Линклар

logo-print

Коммунизм қўрғонини дарз кетказган кун


1980 йилнинг 31 августида тузилган "Солидарность" касаба уюшмаси Европадаги коммунистик лагери интиҳосининг бошланиши бўлди.

1980 йилнинг 31 августида тузилган "Солидарность" касаба уюшмаси Европадаги коммунистик лагери интиҳосининг бошланиши бўлди.

Полшанинг Гданск шаҳрида социалистик лагердаги илк мустақил касаба уюшма бўлган "Солидарность"нинг давлат рўйхатидан ўтганнинг 30 йиллик тантанаси нишонланди. Бундан 30 йил олдин Гданскдаги кемасозлик заводи дунë матбуотининг диққат марказида эди.


1980 йилнинг август ойида иш ташлашлардан иқтисоди фалаж бўлган Полша Халқ Республикаси мулозимлари исëнчи ишчилар билан музокара столига ўтиришга мажбур бўлишди.

Полшадаги католик черкови ва зиëлиларнинг ҳам қўлловига эга бўлган уюшма коммунист мулозимларни бир қадам орқага чекинтирди.

1980 йилнинг 31 августи Полшанинг коммунистик ҳокимияти бир қадам чекинган куни эди
1980 йил 31 август куни Гданск кемасозлари ва ҳукумат ўртасида имзоланган келишув ҳужжати орадан 30 йил ўтиб, касаба уюшма музейидан ўрин олди.

Бу ҳужжатга кўра, ПХР матбуотдаги цензурани чеклаши, ва иқтисодий ислоҳотларни бошлаши лозим эди.

Муарриҳлар бу ҳужжатни коммунизм қўрғонини дарз кетказган пона деб айтишди.
Ҳужжат имзоланганидан беш олти йил ўтиб, социализм лагери чок-чокидан сўкилиб кетди.

Бундан 30 йил олдин полшалик оддий кемасоз Лех Валенса билан ижодкор Анжей Вайдани бирлаштирган ғоя инсон ҳуқуқлари ва демократия эди деб эслайди ташкилотнинг Европа бўлими вакили Мацей Замба.

- Бу дунë тарихидаги энг катта халқ ҳаракати ва поляк халқининг энг катта ғалабаси эди. Мен ҳар доим айтганим каби, "Солидарность" – бу универсал сифат белгисидир.

"Солидарность" ҳаракатининг Полша тарихидаги ўрни катта, дейди Полша тарихи деган 8 минутлик мултфилм муаллифи Томаш Багинский.

- Полшанинг минг йиллик тарихини 8 минутга жо қилиш ўта мушкул масала. Бу ҳолатда энг муҳим ҳодисаларгагина ўрин берилади. Биз "Солидарность" мужодаласини Полшанинг минг йиллик тарихида унутилмас воқеа ўлароқ филмга киргиздик,- дейди Багинский.

Полша кўчаларни норозилар билан тўлдирган, Варшава ва Москвадаги мулозимлар асабини қақшатган ҳукуматга қаршилик кўрсатишнинг янги услубларини ўйлаб топган "Солидарность" ҳаракати етакчилари орадан 30 йил ўтиб, тарихга бошқача кўз билан қарашмоқда.

"Солидарность" тимсолига айланган Лех Валенсанинг 30 йиллик байрам тантаналарида қатнашмагани поляк жамаотчилигини ларзага солди.

Коммунизмга қарши кураш тимсоли, Нобел мукофоти соҳиби, "Солидарность"нинг кўп йиллик етакчиси Леҳ Валенса гарчи ëқасидан "Солидарность"нишонини ечмаган бўлсада ташкилотнинг бугунги раҳбарлари сиëсатига қўшилмаслигини айтади.

- Мен хозирги "Солидарность" раҳбарлари фикрига қўшилмайман. Қолаверса ҳозир уларни ярим миллион аъзоси бор. Мен раҳбарлик қилганимда 10 миллион аъзо бор эди. Фарқни кўряпсизми,- дейди Валенса.

Ташкилотнинг ҳозирги фаоли Мацай Замба эса, Полшанинг мустақиллик ва демократия учун курашнинг бу шонли санасида низо ва гиналарни четга сурмоқ лозим дейди.
XS
SM
MD
LG