Линклар

Каримовни қўрқитган "авторитет"

  • Барно Анвар

Президент Каримовнинг диндорларга қарши сиёсати Абдували қоридан қўрқуви асосига қурилган эди, дейди давра суҳбати иштирокчилари.

Президент Каримовнинг диндорларга қарши сиёсати Абдували қоридан қўрқуви асосига қурилган эди, дейди давра суҳбати иштирокчилари.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги минглаб диндорларни қонли чиғириқдан ўтказаётган сиёсат, ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, президент Каримовнинг диндор "авторитет"лар — Тоҳир Йўлдош ва Абдували қори Мирзаевдан қўрқуви устига қурилган эди. Бугун ҳар икки шахс майдонда йўқ. Аммо сўнгги йигирма йил ичида шиддати ўсиб кетган жазо машинасини тўхтатиш имконсиз кўринади.

«Ислом ва мусулмонлар» рукнининг навбатдаги сонида аввалги лавҳаларимиздан бири — Жаслиқ қамоқхонаси маҳбусларига бу йил Рамазон ойида рўза тутиш ва намоз ўқишга рухсат берилипти, деган хабар атрофида туғилган баҳсни давом эттирамиз.

Бу хабарга асосланган мақолани эълон қилганимиздан сўнг ўзини Швециядан Муҳаммадсолиҳ, деб таништирган муштарий "Қамоқхонада рўза тутишга рухсат берилмайди, овқатни ейиш ёҳуд емаслик ихтиёри берилади. Бунинг рўза тутишга рухсат беришдан фарқи бор", дея шарҳ қолдирди ва қамоқхонада маҳбусларнинг рўза тутиши, намоз ўқиши, бунга мамлакат қонунларида белгиланган ҳаққи хусусида ҳамда мазкур масалада шариатда белгиланган ҳуқуқлар борасида баҳс кўтарилди.

Шу сабабдан бу саволларга қайсидир даражада аввал ҳам тўхталган бўлсак-да, яна бир бор айни мавзу, хусусан, Жаслиқ қамоқхонасидаги бугунги вазият ҳамда Ўзбекистонда диндорларга нисбатн бошланган реппрессия тарихига оид мавзуга қайтиб, давра суҳбати ўтказишни жоиз топдик.

Бугунги давра суҳбатимизда беш киши иштирок этади. Булар – Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов, Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиққан собиқ маҳбус Абдумалик, Ўзбекистондаги бир қанча қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаган Муҳаммадсолиҳ Обутов ва муҳожиратдаги таниқли уламо Обид қори Назаровдир.

Аввалом бор, эслатиш жоиз Жаслиқ қамоқхонасида яқинлари жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонликлар бу қамоқхонада эътиқоди учун қамалган маҳбусларга нисбатан тазйиқ ва қийноқлар мунтазам қўлланишини айтиб келади.

Суҳбатимиз аввалида Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган ва ўғли Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Клара Алимова билан суҳбатлашдик.

У киши 4 август куни Жаслиқ қамоқхонасига бориб, ўғли билан учрашиб келган.

- У ерда маҳбуслар ва уларни қариндошлари ҳам паст табақа одамидек-да. Мени болам 1999 йилда қамалган. Навоийда, Қаршида, Зангиотадаям ўтирган. Мана охири Жаслиққа оборишди. Жаслиқдай қийнайдиган қамоқ йўқ экан ойи, деди болам. Обший режимда бўлса ҳам, уларни қаттиқ режимдагидай битта хонага қамаб ташлаган. Ҳаммага битта стол, эрталаб кравотлари йиғиштирилади, шу билан диндорлар куни бўйи тик оёқда экан. Намозга умуман имкон йўқ, дейди. Шунда ҳам имо-ишора билан ўқишар экан. Билиб қолса, росса азобга солишар экан. Энг ёмони буларни тўртта-бешта қилиб олиб чиқиб кетар экан, шу бўйи битта-иккитаси келмас экан. Ҳозирам учта маҳбус қаердалигини булар билмайди. Июнда биттасини ўлиги чиқибди. Шундоқ Жаслиқда ваҳима, одамнинг юраги увишадиган,- дейди 4 август куни Жаслиқда жазо ўтаётган ўғли билан учрашган тошкентлик Клара Алимова.


Жаслиқ хорижлик меҳмонлар учун сайёҳлик мажмуи


Шу ўринда 64/71 сонли Жаслиқ қамоқхонасининг ўзи ҳақида қисқа маълумот.

Бу қамоқхона 1999 йилда очилган ва норасмий маълумотларга кўра, 400 маҳбусга мўлжалланган. Аммо Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айни пайтда унда 600га яқин маҳбус сақланаётганини айтади. Норасмий маълумотларга кўра, бу қамоқхона маҳбусларига давлат бюжетидан бошқа қамоқхоналарга нисбатан олти баробар кўп сарф-ҳаражат қилинади.

"Борса келмас" номини олган бу қамоқхона Совет даврида биологик ва кимёвий қуроллар синовдан ўтказилган собиқ ҳарбий иншоот биносида жойлашган. Бу ҳудудда ёз кунлари ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошади, қишда эса минус 30 даражагача тушади.

Жаслиқ қамоқхонаси маҳбуслар муттасил таҳқирланиши ва қийноқларга солиниши билан ном чиқарган. 2002 йилда Ўзбекистонга келган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг бу қамоқхонани зудликда ёпиш тўғрисидаги тавсияси ҳануз бажарилмаган, аксинча, бу қамоқхона ёнидан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганларга янги қамоқхона очилган.

2007 йилнинг нобяр ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида ўтган муҳокамада мазкур қамоқхонадаги қийноқлар ва оғир вазият ҳақидаги саволга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Алишер Шарофитдинов Ўзбекистон қамоқхоналари халқаро стандартларга жавоб бериши, хусусан, Жаслиқ қамоқхонаси сайёҳлик мажмуига айлантирилган, дея жавоб қайтаргани танқидларга сабаб бўлган эди.

Айниқса, диний айловлар билан қамалган маҳбуслар учун даҳшатли қийноқлар масканига айланган Жаслиқ маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлар диққат марказида қолиб келмоқда.

Озодлимк Жаслиқ ва Ўзбекистондаги бошқа қамоқхоналардаги қийноқлар, диндорларнинг намоз ва рўза ибодатларига оид савол билан 26 август куни республика Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилди. Аммо, одатдагидек, жавоб ололмади.


Намозни қонун тақиқламайди, аммо қамоқда ички тартиб бор


"Ислом ва жамият" рукнининг бугунги сонида қуйидаги саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз:

- аслида қамоқхона маъмурияти амалдаги қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига биноан рўза тутиш ва намоз ўқишни таъқиқлашга ҳақлими?
- Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасида жазо ўтаётган фуқаронинг қандай ҳуқуқлари сақланиб қолади ва қайсиларидан маҳрум этилади?
- маҳкум мусулмоннинг ибодатига қандай енгилликлар бор ва шундай азобу ситамлар билан рўза тутишга, намоз ўқишга уринган маҳбсларнинг ҳукми қандай?

Биринчи ўринда, “Қамоқхона маъмурияти рўза тутиш ва намоз ўқишни тақиқлашга ҳақлими?”, деган саволга ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комиловдан қисқагина юридик изоҳ эшитсак.

Руҳиддин Комилов: Бизда жиноий ижро кодекси мавжуд. Жойларда ўша кодексга мувофиқ ички тартиб қоидалар ишлаб чиқилган. Қамоқхонанинг турлари кўп. Қаттиқ режим, кучайтирилган режим, умумий режим. Шунга қараб, қамоқда ўтирган маҳбусларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мавжуд. Кенг тушунча бу. Керакли пайтда учрашув ҳуқуқи бор, керакли пайтда уйдан хат-хабарлар олиши, сўзлашув ҳуқуқи, озиқ-овқатлар олиши, керакли пайтда пул олиш ҳуқуқи бор.

Сиëсий ҳуқуқларга келадиган бўлсак, сайловда иштирок этиш, ўз номзодини қўйиш, актив ва пассив сайлов ҳуқуқидан фойдаланиш тушунилади. Бу ҳуқуқлар мавжуд эмас. Ҳар бир қамоқхонанинг қонундан ташқари ички тартиб-қоидалари мавжуд. Булар Ички ишлар вазирлигининг махсус низомига асосан қўлланади.

Қамоқхона маъмурияти рўза тутишга рухсат бериш ëки буни тақиқлаш ҳаққига эгами, деган саволга келсак, бунга "ҳа", деб жавоб бериш мумкин. Чунки қонун ҳужжатлари ва меъëрий ҳужжатлар бор. Мисол учун, баъзи бир меъëрий ҳужжатлар қонун ҳужжатларига тўғри келмайди. Яъни меъëрий ҳужжатлар билан норматив ҳужжатлар ўртасида қарама-қаршилик бор. Бундан ташқари Ички ишлар вазирлигининг йўриқномалари бор, буйруқлари бор. Улар қонунга зид келиши мумкин.

Намоз ўқиш ëки ўқимаслик масаласига келадиган бўлсак, қонун таъқиқламайди, лекин ички тартиб-қоидалар бу нарсани инкор қилиши мумкин. Яъни эътиқод эркинлиги Конституция билан кафолатлаган. Лекин қамоқхонани маълум бир меъёрий ҳужжатга асослаган ички тартиби ҳам бор. Буни аниқ билиш учун мониторинг ўтказиш керак. Қамоқхонага эркин кириш керак, эркин чиқиш керак, ички тартиб-қоидалари билан танишиш керак. Бунинг эса, иложи йўқ. Вазирликлнинг қанақа топшириғи ëки буйруғи бор, ички меъёрий ҳужжатлари қанақа биз билмаймиз.

Демак, ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов фикрларидан Ўзбекистонда қонунда бор ҳуқуқ қонун ости меъёрий ҳужжатларига асосланган ички тартиб билан чекланиши мумкин деган хулоса келиб чиқади.



“Худо фақат Каримов, пайғамбар фақат началник”


Озодлик: Давра суҳбатимизда Жаслиқ қамоқхонасида жазони ўтаб келган собиқ маҳбус Абдумалик иштирок этмоқда. Абдумалик, кейинги пайтларда рўза тутишга имкон берилибди, намоз ўқишга рухсат берилибди, деган хабарлар келмоқда. Мана сиз Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтагансиз, бу хабарни қандай қабул қилдингиз ва қандай тушундингиз?

Абдумалик: Бу масала ва яна шунга ўхшаш баъзи нарсаларга рухсат берилди, деб ташқарида овоза бўлади, лекин адвокат (Руҳиддин Комилов – таҳр.) айтганидек ички тартиб кўп ўринда бундай нарсаларга ҳеч қачон рухсат бермайди. Камерадагилар билан келишиб рўза тутганмиз, намоз ўқиганмиз. Ҳаттоки овқатларимизни камерага беркитардик. Уларнинг берадиган овқати саҳарлик ва ифторлик вақтига тўғри келмайди. Лекин ташқаридан ҳеч қанақа рухсат бўлмайди. Сезса, сал озгина ҳаракат қилганингизни билса, бир киши бир нарушение қилса ҳам ҳаммани олиб чиқиб уради.

Озодлик: Намоз қандай бўларди?

Абдумалик: Намозни ҳам беркитиб, ўтириб ўқирдик. Чет-петларга ўтиб амалласа бўларди. Лекин намоз ўқиганимизни ҳам билиб туришади. Ҳамма камера бир - биридан қандай фарқ қилишини яхши билишади улар.

Озодлик: Битта камерада нечта маҳбус ўтирарди ва уларнинг нечтаси диндор эди?

Абдумалик:
Битта камерада 16 одам ўтиради. Камерадаги одамларнинг ҳаракатига қараб, у камерада намозхонлар ë кўпаяди ëки озаяди.
Озодлик: Масалан, Рамазон ойи аввалидами ëки Рамазон ойи давомидами қамоқхона кузатувчилари ëки нозирлари “рўза тутманглар”, деб тўғридан тўғри айтармиди?

Абдумалик: Мен ҳозир буни яхши эслай олмайман. Лекин намоз, суҳбат, калималар, ташбеҳлар айтмасликни очиқчасига айтарди. “Худо фақат Каримов, пайғамбар фақат начальник”, каби шунга ўхшаш, астағфируллоҳ, гапларни очиқ айтарди.

Озодлик: Раҳмат, Абдумалик. Аҳмаджон ака, мана сиз ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаолларидан бирисиз. Сизнинг иккита фарзандингиз диний айбловлар билан жазо муддатини ўтаган. Ўзбекистон қамоқхоналаридаги бугунги вазиятни кузатиб келаяпсиз. Жаслиқ қамоқхонасида рўза тутишга рухсат берилди, деган хабарни қандай изоҳлаш мумкин?

Аҳмаджон Мадумаров: Бизнинг Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун қабул қилинган ва ўша қонун билан диний эътиқод эркинликлари чегаралаб қўйилган. Руҳиддин айтганидек қамоқхонада ўзининг режими бор.

Аслида қамоқ жазоси берилаëтганда у озодликдан маҳрум қилинади, диний эътиқод эркинлигидан маҳрум қилинмаслиги лозим. Бизнинг Ўзбекистонда худди ана шу ҳолатда ҳар қандай диний эътиқод эркинлигидан ҳам маҳрум қилинади.

Мен шунинг исботи сифатида айтмоқчиманки, мана фарзандим Мадумаров Ҳабибулло суд маҳкамасига тортилиб, 221-модда билан айбланиб, яъни қамоқхонадаги тартибни бузганлик учун, деб суд қилинди ва маҳкамада прокурор “Сен соат 4 да туриб, намоз ўқибсан. Намозингни подъëмдан кейин, 6 дан кейин ўқисанг бўлмайдими”, деб айтган. Оллоҳнинг буйруғи билан, ҳали Обидхон айтсалар керак, мусулмонлар учун беш вақт намоз фарз қилиб белгиланган. Намознинг фарзларидан бири уни вақтида ўқимоқлик. Лекин бунга улар имкон бермайди.

Қамоқхонада рўза тутишга ва намоз ўқишга рухсат берилди, деган гапга мен ҳеч қачон ишонмайман. Чунки қамоқхона режимида соат 6да подъëм бўлади. 4да туриб намоз ўқиган одам албатта жазога тортилади.

Озодлик: Ўғлингиз устидан бўлган судда ички тартибни бузди, деган важни келтиришди деяпсиз. Сизга ҳеч бўлмаса шунинг механизмини, ички тартиб, дер экан ички тартибга оид ҳужжатларни кўрсатишганми?

Аҳмаджон Мадумаров: Йўқ. Ички тартиб-қоидалари бўйича қоидаларга риоя қилмоқлиги ва иш пайтида ишни бажармоқлиги керак. Намоз ўқиш учун шароит яратилган эмас. Намоз пайтида жойнамоз солиб намоз ўқиши амримаҳол. Қамоқхонада ибодатга рухсат йўқ ва бунга бўйсунмаганлар аёвсиз қийноққа солинади. Бундан мақсад эса, диндорларнинг эътиқодини синдириш. Бунинг бари динга қарши, динга душман одамларнинг иши.

Озодлик: Абдумалик, мана намоз ўқишга ва рўза тутишга тўсқинлик қилинар экан, ички тартиб важ қилиб келтирилаяпти. Ўзи ички тартиб нима бу? У қандай бўлади? Жаслиқда ўтирганингизда ички тартиб тўғрисидаги бирор бир қоғозни кўрганмисиз?

Абдумалик: Қоғозда йўқ тартиблар булар. Офицерлар ўрнатган тартиб. Режимнийлар, оперлар ўрнатган тартиб шулар.

Озодлик: Қамоқхона маъмурияти ўрнатганми?

Абдумалик: Ҳа. Лекин ëзувда йўқ булар. Қоғозда йўқ бу нарсалар. Бизларга ўхшаганларнинг устидан назорат қилиниши ҳеч қаерда ëзилмайди. Лекин буйруқ билан ҳамма ҳеч қаëққа қимирламасдан бажаради шуни.

Озодлик: Мана шу шароитда сиз қандай қилиб намоз ўқирдингиз?

Абдумалик: Биз намозга турадиган вақтимизда эшикка яқин томондаги одам дежур туриб туради. Ташқаридан ким келаëтганини, ким турган турмаганлигини пойлаб туради. Эшикнинг таги кўринмайдику кўзгудан қараганда. Ҳеч ким йўқ вақтида айтади-да, ҳожатга чиқиб келадиганлар секин сувнинг овозини чиқармасдан эҳтиëт бўлиб таҳорат қилиб, четга ўтиб намоз ўқиб олади.

Озодлик: Кундузги намозлар қандай бўларди?

Абдумалик: Икки қатор бўлиб кўзгуда кўринадиган бўлиб ўтирасиз. Эшикнинг тагидаги одам кўринмайди. Келиб ҳожатга чиқаман, деб сўрайсиз. Ҳожатга чиқишга рухсат берса, кириб таҳоратингизни қилиб, ўзингиз бўшатган жойга ўтирмайсизда бошқа жойга ўтирасиз. Эшикнинг тагидаги иккита жой кўринмайди кўзгудан қараганда. Шу ерда ўтириб навбат билан намоз ўқиб олардик.



Ички тартиб началник виждонига сепилган сув


Озодлик: Энди Муҳаммадсолиҳ Обутовга сўз берсак. Мана сиз 8,5 йил Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтиргансиз. Ўзингиз гувоҳ бўлган нарсалардан сўзлаб берсангиз.

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Зоналарнинг у ер бу ерига Конституциянинг баъзи бир моддалари ëзиб қўйилган. "Маҳбуслар ўз ибодатини эмин-эркин адо қилишга ҳақли", деганга ўхшаган моддалар ҳам бор. Лекин амалда айнан намозга қаршилик қилиш учун жуда кўп кураш услублари ўйлаб топилган.

Ëзда бомдод вақти кирганда, намоз ўқиб олиш мумкин эмас. Режимни бузган бўласан. "Начальник, мен туриб намоз ўқидим", деса, "Менинг намозинг билан ишим йўқ. Сен режимни буздинг", дейди. Ўзининг қонунига ҳам сал тўғри келтирмоқчи бўлади. Бир-иккитасидан хат ҳам ëздириб олади изоляторга ëпиш учун.

Озодлик: Демак, суриштириб борилса, улар асос топиб беради.

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Ҳа. Криловда "Бўри билан қўзичоқ", деган масал бор-ку. Булар қонунга тўғри келтирмоқчи бўлади улар қилаëтган ишини. Рўза тутишга ҳам қаршилик қилганда “Мен ҳоҳламайман ейишни. Мени мажбурлайсанми?” деса, “Бўпти емасанг ема” дейди. Энди биз нонни олиб кетишимиз, кечқурун ейишимиз керакку. “Нонни олиб чиқмайсан. Ошхонадан бошқа ерда овқатланиш мумкин эмас” дейди. Ташқарига одам қўйиб, Гадлар (Қамоқхона маъмурияти томонидан ёлланган маҳбуслар) текшириб¸ бизларни “шмон” қилиб, ëнимиздан нон чиқса, олиб қўяди. У ҳам қонуний олинади. Яъни “ички тартиб шу” деб олинади. Қаршиликни ҳам қонунга мувофиқлаштириб бошлашган эди.

Ошкора очиқ қаршиликлар даври бўлди, аммо, уриб овқат едирган даврларам бўлди. Намоз пайтида уриб тепадан тепиб туширишар эди. Иккинчи этажда ўқир эдик. Намоз ўқиëтган пайтда устимизга чиқиб тепиб туширарди. Бомдод учун кўпроқ изоляторда ўтирганмиз. Жуда кўп марта шунинг учун уруш бўлган.

Зонанинг начальниги баъзи баъзида “Мен ҳам Худога ишонаман. Мусулмонман” деб қўярди. “Начальник, мусулмонман дедингиз. Мен намоз ўқидим. Нимага мени жазолайсиз?” деса, “Мен намозинг учун эмас, режимни бузганинг учун жазолайман”, деб ҳалиги ўзининг виждонини сал тинчлантириб қўйса керакда. Худонинг олдида ҳам шу ҳужжат бўлади деб ўйласа керакда у ҳам.


Эътиқоди учун банди қилинган 9 минг мусулмон


Озодлик: Раҳмат. Аҳмаджон ака, мана сизнинг сўзларингиздан, Абдумалик, Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг сўзларидан тушундикки, қамоқхонада аҳвол жуда оғир. Рўза тутиш, намоз ўқишга деярли имкон йўқ. Мана шундай оғир шароитда Ўзбекистон ҳудудида диний мотивлар билан қамоқ жазосига маҳкум этилган маҳбуслар сони қанча?

Аҳмаджон Мадумаров: Менинг тахминимча, ҳозир диний эътиқод эркинлиги билан қамалган маҳбуслар сони менинг маълумотларимга биноан 13-15 минг ўртасида бўлса керак. Қамоқхонада мавжуд бўлган диний эътиқод эркинлиги билан қамалган одамларнинг оила аъзолари билан мулоқотдан келиб чиқиб айтаяпман мен буни.

Озодлик: Мана биз билан алоқада ҳозир Суръат Икромов ҳам бор. Суръат ака, сиздаги маълумотларга кўра, диний эътиқоди учун қамалган қанча маҳбус қамоқ жазосини ўтаяпти?

Суръат Икромов: Ўзбекистонда 55 та қамоқ муассасалари бор. Диний эътиқод билан қамалган маҳбуслар ҳозир ҳаммаси бўлиб 9000 дан ошиб кетди.

Озодлик: Суръат ака, аввалги суҳбатларимизда айтган эдингиз, Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбус учун бошқа қамоқхонадаги маҳбусларга нисбатан олти баробар кўп ҳаражат сарфланади, деб. Норасмий маълумотларга кўра, бу қамоқхонада ҳозир 600 га яқин маҳбус бор. Жами эса мамлакатда 9 минг маҳбус эътиқоди учун ўтирибди, деяпсиз. Уларни шунча миқдорда қамагани ҳам етмай, яна шунча сарф ҳаражат билае уларни қийноққа солувчиларни ҳам ушлаб туриш, бунақа қийноқ механизмини тинимсиз ишлатиб туришдан мақсад нима? Бу савол барча иштирокчиларимизга қаратилган, марҳамат.

Суръат Икромов: Бу биласизми, 90 йилларни бошидан буён бу шунақа ишлаб келаяпти. Ҳали Аҳмаджон ака айтганидек, бу диндорларни синдиришга қаратилганда. Шу қийноқ услублар билан диндор маҳбусларни эътиқодини синдириш ва шу билан уларнинг ортидан очиқда қолганларга ҳам тазйиқ ўтказиш бу. Ҳар битта диктатура режимнинг ўз олдига қўйиб олган душмани бўлади. Каримов режимининг душмани 90 йиллар бошларидан буён диндорлар бўлиб келяпти аслида. Ҳозир ўзи шу 55 та қамоқхонадаги маҳбуслар сони 100 мингга яқинлашиб қолган. Ривожланган давлатларда ўзи қамоққа солишдан кўра, жарима солиб жазолаш практикаси кенг қўлланилади. Чунки, бу жуда катта ҳаражатда. Аммо Каримов режими одамларни шу қамоқ билан қўрқувда сақлаб туриш учун тинимсиз қамаяпти.

Обид қори Назаров: Аввалом бор, қамоқдаги барча мусулмон биродарларимизни муборак Рамазон ойи билан қутлайман ва ҳаммаларига Оллоҳдан сабр тоқат тилайман! Уларнинг бошига келган бу синовларда собит туришликларини ва бу кунлари тезроқ тугаб, тезроқ озодликка чиқишларини сўраймиз. Бу очиқ кўриниб турибдики, дин душманлари, Ислом душманларининг иши. Намоз ўқигани, ибодати учун одамларни олиб бориб қамоққа солиш ва қийнаш бу Ислом душманларининг иши.

Аслида бу ҳукумат динга меҳр қўйиб, намоз ўқийман, рўза тутаман, деган ёшларга қулоқ тутиб, улар билан ҳисоблашиши керак эди. Фақат менинг айтганим бўлади, деган бу сиёсат туфайли мана бугунгидек ёмон аҳволларга келиб турибмиз. Бу жуда катта хато бўлди.

Абдумалик: Булар шу йўл билан диндорларни синдирмоқчи бўладию, аммо, бунақа бўлмайди. Аксинча, ўғри бўлиб кирганлар бизга қўшилиб намозхон бўлганини кўрдик, лекин намозхонни бенамоз бўлганини кўрмакдик.


“Каримовни қўрқитган Тоҳир эмас, Абдували қори эди”


Озодлик: Шу ўринда Ўзбекистонда диндорларга қарши бошланган репрессиялар тарихига тўхталсак. Муҳаммадсолиҳ Обутов қамоқхоналарда ва очиқда ҳам диндорларга бўлган тазйиқлардан яхши хабардор. Суръат ака бу репрессиялар тарихини 1990 йилларда бошланган деб эслади.

Ҳақиқатан ҳам 1991 йилда Наманган шаҳрида “Оллоҳу акбар”, деб ҳайқириб турган ва Тоҳир Йўлдошга эргашган минглаб диндорлар олдида аввал ўзи тиз чўкиб, кейин Тоҳир Йўлдошни ҳам тиз чўктириб қайтган Каримов бироздан кейин Наманган, кейин Қўқон, кейин Андижон шаҳарларида диндорларни бирин-кетин қамай бошлаган эди. 1995 йилда Абдували қори ҳибсга олинди, кейин 1999 йилги портлашлар бўлди. Марҳамат, Муҳамамдсолиҳ ака, кейинги 20 йиллик репрессиялар даврига қисқача тўхталсангиз.

Муҳаммадсолиҳ Абутов: Тоҳирнинг ўша тўполонидан кейин Каримов биринчи марта диндорлар билан рўбарў келди. Ўзининг ҳаëтида менимча биринчи марта кучли рақибларни ўша вақтда кўрди. Тоҳир ўша пайтда рухсат берилмаган норозилик намойишини ўтказганда, мен кейин эшитганман шуни, Абдували акани ўша ерга чақиртириб Андижон вилоят ҳокимлари “Тоҳирга айтинг. Одамларни тарқатсин” деб айтган. Ҳукуматнинг кучи етмаëтган бир пайтда қори аканинг икки оғиз гапи билан одамлар тарқалган. Тоҳир ҳам одамларнинг тарқалишига нима берган. У ерда Абдували қорининг бесспорний авторитет эканини Каримовнинг ўзи ҳам кўрган ва у Тоҳир ҳам тан оладиган одам эди.

Озодлик: Қанчалик ишончли гап бу?

Муҳаммадсолиҳ Абутов: Бизнинг Мўминжон ака деган домламиз бор эди. Биз ўша вақтлар Андижонда ўқиган эдик. Ўша киши айтган. Жуда ишончли. Ëлғон гапирадиган одамлардан эмас эди. Шунда Каримов “Қандай одам бу? Бунинг бир оғиз гапи билан шунча одам тарқалиб кетса, яна бир оғиз гапи билан шунча одам йиғилиши ҳам мумкин” деб ўйланиб қолган. Шундай одам борлигини кўрган. Кейин бир-икки марта учрашишга ҳаракат қилган.

Қори аканинг телохранители бўлиб юрган Қутбуллоҳ деган йигит бор эди. Кейин у билан турмада бирга ўтирдик. Ўшалар гапириб берган эди. Ҳоким келиб туриб “Юринг илтимос қори ака. Каримов кутаяпти сизни” деса, “Мен бормайман. Бор айт Каримовингга. Мана масжидга келсин гаплашамиз. Сенинг ҳам уйинг эмас, менинг ҳам уйим эмас Оллоҳнинг уйи” деган.

Каримов Тоҳирдан ҳам кўра анча кучлироқ, одамларга сўзи ўтадиганроқ одам борлигини билиб, Тошкентда диний бошқарма томонлама тазйиқ бошлади у кишига. Кейинчалик бўлган энг катта нарса, Абдували аканинг ўзини йўқотишда булар. Ҳамма нарса шундан бошланди. Абдували акадан кейин тезлашиб кетди. Ўша пайтда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам бу режим билан келиша олмай охири ҳижратга чиқиб кетган эди. Диний бошқарманинг ўзининг ичида ҳам кўп ўзгаришлар бўлиб кетди.

Бу нарса давом этиб охири 1999 йилда жуда жиддий муаммолар бошланди. Ким қилган, қандай қилган билмадим, лекин жуда катта зарарга, репрессияга йўл очиб берди. Каримов бемалол халқни тазйиқ қилишга ўзини ҳақли деб ҳисоблаб қолди.

Шунда ҳукуматга қарши ошкора қарши ҳаракатлар ҳам бўлди. Мен тинчлик йўли билан демоқчиман. Ҳизбут-Таҳрир ошкора варақалар тарқатиб бошлади. Шу пайтгача Ўзбекистон тарихида кўрилмаган нарсада бу. Судларда улар ошкора тарзда судялар билан тортишиб, яъни кўп минглаб ўзбек ëшлари шу пайтда ҳукумат учун кутилмаганда майдонда пайдо бўлиб қолди. Ҳукумат бундан ҳам анча ларзага тушди.

Ҳақиқатан булар анча қўрқиб, довдираб, турманинг ичида ҳам зулмлар қилишга ўтди. Шунинг учун мен диндорларга қарши қамоқдаги қийноқлар даврини иккига бўламан. 1990 йиллардан 1999 йилга қадар бўлган давр. Унда диндорлар қамалар эди, ичкарида азобга солинмас эди.

1999 йилдан кейин эса ичкарида тазйиқлар, намозга, рўзага бўлган қаршиликар бошланди. Ҳаракат қилиндики, турманинг ичида ҳам диндорлар хотиржам ўтирмасин. Ҳаракат қилиндики, диндорлар билан ўғирлик қилиб қамалганлар алоҳида юрсин. Чунки улар ҳам диндор бўлиб кетмасин деган ҳадик бор эдида.

Хуллас турманинг ичида ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Бир пайтда очиқда ҳам қаттиқ зулмлар бошланди. Мана шу аҳволда мана 2005 йилда Андижон қирғини бўлди. Унгача Бухорода, Тошкентда нималар бўлди. Мана ўтган йил Хонободда. Шунақа қилиб ё район миқëсида, ë вилоят миқëсида диндорлар билан ҳукумат ўртасида ҳалигача стичка бўлиб келаяпти.

Золимона сиёсат ўзига чох қазияпти


Озодлик: Шу ўринда, Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ҳам бу давра суҳбатида иштирок этса, яхши эди. Аммо, мен шу ўринда кўпгина диндорлар устидан борган терговларни юритган ўзбекистонлик бир терговчи билан суҳбатни эслаяпман. Шу терговчи айтган эди: “Бу ҳизбутларни қамоққа қамаб, у ерда синдириб тугатмасак, улар тугамайди ва тек қўйилса, қисқа муддат ичида бутун Ўзбекистон ҳизбут бўлиб кетиши мумкин. Каримов тўғри қилаяпти”, деган эди. Менимча, ҳуқуқ-тартибот идоралари ичида шундай фикрда бўлган ходимлари жуда кўп. Аммо, уларнинг шу ишонч устига қурилган сиёсати, боягина Аҳмаджон ака ҳам айтиб ўтгандай, диндорларнинг эътиқодини синдиришга қаратилган сиëсати ҳукумат кутган натижани бераяптими ва умуман қандай натижа бераяпти? Шунга қисқа жавоб берсангизлар. Марҳамат.

Абдумалик: Аксинча, мусулмонларни йўқ қилишга ҳаракат қилган сари, мана Жаслиқда ва бошқа зоналарда қанча-қанча ўғри болалар мусулмон бўлиб чиқишаяпти. Ëки ташқарида қанча-қанча қизлар муслима бўлиб ҳижобга киришаяпти. Намозхонлар кўпайиб бораяпти.

Озодлик: Буни ҳукумат бугун юритаëтган сиëсат натижаси деб ўйлайсизми ëки бунақа сиëсат бўлмаса ҳам шунақа кўпайиш бўлармиди?

Абдумалик: Кўпайиш албатта бўларди, лекин улар бу йўл билан мақсадига етмаслигини айтаяпман мен.

Озодлик: Марҳамат Обид қори ака, сизнинг фикрингиз.

Обид қори Назаров: Сизнинг қўлингизда бир қимматбаҳо нарсангиз бўлса, унга биров таҳдид солмаса, бепарво бўласиз, хотиржамроқ ëнингизга қўйиб қўйишингиз ҳам мумкин. Аммо бир хавотир уйғонса, уни сиз маҳкам ушлайсиз. Бағрингизга қаттиқроқ босасиз. Биров қўлини узатса, дод-вой кўтарасиз. Энг улуғ бойлик, ҳеч бир нарх-наво билан баҳолаб бўлмайдиган бойлик ислом ва иймон неъмати ва солиҳ амаллар неъмати. Бунга таҳдид қилинган сайин қизиқиш ортади. Одамларнинг ухлаб ëтган туйғулари уйғонади, ғайратлари, шижоатлари кўпаяди ва инсон бор имкониятини ишга солади. Давлатнинг сиëсати мана шу жиҳатдан мусулмонларга фойда.

Албатта зарар, заҳматлари катта бўлаяпти. Бундай қийинчиликлар бўлишини истамаймиз, лекин шу қийинчиликларнинг ортидан келадиган натижаси шу. Бундай қараганда ҳақиқатан давлат ютқазаяпти ҳозир. Сиëсат ўзига ўзи чоҳ қазияпти. Ўзи Оллоҳнинг ҳам ҳикмати ҳам шу. Бу билан мусулмонлар иншооллоҳ исломда яна ҳам мустаҳкамроқ бўлишади ва улар нусратга, нажотга, ғалабага эришишади деб умид қиламиз.

Суръат Икромов: Биласизми, мен ҳалиги терговчини фикрига қўшилмаган бўлардим. Ўзи шу анти-террор бўлимида ишлаётган болларни орасида ҳам намозхонлари бор аслида. Мен улардан сўрагананман ҳам: “Мана сизларам намозхон, буларам намозхон. Нега биродарларингизни қамайсизлар?” десам: “Биз ҳам буни ҳоҳламаймиз, аммо, буйруқ шунақа уни бажаришимиз керак”, дейишадида. Бу тўғридан-тўғри Каримов истаги билан боғлиқ сиёсат. Ўзбекистонда бўлаëтган бунақа сиëсий ишлар фақат ëмонликка ишлаяпти. Ўзбекистонни умуман дунë бўйича ҳурмати жуда пастга тушаяпти. Бу Ўзбекистонга жуда катта минус деб ўйлайман. 15 йил ичида Ўзбекистоннинг иқтисоди, социал аҳволи ва ички сиëсати бундан фақат зарба еди.

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Агар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ходимларни тилга олсак, уларам шу динсиз совет замонида катта бўлган, бугунги типик ўзбек сотрудникларида. Уларам ўзини мусулмонман дейди, агар сўрасангиз. Лекин шу Худодан кўра кўпроқ Каримовдан қўрқади, бор гап шу. Лекин оперлари орасида намозхони борлигига мен ишонмайман. Саждага эгилган бирор одам ўзи каби ибодатда бўлган бошқа бир одамни бунақанги қилиб эзишига ишониш қийин.

Агар умуман оладиган бўлсак, кейинги давр ичида бўлган бу курашдан диндорлар ҳалигача ўзининг мақсадига эришмади, агар қанақадир мақсад сари ҳаракат қилишган бўлса. Яъни, Ҳизбут-Таҳрир бўлсин, бошқа гуруҳлар бўлсин улар ўзининг мақсадига эришмади. Каримовнинг мақсади тахтда ўтириш бўлса, ҳалигача ўтирибди. Аммо, шуниси аниқки, у мангу ўтира олмайди барибир.

Озодлик: Муҳаммадсолиҳ ака, шу ерда бир савол берсам. Ўзбекистондаги диндорларга репрессиялар тарихи 1991 йилнинг кузидаги Наманган воқеалари бошида турган Тоҳир ва ўша бесспорний авторитет бўлган Абдували қори акага бориб тақалади, дедик. Булардан бири Абдували қори 1995 йилда ҳибсга олинганидан буён бедарак. Сўнгги бор у кишининг ҳаёт экани ва қайсидир қамоқхонада қўли операция қилиб, кесиб ташлангани ҳақида МХХ нинг собиқ жосуси Икром Ёқубов гапирган эди. Аммо, бу қанчалик ҳақиқат эканини билмаймиз.

Тоҳир Йўлдош эса ўз сафдошлари сўзларига кўра, вафот этиб кетди. Ваҳоланки, шу йил баҳор ойларида Андижон вилоятида бўлиб ўтган бир неча маҳкама жараёнларида уйидан Тоҳирнинг диски чиқди, деган айблов асос қилиниб, 20 талаб диндорлар қамалгани ҳақида маълумотлар ҳам олган эдик.

Нима деб ўйлайсиз, энди уларнинг майдондан кетиши билан уларнинг номи билан бораётган бу “жодугар ови” тугармикин? Диндорларга нисбатан тазйиқ, таъқиб ва қийноқлар ҳам тугармикин, ҳеч бўлмаса, сусаярмикин?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Мен Ўзбекистонда диндорларга қарши репрессияни кўпам Тоҳир Йўлдош номи билан боғламаган бўлардим. Тўғри, Каримов режими учун бу курашнинг аввали шу Тоҳирнинг тўпалони бўлган, дейиш мумкиндир. Аммо, Каримовнинг табиатидаги режим учун бунинг аввали коммунистик режимдан бошланган. Бу ҳам шу динсиз режимнинг маҳсулику. Унинг режими эса собиқ совет режимининг шундоққина ўзи.

Эртага унинг ўрнига келадиган кимса ҳам диний жамоатлар, гуруҳлар билан Каримовдан қолган кураш меросини давом эттириши керак бўлади. Яъни, бу кураш Каримов ва унинг даври билан тугаб қоладиган нарса эмас. Каримов узил-кесил ғолиб бўлиб чиқиб кетди бу майдондан дебам тушунмаймиз бизлар. Агар у охиригача шу курсида ўтириб ўлса, унинг ўлими билан у ғолиб бўлиб кетмайди бу дунëнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам.


Жаслиқда ҳаёт фақат ўлим томон боради


Озодлик: Абдумалик, мана шунча қийноқ бўлса ҳам, шунча тақиқлар бўлса ҳам сиз нима учун рўза тутдингиз, нима учун намоз ўқидингиз? Ҳали бу ҳақда Обид қори Назаровдан ҳам сўраймиз, аммо, тутқунликда намоз ўқишга, рўза тутишга енгилликлар бор эканку, сиз нега фойдаланмадингиз?

Абдумалик: Енгиллик бор, лекин биз эътиқодимиз учун, Оллоҳга иймон келтирганимиз учун қамалдик. У ерда ўтирганингизда ҳаëт бир томонлама. Фақат ўлимга қараб кетаяпти. Атрофингизда ҳамма ўлиб бораяпти. Ташқаридан умид йўқ. Шундай ҳолатда бўлгандан кейин қандай яхши амални кўрсангиз, ҳаммасини тез-тез йиғиб, амал қилиб кейин ўлиб кетишга ҳаракат қиласиз.

Мисол учун Рамазон ойи энг улуғ ойлардан. Биринчи ўринда туради рўза ойи. Улуғ ой. Рўзани бу ерда тутмасангиз, чиққандан кейин тутишингиз мумкин. Лекин у ердан чиқиш умиди йўқку сизда. Шундоқ тоза ойни ўтказиб юбораманми деб ҳаракат қиласиз яна кучлироқ мусулмон бўлишга. Умуман ўғирлик билан, динга алоқаси бўлмаган, диний тушунчаси бўлмаган болалар “мана шу Жаслиққа келганимга Худога шукур” деб дуо қилишарди.

Озодлик: Демак, қийноқлардан эътиқод синмади, аксинча кучайди ва эътиқоди сустроқ бўлганларни ҳам сафингизга тортиб кетди?

Абдумалик: Ҳаттоки умид қиламиз шулар жаннатий бўлиб кетишди деб. Ўғри болалар бор эди. Биз уларга тушунтирдик ҳаëтнинг қанақалигини, нимага келганлигимизни, нима учун яшаëтганимизни. Улар бизга қўшилиб намозхон бўлишди. Ҳаттоки кечалари туриб дуо қиладиган биродарларга айланишди ва вафот этиб кетди ўша болалар.


Диндор маҳбус учун иймони кафтидаги чўғдек


Озодлик: Обид қори ака, сизга охирги саволимиз. Бу Жаслиқ ҳақидаги мақола сайтга қўйилгандан кейин шарҳларда тилга олинган масала. Тутқунликда мусулмонларга ибодат бўйича енгилликлар берилиши ҳақида муштарийларимиз ëзди. Қанақа енгилликлар берилади? Сизни қамоқхонада эшитаëтган диндор маҳбусларга қандай фатво берган бўлардингиз?

Обид қори Назаров: Мана юқорида Аҳмаджон аканинг сўзларида айтилди бошлаб, яъни намоз ва рўза Оллоҳ таоло фарз қилган ибодат. Ва китобларда ҳам айтилган. Буни ҳеч ким истисно қилмайди ҳеч қандай ҳолатда. Яъни барчага баробар фарз. Мана шу фарзлар маҳбусларга ҳам, очиқда юрган инсонларга ҳам ҳамма учун баробар фарз. Бу нарсани биринчи ўринда эслаб ўтиш керак.

Мана ҳозир Абдумаликнинг сўзидан келиб чиқадиган бўлсак, бизнинг кўзимизда оғир туйилаëтган нарса улар учун, дунëнинг кўп лаззатлари ва роҳатларидан маҳрум бўлган инсон учун асосий лаззат ва роҳат манбаига айланган бўлсачи энди шу ибодат?! Демак, биринчи ўринда бу фарзлигини инкор этиш керак эмаслиги эсланади ва инсон ўзининг зиммасидаги бурчи фарзини ҳар қандай ҳолатда ҳам бажаришга ҳаракат қилиши ҳам фарз. Бу биринчи масала. Буларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг, тиклашнинг ҳаракатини қилишимиз керак.

Ана энди узрли ҳолатларга келсак бўлади. Ислом дини енгиллик дини. Оллоҳ таоло бандаларига қийинлик, машаққатни хоҳламайди. Оллоҳ таоло Бақара сураси 185-оятда “Оллоҳ сизларга енгилликни истайди. Сизларга қийинчиликни истамайди” дейди. Инсонларга агар шундай оғир шароитлар бўлиб қолса, улар қўлларидан келганча ҳаракатларини қилгандан кейин ҳам имконият йўқлиги ва улар учун бу жуда катта талофатга, зиëнига, ҳалокатга сабаб бўлиши аниқ бўлиб қолганда, улар учун албатта енгиллик бўлади. Бу қамоқда ўтирган одамлар учунгина эмас балки ташқарида оғир ишда ишлаëтган одамлар учун ҳам. Ўша ишда ишламаса, жуда ҳам аҳволи ночор бўлиб қолади. Шундай ҳолатларда уларнинг рўзасини очишга ва бошқа кунларда кейинчалик имкониятини топиб тутиб беришга рухсат берилади.

Тутқунликда ўтирган барча мусулмон биродарларимиз, ҳамюртларимизни яна бир бор Рамазон ойи билан муборакбод этамиз ва барчаларига Оллоҳдан сабр-тоқат ҳамда тезда озод бўлишликларини сўраб қоламиз!

Озодлик: Раҳмат Обид қори ака. Азиз муштарий, Ўзбекистон қамоқхоналарига эътиқоди учун банди қилинган ва жуда жуда оғир шароитда, қийноқлар остида жазо ўтаётган ўзбекистонлик диндор маҳбуслар тақдиридан гап борган бугунги эшиттиришни якунлар эканмиз, ҳадисларда келадиган: “Бир замонлар келадики, мусулмон учун иймонини сақлаш кафтда чўғни сақлашдек оғир бўлиб қолади” мазмунидаги гап ёдга келади.

Ўзбекистон қамоқхоналарида очлик, зўрлик, хўрлик остида ибодат қилаётган минглаб мусулмон маҳбуслар учун бугун иймони, гўёки, кафтидаги чўғдек бўлиб қолди...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG