Линклар

logo-print

Ҳақсиз жамиятда ишчига ким ҳақ беради?

  • Замира Шукур

Freedom House ташкилоти илк бор дунëдаги ишчилар ва касаба уюшмалари фаолияти аҳволига диққат қаратди.

Freedom House ташкилоти илк бор дунëдаги ишчилар ва касаба уюшмалари фаолияти аҳволига диққат қаратди.

Жаҳон бўйлаб ишчилар ва улар манфаатини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмалари ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан таҳдидлар ошиб бормоқда. Freedom House ташкилотининг “Ишчилар ҳақларининг глобал аҳволи: Ëвқараш дунëдаги эркин меҳнат” деб номланган илк ҳисоботининг мухтасар хулосаси ана шундай.


Дунëнинг аксар мамлакатларидаги ишчилар синфи ва улар ҳақларини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмалари фаолияти уларни тўлиқ назоратда ушлашга интилаëтган авторитар режимларнинг қаттиқ исканжасида қолмоқда¸ дейилади маркази Вашингтонда жойлашган Freedom House – Озодлик уйи ташкилоти ҳисоботида.

“Ишчилар ҳақларининг глобал аҳволи: Ëвқараш дунëдаги эркин меҳнат” деб номланган илк ҳисобот муҳаррири¸ Freedom House тадқиқотлари директори Арч Паддингтон ишчилар ҳақлари ва касаба уюшмалари вазияти жамиятдаги демократия аҳволининг жиддий кўрсаткичи эканини таъкидлайди.

- Касаба уюшмаларига фуқаровий жамиятнинг ўта муҳим қисми сифатида қараймиз ва шу боис ишчилар ҳақлари манзарасига алоҳида эътибор бериш фурсати етди¸ деган тўхтамга келдик. Бунинг устига¸ глобал майдондаги молиявий бўҳрон ҳам айнан ишчилар ҳақларини алоҳида ўрганиш эҳтиëжини туғдирди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳисобот муҳаррири.

2009 йил давомида дунëнинг 165 давлатидаги ишчилар ҳақлари ва мустақил касаба уюшмалари фаолиятини яқиндан кузатган тадқиқотчилар¸ бу давлатларнинг 41 тасидаги меҳнат муҳитини “эркин” деб топган. Айни пайтда¸ яна 40 давлат¸ яъни тадқиқ этилган давлатларнинг чорагидаги муҳит “репрессив”¸ 14 давлатдаги вазият эса¸ “ўта репрессив” деб баҳоланган.


Ўзбекистон: Ишчилар ҳақсизлиги умум ҳақсизликнинг бир қисмидир


Ўзбекистон¸ Freedom House ташкилотининг инсон ҳақлари ва матбуот эркинлиги борасида йиллардан бери ҳозирлаб келинаëтган ҳисоботларида ҳар йили дунëдаги "ëмонларнинг ëмони" дея баҳоланиб келинмоқда.

Ишчилар ҳақлари ва мустақил касаба уюшмалари вазиятига доир илк ҳисобот¸ Ўзбекистонни дунëдаги яна бир қора рўйхатга қўшди¸ дейди бу тадқиқот муҳаррири Арч Паддингтон.

- Ўзбекистонда демократиянинг бирор аломатини қидирсак¸ бу мамлакатда унинг йўқлигига гувоҳ бўламиз¸ холос. Янги ҳисобот¸ Ўзбекистонда фундаментал инсон ҳақларининг президент Каримов томонидан қанчалар топталаëтганининг яна бир далилидир. Биз тадқиқ қилган 165 давлатдан фақат 14 давлатгина ишчилар ва касаба уюшмалари ҳақлари мутлақ топталаëтган "ўта репрессив" давлат дея баҳоланди ва шулардан бири Ўзбекистондир. Бу эса¸ Ўзбекистоннинг шунчаки авторитар эмас¸ балки дунëдаги мутлақ репрессив режимлардан бири эканининг яна бир тасдиғидир¸ дейди ҳисобот муҳаррири Арч Паддингтон.

Ўзбекистон¸ Freedom House кузатувчиларининг қайд этишича¸ собиқ СССРдан қолган меҳнат муҳити ва касаба уюшмалари тизимини мутлақ мерос қилиб олган постсовет давлатларидан биридир – бу мамлакатда меҳнат ташкилотлари ва касаба уюшмалари фаолияти тоталитар тузумнинг мутлақ назорати остида қолмоқда.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов¸ Ўзбекистонда ишчилар ҳақларини ҳимоя қилиш маданиятининг мутлақ йўқлигини мамлакатдаги демократиянинг умум вазияти билан изоҳлайди.

- Бунинг йўқлиги сабаби¸ аввало демократия деган нарсанинг ўзи Ўзбекистонда йўқ. Профсоюз - касаба уюшмалари деган нарса бу ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган мустақил ташкилот. Ишчилар¸ иш берувчи¸ кўп ҳолларда давлатдан норози бўлган¸ уларнинг ҳақлари эзилаëтган тақдирда буларнинг ҳақларини ҳимоя қилиб норозилик митинглари¸ демонстрациялар ташкил қилади ва шу йўл билан ишчилар муаммоларини ҳокимиятга еткизади. Ўзбекистонда демократия бўлмагандан кейин¸ мустақил профсоюз ҳам йўқ¸ дейди Искандар Худойберганов.

Айни пайтда кузатувчи¸ Ўзбекистонда тўлиқ давлат назоратида бўлган касаба уюшмалари борлиги¸ уларнинг асосий вазифаси ишчилар эмас¸ балки иш берувчи манфаатларини ҳимоялаш ва ишчи-хизматчилардан совет давридаги каби турли тўловлар йиғишдан иборат эканини қўшиб ўтади.


Капиталистик меҳнат муносабатлари – демократияга йўлми?

Freedom House тадқиқотчилари¸ Полшадаги Солидарност касаба уюшмалари ҳаракатининг кейинги 30 йиллик эволюцияси¸ айни пайтда Хитойда мустақил касаба уюшмалари фаолиятининг тобора жонланаëтгани мисолида айнан ишчиларнинг мустақил бирлашмаларига авторитар тузумлар илдизини қуритиши мумкин омил сифатида қараш ўринлими¸ деган саволни ўртага қўядилар.

Аксар ноҳукумат ташкилотларидан фарқли¸ касаба уюшмалари аъзолари сонининг кўплиги ва демократик усулда бошқарилган тақдирда¸ уларнинг кейинчалик каттароқ сиëсий талаблар бешигига айланиш имкони¸ уларни демократлашув жараëнидаги марказий ўйинчига айлантиради¸ дейилади Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг “Ишчилар ҳақларининг глобал аҳволи: Ëвқараш дунëдаги эркин меҳнат” деб номланган илк ҳисоботида жумладан.

Касаба уюшмаларининг бундай потенциали эркин бозор қонунлари ишлайдиган¸ капиталистик меҳнат муносабатлари шаклланган жамиятларда очилади¸ Ўзбекистонда эса¸ айримлар айтаëтган каби ëввойи капитализм эмас¸ ëввойи социализм ҳукмрон¸ дейди Искандар Худайберганов.

- Чунки капиталистик давлат бўлса¸ бозор иқтисоди қонунлари¸ албатта демократияни илгарига суради. Бизда эса¸ бозор муносабатлари йўқ ва шунинг учун иқтисод ўлиб бормоқда. Чунки Ўзбекистонда бозор иқтисоди ривожланиши учун сиëсий муҳит йўқ. Бизда ҳамма соҳа¸ хусусан касаба уюшмалари ҳам давлат секторига айланган¸ дейди Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов.


Иш кучининг эркин ҳаракати – эркин фаолиятга замин бўладими?


Ғарб тадқиқотчилари ҳам¸ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ҳам бирдек - Ўзбекистонда ишчилар ҳақларини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмалари йўқлигини бу давлатдаги демократик муҳит¸ аниқроғи унинг йўқлиги билан изоҳлашди.

Норасмий манбаларга кўра¸ бугунги кунда ишга яроқли ўзбекистонликларнинг 5 миллиондан 10 миллионга яқини муҳожирликда меҳнат қилмоқда. Уларнинг энг катта қисми¸ ҳам расмий¸ ҳам норасмий манбаларга кўра¸ Россияда ишламоқда. Россиядаги ўзбек муҳожирларининг меҳнат ҳақлари қўпол тарзда бузилаëтганига оид хабар Озодликка энг кўп бўладиган кундалик шикоятлардан биридир. Иш берувчининг золимлиги¸ 18 соатлаб ишлатиб¸ маош бермай ҳайдаб юборгани¸ ҳужжатларини олиб қўйиб¸ қулликка солганига оид ҳикояларнинг кети узилмайди.

Аммо ҳозирча¸ меҳнат муҳити¸ сиëсий ва иқтисодий вазият Ўзбекистондагидан фарқли нисбатан эркин Россияда ҳозирга қадар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақларини ҳимоя қилиш иддаоси билан бирор уюшма ëки гуруҳ тузилгани йўқ. Нега?

Йиллардан бери Россияда меҳнат қилиб келаëтган ўзбекистонлик муҳожир Дилшодбек фикрича¸ бунинг сабабини ўзбеклар зеҳниятидан излаш лозим.

- Бирлик йўқ ўзбекларда¸ бирлик йўқ. Ҳаммаси ўзини аравасини тортадиган бўлиб қолган фақат. Россиядаги қурилишларда ишлаëтган ўзбекларни кўрсангиз¸ кўпчилиги беш-олти ой ишлаб¸ “кидала” бўп қолдик¸ опчиқиб қўйди дейдида¸ кетаверади. Уларга ким ҳам ëрдам берарди? Кетишга йўлкираси бўлмаса¸ мачитга бориб ëтади. Мачитдагилар пул йиғиб беради¸ шу. Ҳозир Россияда нима кўп¸ мачит кўп¸ Худога шукур. Аммо ўзбекларнинг ўз ҳақларини ҳимоя қилиш учун бирлашганларини ҳеч кўрмадим. Аксинча¸ ўзбекнинг ўзбекни олиб келиб қулдек ишлаëтганини кўп кўрдим¸ дейди Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Дилшодбек.

“Ишчилар ҳақларининг глобал аҳволи: Ëвқараш дунëдаги эркин меҳнат” деб номланган илк ҳисобот муҳаррири¸ Freedom House тадқиқотлари директори Арч Паддингтон¸ нафақат Ўзбекистон ичкариси¸ балки муҳожиратдаги ўзбекистонликлар орасида мустақил касаба уюшмаларига бирлашиш тажрибасининг йўқлигини эътироф эта туриб¸ айни пайтда¸ сиëсий маданият ва кўникмаларнинг бугун йўқлиги¸ уларнинг эртага ҳам бўлмаслиги тасдиғи эмаслигини айтади.

"Демократик жараëнлар¸ қаердандир¸ қай шаклдадир бошлангач¸ у домино эффекти сифатида бутун жамиятга ëйила бошлайди; бунга бундан 30 йил аввал туғилиб¸ катта сиëсий жараëнларга йўл очган Солидарност тарихи мисолдир"¸ дейди жаноб Паддингтон.
XS
SM
MD
LG