Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:38

Обама Ироқда жанговар амалиётлар тугаганини эълон қилди


АҚШ президенти Барак Обама Қўшма Штатларнинг Ироқдаги жанговар миссияси расман ниҳоя топганини эълон қилди.

Оқ уйдаги иш жойидан туриб қилган телевизион мурожаатида Обама етти ярим йил давом этган жангу-жадаллар ортидан Ироқ халқи учун ўз мамлакатида хавфсизликни таъминлаш фурсати келганини таъкидлади.

- Бу оқшом мен Ироқда АҚШ ҳарбийларининг жанговар амалиётлари ниҳоясига етганини эълон қилаяпман. Ироқ озодлиги йўлидаги амалиётлар поёнига етди, бу мамлакатда хавфсизлигини таъминлаш ишига энди ироқликларнинг ўзлари бош-қош бўлади, - деди Барак Обама.

Вашингтон раҳбарига кўра, Америка қўшинини Ироқдан чиқарилиши АҚШ иқтисодини кўтариш ҳамда Афғонистонда Ал-Қоида ва Толибон жанггарилари устидан ғалабага эришиш йўлида янги имконлар очади.

2003 йил март ойида АҚШ кучларининг Ироққа бостириб кирганига қарши чиққан Барак Обама 2008 йилги президентлик сайлов кампаниясида Ироқдаги урушни тугатишни ваъда қилган эди.

Оқ уй раҳбари Ироқда жанговар амалиётлар якунланганини эълон қилгани билан 2011 йил охиригача Ироқда 50 минг атрофида америкалик ҳарбийлар ироқлик ҳамкасбларини ўқитиш учун қоладилар.
XS
SM
MD
LG