Линклар

logo-print

"Адолат қарор топмас экан, ўзимга ўт қўяман!"


Исомованинг эри ҳалок бўлган Нива машинасини милиция ходими Нодир Ҳолбоев бошқарган.

Исомованинг эри ҳалок бўлган Нива машинасини милиция ходими Нодир Ҳолбоев бошқарган.

Қашқадарёлик ўқитувчи Юлдуз Исомова тўрт фарзанди ва овсини билан биргаликда Мустақиллик байрами куни соат 10да Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди биноси олдида ўзларига ўт қўймоқчилар. Бунга Исомова ўз эрининг ўлимида айбдор, деб билаган шахс жавобгарликка тортилмагани сабаб эканини айтмоқда.


Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Ҳамид Олимжон ширкат хўжалигида яшовчи 47 ёшли ўқитувчи аёл Юлдуз Исомова Озодлик билан суҳбатда ўзи ва тўрт фарзандига ўт қўйиш нияти қатъий эканлигини айтади.

Ҳикоямиз қаҳрамонига кўра, 2008 йилнинг 9 декабр куни рўй берган автоҳалокатда турмуш ўртоғи Амир Абдуназаров ва яна бир йўловчининг ҳалок бўлиши ва икки кишининг бутун умрга ногирон бўлиб қолишида айбдор бўлган ички ишлар ходими жавобгарликка тортилмагани уни бундай қадамга мажбурлаган.

Икки йил аввалги автоҳалокат оқибатида тўрт фарзанди билан бева қолган Юлдуз Исомова ўша пайтда машина рулида бўлган милиция ходими Нодир Холбоев сувдан қуруқ чиқиб, айбсиз деб топилганига норозилик билдириб, турли ташкилотларга шикоят қилган, лкин ҳақиқатни қарор топтира олмагач, ўзи ва фарзандларига ўт қўйишга аҳд қилганини айтади.

- 1 сентябр куни тўртта фарзандимни олиб вилоят судининг олдида ўзимизни ëқиб юборамиз деяпмиз. Тўртта фарзандим бор. Тўртталасини ҳам олиб бораман. Талабим шу Холбоев Нодирнинг устидан жиноий иш қўзғаб, тегишли чора кўришлари. Шаҳрисабз суди “жиноий иш қўзғатилсин,” деб чиқарган. Қаршиники “Ҳеч қандай айби йўқ. Жиноятчи эмас,” деб озод қилиб юборди. Айтган талабимизни бажаришмаса, яъни милиция ходими Холбоев Нодир устидан жиноий иш қўзғатмаса, шундай қиламиз,- дейди Юлдуз Исомова.

Икки йил аввалги рўй берган автоҳалокатда Юлдуз Исомованинг қайиноғаси Ўктам Абдуназаров умрбод ногирон бўлиб қолган. Эрининг қийналиб яшаганига чидай олмаётган Жамила Жовлиева ҳам адолат қарор топишига ишонмагани боис овсини Юлдуз Исомовага қўшилиб, ўзига ўт қўйишга қарор қилганини айтади.

- Мен овсиним билан 1 сентябр куни эрталаб соат 10 да чиқиб ўзимизни ëқамиз, деб шарт қилганмиз. Умуман ҳақиқат йўқ. Мана икки акамиздан айрилдик. Овсиним тўрт боласи билан ўтирибди уйида. Эрим ногирон. Мана ҳали ҳам иккита қўлтиқтаëқда юрибди. Бизларга ваъда беришадида, лекин ҳеч устидан чиқишмаяптида. Фақат ваъда беришади. Лекин ҳеч натижа йўқ. У ГАИ ходимининг орқаси кучлими билмайман. Камбағалларни ҳеч тингламас эканда булар. Ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қиламизда. Бизлар мажбур бўлаяпмизда шундай қилишга. Нима учун бояги ГАИни қамамайди, ишдан олмайди? У яна бир нечтасининг бошини ейиши мумкин, бир нечтасини ногирон қилиб ташлаши мумкин. СНБга, президент девонига, Олий суд ҳамма жойга мурожаат қилдик. Умуман натижа йўқ. Биттаси жиноий иш очиб берса, биттаси ëпади. Умуман ҳақиқат йўқда. Бир гала виждонсиз, порахўрлар босиб кетган Қашқадарëни, Ўзбекистонни десам ҳам бўлади,- дейди Жамила Жовлиева.

Юқорида тилга олинган автоҳалокат юзасидан очилган жиноий иш Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан кўриб чиқлиб, 2009 йил 18 май кунги қарорига кўра, эҳтиётсизлик оқибатида авария содир қилган, дея “Нексия” ҳайдовчиси Обиджон Холов саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бироқ ўша пайтда “Нива” машинасида бўлган Ўктам Абдуназаров воқеани эсларкан автоҳалокатга “Нива” рулини бошқараётган милиция ходими сабабчи бўлганини айтади.

- ГАИ ушлади Холбоев Нодир. Кейин документларни кўрдида, “бир кун сроги ўтган правангизнинг,” деди. “Жарима майдонига қамайман,” деб протокол тузмай, пассажирни туширмасдан рулга ўтирдида олиб кетди бизларни. Кейин йўлда 50-60 метрда кўрдик шу воқеани. Қиз бола чиқаяпти. “Тўхта, чеккага ол,” десак, бизларнинг гапимизни эътиборга олмади. Кейин машина келиб туриб, бизларга урилди. Тўхтатиб қолса ҳам бўларди. Тезлигимиз тез эмас эди. Чеккага олиб қўйса ҳам бўларди машинани. Шу ерда икки киши ўлиб қолаяптида. Акам Абдуназаров Амир билан Рўзиев Тойир. Кейин Шаҳрисабз судида жиноий иш очилди. ГАИ ходимини жабрланувчи қилди. Кейин областда бўлди суд. Иккита мутахассис айби бор деяпти, Тошкентдан келгани айби йўқ, деяпти. Шунақа қилиб сарсон қилаяптида бизларни. Уюштирганда шунақа қилиб ўзларича,- дейди Ўктам Абдуназаров.

Бир умрга ногирон бўлиб қолган Ўктам Абдуназаров Шаҳрисабз шаҳар суди ҳукмидан норози бўлиб, Қашқадарё вилоят судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритади. Ушбу маҳкамада ҳам милиция ходими Нодир Холбоев фойдасига ҳукм чиқаради.

Қашқадарё вилоят суди ходими Озодлик билан суҳбатда суд ҳукми мутлақо қонуний бўлганини таъкидлади.

Жабрланувчилар ўзларининг Ўзбекистон президенти, Олий суд ва Бош прокуратурага йўллаган шикоятларининг барчаси бесамар бўлганини айтишади.

Айни пайтда икки аёлнинг ўзига ўт қўйиш ниятини маълум қилганинга бир неча кун бўлганига қарамай, Қашқадарёдаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга бирор муносабат билдирганича йўқ.

Озодлик Қашқадарё вилоят ҳокимлиги билан телефон орқали боғланганида, навбатчи ходим барча мутассаддилар Мустақиллик байрами тадбирлари билан бандлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG