Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:28

Шоҳона сукунат ортидаги асабийлик


Грознийда қад кўтарган масжидлару осмонўпар бинолар манзараси ортида ҳукмат ҳомийлигида амалга оширилаётган одам ўғирлашлар, қийноқлар ва қотилликларни кўриш мумкин, дейди ҳуқуқ фаоллари.
Грознийда қад кўтарган масжидлару осмонўпар бинолар манзараси ортида ҳукмат ҳомийлигида амалга оширилаётган одам ўғирлашлар, қийноқлар ва қотилликларни кўриш мумкин, дейди ҳуқуқ фаоллари.

Владимир Путин 1999 йилда Чеченистонда қонун йўқ, одамларни ўғирлаш ва қотиллик жазосиз қолмоқда, деган важлар билан бу ўлкада иккинчи урушни бошлаган эди. Орадан 10 йилдан ошиқроқ вақт ўтиб, энди одамларнинг ўғирланиши, қийноққа солиниш ва ўлдирилиши Кремлга суянган ҳукумат ҳомийлигида амалга оширилмоқда.


Чечнистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган Ҳеда Саратова мисолида Озодлик мухбири бу ердаги бугунги асл вазият билан танишишга ҳаракат қилади.

Ҳеда Саратова Чеченистонда янги иш бошлаган “Объектив” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари. Озодлик мухбири Ҳеда билан учрашган пайтда у икки ой муқаддам аскарлар ўғирлаб кетган 24 ёшли йигитни қутқариш устида музокаралар олиб бораётган эди.

Ўғирланган йигитнинг онаси ўзи яшаган ҳудудда таниқли тадбиркор аёллардан биридир, дейди Ҳеда. Музокараларда гаровдаги йигитнинг онасида 30 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули сўрашмоқда дея давом этади у:

- Ўғирлаганлар собиқ жанггарилар, аммо бир вақтлар ғоя, масалан, мустақиллик учун курашганлардан эмас. Балки, бир тарафдан иккинчи тарафга ўтиб жанг қилиб юрадиган жанггарилардан. Бугун эса улар расмий лавозимларни эгаллаган ва мана энди одам ўғирлаш, товон пули талаб қилиш ва қотилликка билан шуғулланмоқда,- дейди чеченистонлик ҳуқуқ фаоли.

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров айни пайтда мамлакатда жуда шиддат билан бораётган қайта қуриш ишлари билан довруғ қозонмоқда. У Грозний шаҳри марказида улкан масжид қурдирди, Путин номидаги хиёбон бўйлаб ғарбона услубда қаҳвахоналар очди. Шунингдек, осмон ўпар турар-жой биноларини қураяпти.

Аммо, бу шоҳона сукунат ортида ўта асабий реаллик яширинлигини айтади чеченистонлик ҳуқуқ фаоли. Унга кўра, республика қуролли кучлари бир вақтлар озодликни талаб қилган жанггариларнинг оила-аъзолари ва таниш-билишларини аёвсиз таъқиб қилиб келмоқда.

Булар орасида уйига ўт қўйилган, калтакланган ва ўлдириб кетилганлар бор.

Ҳеда Саратовага кўра, ҳукуматнинг бу ҳаракати ёшларни яна ўша жанггари гуруҳлар сафига турткиламоқда. Саратова, гарчи бунда биз Рамзан Қодировни айбласак-да, унинг республикада ҳаётни тинчлантириш ва ривожлантириш йўлидаги ҳеч бўлмаса юзада турган яхши ишларини ҳам эътироф этишимиз керак, дейди гапининг бошида.

- Биз — уруш ва тинчлик қадрини ўз танида синаб кўрганлар, яқинлари, суйган инсонларни ўз қўллари билан кўмганлар — тинчликнинг қадрини биламиз, дейди Саратова.

Аммо, ҳануз тинмаётган ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштириш ва бунинг ортидан ҳаққини талаб қилиш чеченистонликлар учун жуда хавфли юмушга айланган.

Ўтган йили Наталя Эстемированинг ўғирланиши ва ўлдирилиши инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари орасида ҳам қўрқувни ёйиб юборди. Эстемирова ишлаган "Мемориал" ташкилотининг Грознийдаги бўлими олти ойга ишини тўхтатди ҳам.

Шундай бир вазиятда Ҳеда Саратова ишини давом эттираётган жуда оз сонли ҳуқуқ фаолларидан биридир.

- Мен ҳар тун уйқуга ётиш олдидан эртага эрталабданоқ мамлакатни тарк этаман, дейман ўзимга-ўзим. Аммо, эртаси куни эрталабдан жабрдийдалар, ўғирланганларнинг яқинларидан келадиган телефон қўнғироқларидан сўнг бу ерни ташлаб кета олмайман,- дейди чеченистонлик ҳуқуқ фаоли.

Саратова “Бу ишнинг охирида ё мен ақлимдан айриламан, ёки менга нимадир бўлади”, деб қўяди суҳбат давомида.

- Одамлар ҳақиқатни айтгани учун ўлдирилди. Агар улар мени ўлдиришни истаса, ўлдиришади. Аммо, мен шу туғилиб ўсган юртимни севсам, нега энди уни тарк этшим керак?,- деб қўшимча қилади яна Ҳеда Саратова Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Саратова аслида милиция ходимига турмушга чиққан эди ва биринчи уруш бошланган 1994 йилда 1 яшар ўғлини тарбия қилаётган эди.

Уруш ҳаракатлари бошланган илк кезда Москвада бўлган Саратова ортга қайтган ва қўшни Ингушетия чегараси орқали мамлакатдан чиқиб кетаётган қочқинлар оқимига қарши 3 кун юриб, Грозний шаҳрига борган эди.

Грознийда бўшаб қолган уйига кирибоқ Ҳеда оила аъзолари ўлдирилган, деган дахшатли ҳаёлга борган эди.

- Аммо, бироз ўтиб уларни шаҳар четидаги қишлоқлардан бирида топганимда, бўғзимга тиқилган йиғидан додлаб юборган эдим,- деб хотирлайди Ҳеда.

Биринчи уруш чоғида Саратованинг оиласи омон қолган бўлса ҳам, кўпгина дўстлари ва қариндошларини йўқотган эди. Иккинчи урушда эса у турмуш ўртоғидан айирлди.

Рус қўшинлари эгаллаган Грозний шаҳрида кекса аёл билан ўз уйида қамалиб қолган Ҳеда: “Умримда илк бор очлик нималигини аниқ ҳис қилдим. 3 кун ҳеч нарса емаган эдим ўшанда”, дея хотирлайди.

Очликда қолган Саратова тунлари қўшнилари билан бирга жасадларни кўмар эди.

Орадан бироз ўтиб, халқаро ташкилотлардан бири ундан асл вазиятни ифодалаган видеотасвирларни сўради. Саратова шаҳарнинг пана-пастқам кўчаларидан беркиниб, пойи пиёда қўшни Ингушетияга ўтади.

- Шаҳардаги асл аҳволни дунёга билдирсак, кимдир бу урушни тўхтатадиган тугмани босиб юборадигандек ва шу билан бу азоб битадигандек туюларди,- дейди Саратова.

Шу тариқа Amnesty International (Халқаро Амнистия) ва бошқа халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган Саратова кейинчалик "Мемориал" ташкилотига аъзо бўлди ва Чеченистон бўйлаб ҳуқуқ бузилишига оид ҳолатларни ҳужжатлаштиришни бошлади.

Ҳозирда унинг “Объектив” номли ташкилоти бор ва Саратовага кўра, бу ўғирланган, ҳуқуқлари поймол этилган, қийноққа солинганлар ва уларнинг яқинларига 24 соат хизмат кўрсатувчи фавқулодда ёрдам ташкилотидир.

Ҳеда Саратова қанчалик хавфли бўлишидан, сафдошлари ўлимига сабаб бўлаётган реалликни сўзлаш қанчалик ёмон оқибатларга олиб келишидан қатъий назар чеченистонликларга ёрдам қўлини чўзар экан, бир кун келиб ўз республикасида ҳукумат ва халқ ўртасида ўзаро англашув пайдо бўлишига, халқни тушунадиган раҳбарлар келишига умид қилади:

- Мен жуда ҳам умид қиламанки, охири шундай бўлади ва биз нормал ҳаёт кечира бошлаймиз. Чеченлар ўзи озчиликмиз ва биз ўзаро тинч яшаш йўлини топишимиз керак,- дейди чеченистонда ишлаётган оз сонли ҳуқуқ фаолларидан бири Ҳеда Саратова.
XS
SM
MD
LG