Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:38

"Рамазонда эримиз билан бирга бўлишни орзу қилган эдик"


Ифторлик оби ёвғонини пишираётган қочқин аёллар ҳам, уларнинг болалари ҳам айни кунда Олмаота ҳибсхонасида ушлаб турилган оила бошлиқларининг озод этилиши умиди билан яшамоқдалар.
Ифторлик оби ёвғонини пишираётган қочқин аёллар ҳам, уларнинг болалари ҳам айни кунда Олмаота ҳибсхонасида ушлаб турилган оила бошлиқларининг озод этилиши умиди билан яшамоқдалар.

Қозоғистонда бошпана излаётган ўзбекистонлик бир неча аёл шу кунда ифторлик дастурхонини фақат болалари билан бахам кўришга мажбур. Бу аёлларнинг эрлари 2,5 ойдан буён ҳибсда ушлаб турилибди.


Олмаота шаҳри чеккасида жойлашган ҳовлилардан бирида ўзбекистонлик қочқин аёллар ўчоқда ифторлик таомини тайёрлашди.

5-6 дона картошка ва қиймаси асосан гуручдан бўлган голубци (булғори дўлма) солинган суюқ шўрва 20 га яқин қочқин аёл ва уларнинг болалари учун ифторликнинг асосий емаги.

- Красний крест озгина ёрдам бераяпти, мана шуни ту-ту-ту қилиб еяпмиз. Ҳозир мана ичган шўрвангизни кўраяпсиз. Яримта картошкаси бор ичида, у ҳам сиз меҳмон шарофати билан, - дейди ўз исми сир тутилишини сўраган қочқин аёллардан бири.

Бу аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган экан.

Олмаотадаги қочқин ўзбек аёллари эрларисиз қийналиб қолаётганини тўхтамасдан гапиришади:

-“Кўчаларда қовунлар кўп-ку, дадам бўлганда олиб келар эди-ку. Нимага бизга олиб келмайсиз”, дейди. “Абдуллоҳ, ўғлим шуни олмасак, иккита нон беради, кунимиз ўтади”дейман, дейди яна бир ўзбекистонлик қочқин аёл.

У ўзининг уч фарзанди шу кунда отасини жуда соғинганини айтади.

Қочқин аёллар ва уларнинг фарзандлари ифторлик қилаётган оқланган хонанинг бир деворида жойнамоз осиғлиқ. Жойнамознинг ёнида гулли, енги узун аёллар кўйлаги илиб қўйилган. Озодлик билан суҳбат чоғида рўзадор аёллар олдинги интервюларида нега юзларини кўрсатмасдан қора кийимда журналистларга кўринишганини тушунтиришди:

- "Ўзбекистонда мени кўриб қолса, қариндош-уруғимга тазйиқ бўлади" деб қўрқиб, ҳамма юзини ёпиб интервю берди. Сиз бизни қандай кўриб турган бўлсангиз, биз мана шундай юрамиз, дейди гулдор рўмолини жағи остидан тугиб олган 30 ёшлар атрофидаги аёллардан бири.

9 июндан 11 июнгача Олмаотада бошпана излаётган 30 нафар ўзбек қочқини қозоқ полициячилари томонидан ўзбекистонлик ҳамкасблари сўровига кўра ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу аёлларнинг эрларини терроризмда, диний- экстремистик ташкилотларга аъзоликда айблаган.

Бу айбловларга ҳибсдагиларнинг аёллари ишонмайдилар.

- КНБга учрашувга бораман. Хўжайиним қайта-қайта сўрайди: "Болалар касал бўлиб қолмадими?" деб. Ишонмасдан сўрайди. Кулиб турган қора кўзини кўрсангиз, қийналганингиз унутилади. Ҳозирги ойда Оллоҳдан сўраяпман: "Оллоҳ таоло, биз ҳақмиз, ҳақлигимизни исботла” деб . Эрим шу гуноҳларни қилмади, оқланиб чиқсин, фарзандларини ўзи тарбия қилсин, дейман. Ҳар куни тўртта фарзандига “Қачон дадам келади?” деган саволига жавоб бериш осонми онага? - дея савол беради тўрт нафар фарзанднинг онаси.

Ҳар ҳафта болаларига оддий музқаймоқ олиб беришга пулини сарфламай, эрини кўргани ҳибсхонага қатнаётган суҳбатдошимиз ҳибсхонадаги жуфти ҳалолига мадад бўлишга ҳаракат қилаётганини айтади:

- Мен эримга ҳам айтаман. “Ўйланманг, сочингизни оқартирманг, ҳали яхши кунлар келади, сизни тўртта бегуноҳ мурғак кутиб ўтирибди. Шунинг учун ҳам умид билан яшанг", дейман. Нимага? Ўзим ҳам шу умид билан яшаяпман. Мана бу ерда қийналиб ўтирган бўлишимиз мумкин. Лекин бизни юзимиз ёруғ Оллоҳнинг олдида ҳам, бандаларининг олдида ҳам, дейди исмини айтмаслигимизни истаган суҳбатдошимиз.

Ҳибсда сақланаётган 30 нафар қочқиннинг Ўзбекистонга бадарға қилиниш хавфи борлиги бу аёлларни ўйлантириб қўймоқда. Бундай хавфдан аёлларнинг ўзлари ҳам ҳоли эмас.

- Агар мана шу ерда юрган хотинлар борса, "чегара бузган" деган айб қўйишга ҳақли улар. Биз бу ерда ўтирибмиз, радиолардан эшитаяпмиз нечта аёлга суд ҳукми ўқилаётганини. Ҳали Ўзбекистонда турган аёлларга суд ҳукми ўқилаяпти. Ҳеч бир бола туққан она, бўлиб ҳам биздек намозхон аёллар қўшнисига ҳам озор бермайди, дейди биз билан суҳбатда бўлган Олмаотадаги қочқин аёллардан бири.

Бир неча йил Ўзбекистон ҳукумати тазйиқидан қочиб кун кўришга мажбур бўлган тўрт нафар фарзанднинг онаси шу кунда ягона орзу билан яшамоқда.

- Фарзандларимни шундай тарбия қилишни хоҳлайманки, булар келажакда қонунни яхши биладиган, дин, дунёни яхши биладиган фарзандлар бўлишини хоҳлайман. Нимага десангиз, мен ўзим қочоқ бўлиб, олти йилдан буён кўп қийинчилик кўрдим, дейди 30 ёшлар атрофидаги суҳбатдошимиз.

Рамазон ойида бу аёллар аввалгидан ҳам кўп ва хўб дуо қиладиган бўлганлар.

- Сиз сўрадингиз, дуода нима дейсизлар, деб? Рамазонда эримиз билан бирга бўлишни орзу қилган эдик, етолмадик. Энди Ҳайит кунлари бирга бўлармиканмиз, иншооллоҳ, деган умид турибди бизнинг олдимизда, дейди ўзбекистонлик қочқин аёллар.

Қочқин аёллар айни кунда эрларининг тез орада озод этилишию одмигина дастурхон атрофида бўлса-да, барчалари жам бўлиб ўтиришлари орзуси билан яшамоқдалар.
XS
SM
MD
LG