Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Ўзбекистон бу йил Тожикистон билан чегарани ёпмади


Ўзбек расмийлари ҳар йили мустақиллик байрами арафасида ўз қўшнилари билан бўлган чегараларни бир томонлама ёпиб қўяр эди.
Ўзбек расмийлари ҳар йили мустақиллик байрами арафасида ўз қўшнилари билан бўлган чегараларни бир томонлама ёпиб қўяр эди.

Мустақилликнинг 19 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида илк бор байрам арафасида Тожикистон билан чегараларини очиб қўйди. Бунгача ҳар йили байрам олдидан ўзбек чегараси бир томонлама ёпилиб, Тожикистон томони бу борада расмий огоҳлантириб келинган.

Мен Тожикистоннинг Ўзбекистон билан жанубий чегарасидаги “Дўстлик” назорат ўтказиш постидаман.

Ҳар гал Ўзбекистон мустақиллик байрамини нишонлаш арафасида бу чегара пости бир томонлама ёпиб қўйилиб, бу борада Тожикистон томонига хабар бериларди ва бу ҳудудда назорат кучайтириларди.

Бироқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси ҳам бу йил чегара ёпилиши борасида олдиндан огоҳлантирилмаган.

1 сентябр куни “Дўстлик” назорат ўтказиш постида эрталабдан йўловчи ташувчи таксилар ва Тожикистондан Ўзбекистонга ёки аксинча Ўзбекистондан бу томонга бемалол ўтиб келаётган йўловчиларни учратдик.

Улардан бир нечтасини суҳбатга тортарканмиз, суҳбатдошларимиз ўтган йилгидагилардан фарқли ўлароқ бу йил чегаралар ёпилмаганига гувоҳ бўлганларини айтишди.

- Мен Қаршиданман. Виза билан Тожикистонга келган эдим, бир ой турдим. Энди қайтиб кетишим байрамимизга тўғри келди. Ўтиб кетаяпман. Худога шукур, байрам куни бўлса ҳам йўлларимиз очиқ. Ўтиб-қайтиб турибмиз. Ҳамма нарсангиз қонуний бўлса муаммо йўқ, дер экан ўзбекистонлик Сайёра Кенжаева ўзбек фуқаролари билан бир қаторда тожикистонлик ва бошқа миллат вакиллари ҳам чегарадан бемалол ўтиб қайтаётганини айтди.

Ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг айтганларини турсунзодалик Иқлима Ҳабибова ҳам тасдиқлади. У 31 август куни Узун туманига келин бўлиб тушган қизининг уйига бориб, бугун уйига қайтаётганини ва чегарадан ўтишдан ҳеч қандай муаммога дуч келмаганини айтди.

- Постлардан ўтказишаяпти. Қийнаганам йўқ, ҳеч ким қаршилик қилаётганиям йўқ, деди Тожикистон фуқароси Иқлима.

Бошқа бир суҳбатдошимиз тожикистонлик Абдусаттор ака ҳам ҳар йилгидек бу йил мустақиллик байрамида чегаралар ёпилмагани учун хурсандлигини айтди.

- “Кўзим ўтмайди, декларация тўлдира олмайман” дегандим, ўзбекистонлик божхоначилар ўзлари декларациямни тўлдириб беришди. Бемалол ўтиб-қайтдик, ҳеч ким нарса дегани йўқ, дейди Абдусаттор ака.

1 сентябр куни “Дўстлик” ўзбек-тожик чегара пунктида йўловчилар учун тўсиқ бўлмаса-да, улар сони ҳар вақтдагидан оз эди.

Қарши туманида яшовчи Робия хола бунинг сабабини Рамазон ойи билан боғлайди.

- Ҳозир Рамазон ойи, мажбур бўлганлар йўлга чиқмаса, бошқалар чиқишмайди-да. Рўза тутганларга йўл юриш қийин-да. Энди ҳайитга одам кўпайса керак, ҳозир кўпчилик рўза учун дам олаяпти, дейди Робия хола.

“Дўстлик” чегара постида роса икки соат ўтказган кузатувларимиз давомида фақат бир йўловчи ортга қайтарилди.

У Сариосиёдаги 3-мактабда таҳсилини давом эттириш учун йўлга чиққан Турсунзода туманилик 11 яшар Аслидин эди.

- Мен тожикистонликман, Сариосиёда момомнинг уйида туриб, мактабда ўқийман. Мени ҳозир тожикистонлик командир у ёққа ўтгани қўймади, ”Доверенностингнинг муҳлати тугаган”, деди. Энди уйимизга қайтиб кетаман, дейди Аслидин.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Ўзбекистон ўтган 19 йил мобайнида илк маротаба Тожикистон билан жанубий чегарасини очиб қўйгани ўта хавфли маҳбусларнинг Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочган ва бунинг ортидан Душанбе шаҳри ҳамда унинг атрофидаги туманларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир пайтга тўғри келди.

Шу йилнинг августида ҳибсдан қочганлар орасида Тожикистон, Афғонистон ва Россия фуқаролари билан бирга Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳам борлиги айтилган эди.

“Дўстлик” чегара постида биз билан ўзаро суҳбатда бўлган тожикистонлик чегарачиларнинг билдиришича, гарчи чегаралар йўловчилар учун очиб қўйилган эса-да, икки томонда ҳам назорат кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG