Линклар

Қирғизистон: мустақиллик ва миллатчилик


Роза Ўтунбаева Ўш қирғинини уюштирганларни Яратганнинг Ўзи жазолашига ишонишини таъкидлади.

Роза Ўтунбаева Ўш қирғинини уюштирганларни Яратганнинг Ўзи жазолашига ишонишини таъкидлади.

31 август куни Қирғизистонда мустақиллик куни нишонланди. Республиканинг барча ҳудудларида оғир вазиятга қарамасдан, тантанали нишонланаётган байрамнинг бу йилги асосий шиорлари “Дўстлик!", Бирдамлик!", Якдиллик!", Тинчлик!” кабилардан иборат бўлди.


“Титул миллат постсовет трансформациясига тайёр эмаслиги, унинг меҳнат маданияти ва яқин ўтмишдаги кўчманчилик турмуш тарзидан мерос қолган урф-одатлари бозор шароитида “норационал” экани сезилиб қолди. Дунёда сиёсий ҳокимиятга эга бўлган титул миллат миллий озчиликка қараганда ёмон яшайдиган давлатлар кўп эмас. Ўзбеклар билан содир бўлган миллатлараро низо эса, миллатчилик орқали сиёсий бирлашув механизмини яратди. Албатта, бундан фойдаланадиган сиёсатчилар топилади. Шундан келиб чиқилса, миллатлараро муносабатлар янада ёмонлашувини тахмин қилиш мумкин ва албатта, бу мамлакат зарари учун хизмат қилади”, дейилади Қирғизистон мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан қирғиз нашрларидан бирида чоп қилинган таҳлилий мақолада.

Айни пайтда президент Роза Ўтунбаева мустақиллик куни муносабати билан қилган чиқиши чоғида Ўш воқеаларидан сўнг юзага келган мураккаб миллатлараро муносабатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

- Мен бу воқеаларга милатлараро тус беришга ошиқаётганларни огоҳлантирмоқчиман: зўравонлик қилган, одам ўлдирганларнинг миллати бўлмайди. Қирғиз ва ўзбек халқида ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Бу воқеада конкрет одамлар айбдор. Улар албатта аниқланади. Нафақат ҳуқуқ-тартибот тузилмалари, балки Яратганнинг Ўзи уларни жазолайди ва мен бунга ишонаман,-деди Ўтунбаева.

Қирғизистон президентининг айтишича, мустақилликнинг 19 йилиги нишонланаётган шу дамларда мамлакат олдида жуда улкан вазифа турибди: бу ҳам бўлса Қирғизистон яхлитлиги ва бирдамлигини сақлаб қолишдир. Президент Қирғизистон халқига қилган мурожаатида “Миллатчилик энг катта жиноят” эканини ҳам алоҳида таъкидлади ва умуммиллий бирдамлик ҳақида гапирди.

- Умуммиллий бирдамлик бир миллатни бошқа миллатдан устун қўймаслик, ўзаро тенглик ғоясига асосланган. Қирғизистон бутун дунёга инсон ҳуқуқларига қатъий амал қиладиган давлат сифатида танилиши лозим,- деди президент Ўтунбоева.

Таҳлилчилар, президент Асқар Ақаев даврида “Қирғизистон умумий уйимиз” ғояси асосида яшаган Қирғизистонда орадан 5 йил ўтиб миллатчиликка қарши кураш ғоясининг энг олий даражада кўтарилаётгани бу иллатнинг мамлакат яҳлитлигига ва қирғиз давлатчилигига тахдид солиш даражасига бориб етганини англатади, демоқда. Миллатчиликнинг кенг томир ёя бошлагани аввалги ҳокимият эгаларининг миллий муаммоларга панжа ортидан қараб келгани натижасидир, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тўктайим Уметалиева..

- Қирғизларга хос бўлган сифатлар унитилгани сабабли биз мана шундай манқуртлик вазиятига тушиб қолдик. Қирғизлар толерантлик, катталарга ҳурмат, бир-биримизга меҳр-оқибат деган сифатларимизни йўқотиб қўйдик,- дейди қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли.

Мустақил таҳлилчи Анара Дауталиева фикрича, Қирғизистонда мавжуд бўлган барча муаммоларнинг ечими бор, фақат бунинг учун сиёсий ирода етишмаяпти холос.

- Бизга сиёсий ирода етишмаяпти. Барча масалаларни ҳал қилиш учун энг катта бойлигимиз - халқимиз бор. Муаммоларни ҳал этишимиз учун сиёсий ирода билан бир қаторда маърифатдан кенг фойдаланишимз зарур. Афсуски, бу нарсага эътибор қаратилмаяпти,- дейди Анара Дауталиева.

Қирғизистон Республикаси 1990 йилнинг декабрида мустақиллик декларациясини қабул қилган. 1991 йил 31 августида эса, мазкур декларация асосида мустақиллик тўғрисидаги қонун қабул қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG