Линклар

Бухорога борган президент тез ёрдам машиналарини ҳам тўхтатиб қўйди

  • Садриддин Ашур

Ислом Камримовнинг "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументи фонидаги сурати ЎзА агентлиги сайтидан олинди.

Ислом Камримовнинг "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументи фонидаги сурати ЎзА агентлиги сайтидан олинди.

Мустақиллик байрами арафасида, 30 август куни Ўзбекистон президенти Бухоро шаҳрига ташриф буюрди. Президент Каримовнинг ташрифи чоғида хавфсизлик чоралари шу даражада кучайтирилдики, ҳатто касалхонага оғир бемор олиб кетаётган тез ёрдам машиналари ҳам тўхтатиб қўйилди.


Президент Ислом Каримовнинг Бухорога ташрифидан аксарият бухороликлар бехабар қолди. Шуҳрат Ғаниев Бухоро шаҳридаги гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари:

- Мен ўйлайманки, албатта президент халқ билан очиқ-ойдин муносабатда бўлиши керак ва президент оддий аҳоли билан суҳбатлашиши керак. Халқ билан мулоқот вақти келган, қачонлардан бери. Афсуски, Бухоро халқи кечқурун Ахборотда берилган хабардан эшитди президентнинг Бухорога келганини. Бизда на информация бор, на ҳокимият вакиллари томонидан халқ билан гаплашишга бирор бир хоҳиш бор,- дейди Шуҳрат Ғаниев.

Унга кўра, президентнинг ташрифи чоғида Бухорода хавфсизлик чоралари шу даражада кучайтирилдики, ҳатто оғир беморларни касалхонага олиб кетаётган тез ёрдам машиналари ҳам тўхтатиб қўйилди:

- Мен шахсан ўзим кўрганим, Файзодбод маҳалласи бор, масжиднинг олдида. Ўша ердаги блок постнинг олдида Дамас тез ëрдам машина ичидаги касали билан турибди. Касални марказий вилоят касалхонасига олиб бораëтган пайтда блок постдан ўтказмасдан турганда дўхтирларнинг жанжаллашганини кўрдим мен. Кеча эрталаб, соат етти ярим-саккизларда эди,- дейди Шуҳрат Ғаниев.

Бухорога сафари чоғида Ислом Каримов янги бунёд этилган “Бухоро маданий маркази” мажмуини очди. 107 гектардан иборат мажмуа 700 ўринли вилоят мусиқали драма театри, икки минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр ҳамда “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументини ўз ичига олади.

Президент “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи очилиши маросимида “ҳаётнинг абадийлиги, умрнинг ўткинчилиги ва инсоннинг эзгу амаллари мангу қолиши” ҳақида гапирди. ЎзА агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирди:

"Бухорога келган, бухороликлар ҳаёти билан танишаман, деган одам монументда ифодаланган бу ғоялардан хулоса чиқаради. Бу ғояларни барчага, биринчи навбатда, ёшларимизга кенг ва чуқур тушунтиришимиз керак. Баркамол авлод тарбиясида унинг аҳамияти катта. Буюк келажагимизни яратишда, аввало мустақил фикрлайдиган фарзандларимизга, шу юртни ягона, бетакрор Ватан, деб билган ёшларимизга суянамиз. Бугун Ўзбекистонимиз эришган буюк марраларда, оламшумул ютуқларда ёшларимизнинг ўрнини, уларнинг ҳал қилувчи кучга айланганини кўрамиз," деди Ислом Каримов.

Бир кун аввал Каримов Тошкентда қуриб битказилган таълим муассасалари билан танишиш чоғида қилган чиқишларида ҳам асосий урғуни ёшларга қаратган эди.

Бироқ оддий ўзбекистонликлар фикрича, президентнинг бундай баландпарвоз гапларни ҳозирги ёшлар тушунмайди ва уни қабул ҳам қилмайди.

- Президент, ёшларнинг қалбида буюк келажакка интилиб яшаш туйғусини мустаҳқамлайлик, мазмунида кўп гапирди. Бироқ мен ўша келажакни кўрмаяпман. Биринчидан, ижтимоий онгни ўстиришда телевидение, ОАВ деган нарса бор. Булар йўқ. ОАВ орқали, телевизор орқали, жамоат ташкилотлари орқали жамият онги ўсади. Жамият онгини ўстирадиган эркин матбуот бўлмагандан кейин қаердан олиши мумкин тафаккурни ëки дунëқарашни? Йўқ нарсани қаердан олади? Масалан, стаканда ҳеч нарса йўқ, сиз олиб ҳўплайверасиз, ҳўплайверасиз. Ичаверасиз, лекин ҳеч нарса йўқ. Стакан қуруқ, лекин сиз кўтарасиз. Бу билан бўлмайдику. Эркин жамоат ташкилотлари, эркин ОАВи орқали жамият онги ўсади. Ҳозирги ёшлардаги тафаккур 8-10 яшар бола даражасида,- дейди исми сир қолишини истаган бухороликлардан бири.

Бухородаги гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев фикрича, президент айтган ва суяниш мумкин бўлган ёшларнинг аксарияти бугун мардикорликка кетган ва давлат раҳбарининг бундай чақириқлари ва баландпарвоз гаплари бугунги ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмайди:

- Мана биз охирги статистика бўйича ишладик, меҳнат муҳожирларининг сонини санашда. Фақат Бухоро вилоятидан 250 мингга яқин одам чиқиб кетган. Айниқса Россия, Қозоғистон республикаларида кўп. Уларнинг ичида 55 фоиздан 60 фоизгачаси 25-28 ëшга тўлган ëшлар. Президентимизнинг гаплари жуда ҳам тўғри. Шиорий ва юксак гаплар. Албатта мен ҳам қўшиламан бу гапларга. Аммо ҳозирги реал ҳаëтда, жуда ҳам кўп ëшларимиз муҳожирликда иш қидириб юрган пайтда, бу гапларнинг замонга тўғри келмаслиги ачинарли ҳол,- дейди Шуҳрат Ғаниев.

Бухорода кўп йиллар давомида ҳукумат идораларида амалдор бўлган яна бир суҳбатдошимиз, Ўзбекистон президентининг баландпарвоз гаплари жуда кўп, бироқ одамлар ҳам худди собиқ иттифоқ пайтидагидек бу гапларга ўрганиб қолган, дейди:

- Гаплари жуда ҳам чиройли. Қани энди шу гаплар, шу қарорлар амалга ошса эди. Мана мен ўзим жуда кўп вақт давомида юқори лавозимларда ишлаб келганман. Қарорлар жуда ҳам чиройли. Лекин шу қарорларнинг ижроси йўқку. Қарорларнинг ижроси бўлиши учун орқада манба бўлиши керак. Иқтисодий манба бўлиши керак. Иқтисодий манба бўлмагандан кейин, мана ҳозир студентларнинг контракт пуллари яна ошиб кетди. Шунинг учун ҳозир қишлоқдагилар болаларини ўқитаман, деб мол боқади. Бошқа нима қилсин? Ўқитаман, деганнинг бели синаяпти,- дейди исми сир қолишини истаган бухоролик бу аёл.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшайдиган Тошпўлат Хўжаев эса, президентнинг "бунёдкорлик ишларидан" кўнгли ўсаётганини айтади:

- Энди битта нарсани айтмоқчиманки, президентнинг бу ишлари ҳаддан ташқари ҳурмат, иззат Бухорога нисбатан, Бухорои шариф деган оти борку, 19 йилликка келиб, Бухорои шарифга Ислом Каримовдай инсон келиб мана шу мажмуани очгани учун раҳмат дейман. Менинг бошим кўкка етди. Телевизорда кўрдим. Шунақа хурсанд бўлдим. Мен розиман ҳаммасидан. Лекин ҳозир уйда тўрт деворнинг орасидаман. Ишсизман. Мен ишдан ноҳақ ҳайдалганман. Ўшандан норозиман мен фақат,- дейди ғиждувонлик Тошпўлат Хўжаев.

Ўз исмини айтишни истамаган бухоролик тарихчи олим Бухорои шарифда минг йиллик тарихга эга қадимий ёдгорликлар бор, уларнинг кўпи реставрацияга мухтож, дейди. Бу мажмуани яратишга сарфланган маблағни Бухорода нураб бораётган тарихий ёдгорликларни тиклашга сарфласа бўлмасмиди, дея давом этади тарихчи суҳбатдошимиз:

- Иншоотни кўркам қиладиган инсоннинг тафаккурику. Биринчидан, ўша қилинган иншоотни тафаккур қилишга лойиқ одам керак. Иккинчидан, иншоот турибди. Лекин у қанақа маънавий озуқа бериши мумкин? Ундан кўркам иншоотлар бор. Масалан, битта минорани олинг. Ëки бўлмаса битта “Ситораи махоса”ни олинг. Бу иншоотларнинг ичида бутун бир Ўрта Осиë тарихининг тасвири бор. Лекин шуларнинг ярмиси кетдику. Музейлар, у ердаги иншоотлар бошқа дунë эдику. Булар унинг олдида ҳеч нарса эмаску. Ëки ҳалиги Гўри зиндонни олинг. Шунақа бир кўркам тарихий обида эди. У ҳам аллақачон нураб бормоқда. Ëки "Минор"ни олинг. Ëки "Учкомпул"ни олинг. Ўша ердан ўтган бўлсангиз, улар ҳам нураб кетаяпти. Уларнинг тарихий қадри жуда баланд эдику бунга нисбатан. Энди уни четга қўйиб, буни кўтариш ë тарихни ëпишми, ë унуттиришми? Йўлларни обод қилиб, тошли қилиб, ҳўв асрларга қайтариб, фойтун аравалар юрғизса бўлмасмиди? Яна кўркам бўлмасмиди? Яна билмадим,- дейди исми ошкор этилишини истамаган тарихчи олим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG