Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:28

Қирғизистонга ЕХҲТ миссиясини киритиш пайсалга солинмоқда


Қирғизистон ҳукумати матбуот вакили Фарид Ниёзов Озодликка президент Роза Ўтунбаева мамлакат жанубига қуролсиз халқаро полиция маслаҳатчиларини киритиш ҳақидаги ҳужжатга ҳали имзо чекмаганини айтди.

Қирғизистон ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 52 аъзодан иборат қуролсиз "полиция маслаҳатчилари гуруҳини" Қирғизистон жанубига киритишга келишиб олган эди. Бунга июн ойида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлгани зўравонликларда юзлаб одам нобуд бўлгани сабаб бўлган.

ЕХҲТ матбуот вакили Виржиния Куллудон Озодлик мухбири билан суҳбатда ташкилот миссиясининг Қирғизистонга киритилиши пайсалга солинаётганини баён қилди.

- Кечикмоқда. Аммо ЕХҲТ ўз миссиясини киритишга тайёр. ЕХҲТ полиция маслаҳатчилари ўз вазифасини бажаришга тайёр турибди. Улар Вена шаҳрида тайёргарликдан ўтган. Биз Қирғизистон ҳукумати билан вазиятни муҳокама қиляпмиз. Ҳозирда муҳокамалар давом этяпти. ЕХҲТ тайёр ва Бишкекдан рухсат келишини кутяпмиз,- деди ташкилот матбуот вакили Виржиния Куллудон.

Айни пайтда Қирғизистон президенти матбуот котиби Авланбек Жумабаев Озодлик билан суҳбатда "миллий манфаатлар тўлиқ ҳисобга олинганидагина" хориж миссиясини киритиш ҳақидаги ҳужжат имзоланишини айтди.

- Меморандум август ойи охиригача имзоланиши керак эди. Бироқ маслаҳатлашув музокаралари ҳали тугагани йўқ. Биринчидан, Қирғиз томони фақат миллий манфаатлар тўлиқ ҳисобга олинганидан кейин меморандумни имзолайди. Энг муҳими Қирғизистон ЕХҲТ котибияти томонидан тайёрланган меморандум лойиҳасидан қониқмаган,- деди Авланбек Жумабаев.

Қирғизлар орасида ЕХҲТ полиция маслаҳатчиларининг мамлакатга киритилишига қарши бўлганлар сони кўпайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG