Линклар

logo-print

АҚШ Тошкент билан Душанбени музокара қилишга чақирди

  • Гулнора Равшан

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистон ва Тожикистонни музокара столига ўтиришга чақирди. Чоршанба куни Душанбега борган АҚШ дипломати иики қўшни давлат ўртасида кўпдан буён давом этаётган баҳслар музокаралар орқали ҳал этилиши шарт, деди.


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистон ва Тожикистон Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича билдираётган даъволари асосли, дея таъкидлади.

- Аммо шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон ва Тожикистон бир-бирига дўст мамлакатдир. Шуни назарда тутган ҳолда бу икки давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида давом этиб келаётган баҳслар ечимини топиш учун музокара столига ўтиришлари шарт. Менимча, бу музокараларда БМТнинг ҳам иштироки муҳим аҳамият касб этади,- дея таъкидлади АҚШ расмийси Блейк.

Блейк жаноблари Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтиб, натижалари эълон қилинганидан сўнг Қўшма Штатлар бу йирик гидроиншоот қурилишига ҳисса қўшиши ёки қўшмаслиги борасидаги якуний қарорини эълон қилажагини маълум қилди.

Айни пайтда икки буюк давлат, яъни Россия ва Америка ўртасида Марказий Осиёдаги мавқеларини ошириш учун сиёсий кураш бошланганига оид гаплар асоссиздир, дея қўшимча қилди АҚШ мулозими.

Роберт Блейкнинг Душанбега сафари арафасида Россия матбуотида Россиянинг Тожикистон билан Айний ҳарбий базасига оид шартнома имзолаши мумкинлигидан Америка ва НАТО ташвишланаётгани ҳақидаги мақолалар пайдо бўлди.

АҚШ Давлат Департаменти расмийси бу гаплар ҳақиқатдан йироқдир, дея баён қилди.

- Бу маълумотлар ёлғон. Шунингдек бизнинг Тожикистонда ҳарбий база қуриш режаларимиз ҳам йўқ,- деди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси.

У Америка ҳукумати Тожикистонга иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ёрдам беришда давом этажагини қўшимча қилди.

- 2007 йил Тожикистон жанубидаги қуйи Панж дарёси устида қурилган кўприк туфайли Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги товар алмашиш уч бараварга ошди. Биз келгусида ҳам Тожикистонга ўз иқтисодиётини ривожлантириши йўлида кенг имкониятлар яратиб берамиз,- деди Роберт Блейк.

Қўшма Штатлар Тожикистонга молиявий ёрдам бераётган асосий давлат саналиб, у 1992 йилдан шу кунга қадар Тожикистонга 1 миллиард доллар миқдорида қайтарилмас қарз берганини айтиш жоиз.

Чоршанба кунги матбуот анжуманида АҚШ мулозими ўз давлати Тожикистонга кўрсатиладиган ёрдам ҳажмини яна 10 фоизга оширганини билдирди.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонасига кўра, жорий йилда Тожикистонга 66 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратилган. Бу маблағлар чегараларни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва иқтисодиёт тараққиёти учун сарфланиши кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG