуруҳга аъзоликда айбланиб, қидирувда бўлган Баҳром Соипов ҳам бор.

Янгийўлдаги отишмада қўлга олинганлар орасида "Жиҳодчилар", дея аталаётган гуруҳга аъзоликда айбланиб, қидирувда бўлган Баҳром Соипов ҳам бор.

14 август куни Янгийўл тумани марказида содир бўлган отишма тафсилотларини расмийлар сир сақламоқда. Мустақил журналистлар отишма "Жиҳодчилар", деб аталаётган диний гуруҳга алоқадорликда айбланиб, қидирувда бўлган шахслар ва милиция ходимлари ўртасида рўй берганини аниқлади.


Исми қолишини истаган янгийўлликлардан бири 14 август куни милиция ходимлари ва номаълум шахслар ўртасида отишма рўй берганини эшитганини айтади:

- Жиноятчилар билан милициялар ўртасида бўлган дейишди. Суриштирсам, шунақа дедида. Ушлаб, ким эканлигини аниқлашган. Тергов кетаяпти экан ҳозир,- дейди исми ошкор этилмаслигини сўраган янгийўллик.

Янгийўл шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг ёрдамчиси Бобур Усмонов Озодлик билан суҳбатда, Янгийўл туманининг Гулбаҳор посёлкасида бўлиб ўтган отишмани инкор этмади, лекин телефон орқали бу ҳақда изоҳ бера олмаслигини айтиб, гапни калта қилди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич воқеани Янгийўл туманининг Гулбаҳор посёлкасига бориб ўрганганини айтади. Озодлик билан суҳбатда журналист посёлкадаги кўп қаватли уйлардан бирининг гаражига яширинган тўрт киши ва милиция ходимлари ўртасида отишма бўлганини аниқладим, дейди:

- Ички ишлар вазирлигидаги манбамиздан олган хабарга кўра, тўрт киши қамоққа олинган. Булар Шавкат Тожибоев, Ғулом Исломов, Дилмурод Юсупов ва Баҳром Соиповлардир. Биз янгийўлликлар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг баъзилари бир киши, баъзилари икки киши қамоққа олинган дейишди. Қўлга олинганларнинг сони аниқ қанча эканлиги ҳозиргача номаълум. Бироқ, биз қўлга олинган бу йигитлар “жиҳодчи”ларми ёки йўқ, бунисини тўлиқ аниқлай олмадик,- дейди Алексей Волосевич.

Журналистга кўра, қўлга олинганлар орасида Баҳром Соипов исмли шахснинг борлиги расмийларнинг мазкур гуруҳ “жиҳодчилар”, эканига оид хулосаларига асос бўлмоқда:

- “Бироқ “жиҳодчилар”ни ўтган йили Андижон, Хонобод портлашларида айбланган “Исломий жиҳод иттифоқи” гуруҳи билан адаштирмаслик керак. Бу бошқа бир гуруҳ. Ва расмий айбловларга кўра, Баҳром Соипов "жиҳодчилар" гуруҳининг аъзосидир. Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, мен унинг айтганларини сўзма-сўз келтиряпман, Баҳром Соипов 2008 йил 28-30 март кунлари шериклари билан Қибрай туманида 12 нафар милиция ходимини ўлдирган.

Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, дея қўшимча қилди Алексей Волосевич, бу гуруҳ аъзолари ўтган йили Тошкентда диний уламоларга бўлган суиқасдларда, ички ишлар вазирлиги мулозимининг ўлдирилишида ва пойтахтдаги “Зайтун” қаҳвахонасида ўтирган милиция ходимларини тўппончадан отиб, яралаганликда ҳам айбланмоқда.

Унга кўра, ўтган йили Қибрайда 12 нафар милиция ходимининг ўлдирилгани ҳақидаги хабар энди сизиб чиқмоқда. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва ОАВлари бу ҳақда сукут сақламоқда. Умуман, Ўзбекистон ҳукумати бундай воқеаларни ошкор этмаслиги ортида "мамлакатда ҳаммаёқ тинч", деган манзарани бузмаслик нияти бор, дейди Алексей Волосевич.

Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалган шахслар мониторинги билан шуғулланадиган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, гарчи қидирувга берилган бўлсада, Баҳром Соипов, деган шахснинг исми шу пайтгача шов-шувларга сабаб бўлган воқеаларда учрамаган. Диний айбловлар билан қамалган ўзбекистонликларга чиқарилган суд ҳукмлари орасида номи зикр этилмаган диний оқимлар қолмади, ҳисоб ва энди намозхонлар "жиҳодчилик"да айбланиб, ёппасига қамалмоқда, дея давом этади ҳуқуқ ҳимоячиси:

- Ҳамма гап шундаки, масалан, ҳукумат кимларнидир жиҳодчилар қилиб эълон қилаяпти, кимларнидир яна бошқа бир оқимга қўшяпти. Лекин шуниси борки, диний айбловлар билан қамалаётганларнинг судлари ҳаммаси ëпиқ ҳолатда ўтаëтганлиги учун, яқин қариндошлари ҳам судга қўйилмагандан кейин кимдан ҳақиқатни билиб бўлади? Ҳатто буларнинг адвокатлари, терговга, судларга қўйилмаяпти. Давлат адвокатлари эса, воқеани ошкор қилмасликка қўл қўйган. Кимдан билишимиз мумкин? Улар ростдан ҳам террористми, ёки оддий намозхонми, жиноят содир бўлганми, суд жараëнида буларнинг қилган жинояти исботини топдими, топмадими – буни билиш жуда қийин. Кимдан сўрашни ҳам билмайсиз, ҳамма томон шунчалик ёпиб ташланганки, холис ахборот олиш учун бир тирқиш ҳам тополмайсиз,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ўз ташкилоти олиб борган мониторинг натижасида, ўтган йилнинг май ойидан буён “жиҳодчилик”да айбланиб 200 яқин ўзбекистонлик қамалгани ва шу кунларда яна ўнлаб айбланувчилар устидан тергов олиб борилаётгани аниқланганини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG