Линклар

Ўзбекистон Хитой билан газ экспорти борасида музокара олиб бормоқда. Буни мутахассислар Марказий Осиёда Хитой ва Россия ўртасида энергия заҳиралари учун рақобат кучайганидан дарак, дея баҳоламоқдалар.

Ўзбекистон Хитойга юзланди

Июн ойида Синхуа ахборот агентлиги Хитойнинг Миллий нефт корпорацияси (CNPC) “Ўзбекнефтегаз”дан йилига 10 миллиард куб метр газ сотиб олиши тўғрисида хабар тарқатган.

“Ўзбекнефтегаз” ширкатининг Хорижий алоқалар ва инвестиция бўлими бошлиғи Умиджон Исроилов газ экспорти борасида икки томон йил охирига қадар келишувга эришиши кутилаётганини айтди.

Ўзбек газчиларига кўра, “Ўзбекнефтегаз” ширкати Туркманистондан Хитойга ўтадиган газ қувурига қўшилиш режасини амалга оширмоқчи.

Пекин Ўзбекистоннинг учта вилояти – Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятлари орқали ўтадиган туркман-хитой магистралини ўзбек гази билан тўлдириб, уни тўла ҳажмда ишлатишга уринмоқда.

Айрим таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Туркманистон-Хитой газ қувури қурилиши 2007 йилда бошлангандаёқ унга Ўзбекистон ҳам қўшилиши аниқ бўлган.

Демак, бугунги кунга келиб, олдинроқ “Туркмангаз” билан имзоланган барча шартномалар, Қозоғистоннинг “Қазмуйнагаз” билан йилига 10 млрд куб метр ва Ўзбекистон билан имзоланишга тайёрланаётган 10 млрд куб метр табиий газ узатиш келишувини ҳисобга олсак, 2011 йилдан бошлаб Хитой Марказий Осиё мамлакатларидан йилига жами 60 млрд куб метр газ қабул қила бошлайди.

Глобал молиявий бўҳрондан олдин айнан шунча миқдордаги газни Марказий Осиё мамлакатларидан Россиянинг “Газпроми” сотиб олган. Бугунги кунда эса “Газпром” Туркманистондан йилига 10 миллиард куб метр, Ўзбекистондан эса 2012 йилгача имзоланган стратегик шартномага мувофиқ, 15 миллиард куб метр табиий газ сотиб олмоқда.

Аввалроқ президент Ислом Каримов “Газпром”га Ўзбекистондан етказиб берилувчи газ ҳажмини янада ошириш имкониятига эга эканини гапирган. Лекин “Газпром” “бу миқдордаги газни ўзлаштира олмаслиги”ни билдирган. Афтидан, эндиликда Тошкентнинг табиий газ экспортини оширишга бўлган эҳтиёжини Хитой қоплайдиганга ўхшайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, экспертлар Россия ва Хитой ўртасида Марказий Осиё гази учун кураш кучайиб бораётгани ҳақида мулоҳаза билдирмоқдалар.

Газпром қамалда қолди

“Ўзбекнефтгаз” билан 2003-2012 йиллар учун имзоланган стратегик шартномадан ташқари, жорий йилда “Газпром”нинг “Ўзтрансгаз” билан 2006-2010 йилларга мўлжалланган туркман газининг Ўзбекистон орқали Россияга транзити шартномаси муддати ҳам тугаб бормоқда. Лекин “Газпром” ширкати расмийси Олга Мореванинг Озодликка билдиришича, бугунги кунда томонлар ўртасида мазкур шартномани узайтириш бўйича музокараларга тайёргарлик ишлари авжида ва керак бўлса, бу шартнома бир кунда имзоланиши мумкин:

- Биз бугунги кунда музокараларни бошлаганмиз, лекин тарафлар албатта ўзининг манфаатларини кўзлаб иш тутади. Масалан, биз Германия ёки Франция талаб қилаётган газ ҳажмини ҳисоблаб чиқиб, қанча миқдорда газ бера олишимизни ҳисоб-китоб қиламиз. “Газпром” 2011 йилда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан стратегик шартномани узайтириш масаласини муҳокама эта бошлайди. “Ўзбекистоннинг Хитой билан имзолаётган шартномаси ортидан Россияга газ узатиш ҳажми камаймайдими?” саволини эса ўзбекистонлик ҳамкорларимизга берган маъқулроқ. Ишончимиз комилки, Ўзбекистон билан имзоланган йиллик контрактларимиз тўлиқ ҳажмда бажарилади, - деди “Газпром” ширкати вакиласи Олга Морева.

“Газпром” расмийсининг айтишича, Хитойнинг CNPC ширкати билан ҳамкорликдаги туркман қувурига қўшилиш лойиҳасини амалга ошириш учун “Ўзбекнефтгаз”га ҳам вақт, ҳам йирик маблағ лозим бўлади.

“Газпром”нинг ахборот бўлимидан олинган маълумотларга биноан, 2010 йилда шартнома бўйича Россия Ўзбекистондан 15,5 млрд. куб метр газ сотиб олиш режалаштирилган. Шу йилнинг 15 августига қадар 8,6 млрд куб метр газ аллақачон етказиб берилди.

Хўш, Россиянинг Ўзбекистонда газ қазиб олиш истиқболлари қандай? Бу саволга жавоб берган “Газпром”нинг Ўзбекистондаги қазиш ишлари учун жавобгар “Зарубежнефтегаз” ширкати вакили Иван Гоголев қазиш ишлари кўлами кенгаяётганини гапирди:

- Ҳозирча газ фақат битта “Шоҳпахта” конидан олинмоқда, яна 7 блокда қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Кўриб турганингиздек, иш кўлами жуда кенг: 30 минг кв.км майдонида ҳам бурғулаш, ҳам сейсмик ишлар олиб борилаяпти, деди Иван Гоголев.

Россия-Хитой: рақобат авжига чиқмоқда

Жадаллик билан ўсиб бораётган Хитой иқтисодиёти сўнгги пайтларда дунёнинг энг йирик энергия истеъмолчисига айланиб бормоқда.

“Миллий стратегия муаммолари” журнали бош муҳаррири, Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аждар Қуртов фикрича, Хитой Марказий Осиё энергетика бозоридан Россияни сиқиб чиқараётгани боис “Газпром” учун оғир даврлар бошланиши кутилмоқда.

- Минтақа иқтисодиёти учун кетаётган рақобатнинг авж олаётгани шубҳасиздир. Совет даврида Марказий Осиё газининг 90 фоизи Россияга жўнатилган. 1997 йилда Туркманистондан Эронга кичик ҳажмда (йилига 8 млн куб метр) газ қувурининг тортилиши билан Газпромнинг бу минтақадаги яккаҳокимлигига чек қўйилди. Хитой Қозоғистон билан имзоланган шартнома орқали орага суқила бошлади ва бу ердаги имкониятларни тўла ишга солиб, фаол ҳужумга ўтди. Туркманистон, Қозоғистон ва бугунга келиб эса Ўзбекистон билан имзоланаётган шартномалар Хитойнинг узоқ муддатли ва жиддий сармоялари оқимини таъминлади, дейди Аждар Куртов.

Тошкент ва Пекин ўртасидаги келишувга мувофиқ, Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой магистрал газ қувурининг иккинчи тармоғи 2011 йилда фойдаланишга топширилганидан сўнг ўзбек гази Хитойга экспорт қилинади.

Ҳозирча эса ўзбек газининг ягона харидори бўлиб “Газпром” қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG