Линклар

logo-print

500 доллар кимнинг маоши?

  • Садриддин Ашур

Президентнинг гаплари рост бўлса, яқинда оддий ўқитувчию шифокорларнинг ҳамёни ўзбек сўми эмас, АҚШ долларга тўлади, деган умидлар ҳам йўқ эмас.

Президентнинг гаплари рост бўлса, яқинда оддий ўқитувчию шифокорларнинг ҳамёни ўзбек сўми эмас, АҚШ долларга тўлади, деган умидлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонликлар йил охиригача ўртача 500 АҚШ долларидан маош олади, деб ваъда қилди президент Ислом Каримов. Оддий ўзбекистонликлар эса 500 долларлик иш мамлакатда бўлганида эди, миллионлаб ўзбеклар ўзга ўлкаларда мардикорлик қилмасди, дея президентнинг бу гапларига ҳам шубҳа билан қарамоқда.


Президент мустақилликнинг 19 йиллигига бағишланган байрам тадбирида жумладан бундай деди:

- 1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баробар ошгани, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарйиб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди.

Ўзбекистонликлар учун президент Каримовнинг йил охиригача ойлик маошларнинг ўртача миқдори 500 долларга етиши ҳақидаги гапи кутилмаган ҳол бўлди, десак балки муболаға бўлар. Зеро, президент 2009 йилнинг 13 февралида ўзбекистонликларнинг ўртача иш ҳақи 2008 йилда 300 долларга етганини Вазирлар маҳкамаси йиғилишида айтган эди.

Наманганлик иқтисодчи –ўқитувчи Иброҳимжон Каримов фамилиядош президентининг гаплари куракда турмайди ва бу гаплар истеҳзодан бошқасига арзимайди, дедйи:

- Энди бу гапга мен, фақат куламан холос-да. Агар ўртача маош 500 доллар бўладиган бўлса, ҳеч ким иш жойидан қимирламасдан, жон-жаҳди билан ишлайдику. Бўлмайдиган нарсаку, бу. Иқтисодчи сифатида мен комил ишонч билан айтаманки, 2011 йилда бу бўлмайди. Энди бўлиши ҳам мумкин, қандайдир юқори лавозимларда ишлайдиган одамларда, ҳарбийларда ёки милиция ходимларида. Энди бу ўртача дегани эмасда. Аҳолининг асосий қатлами ойлиги ҳозир 200 доллардан ошмайдику!

Иброҳимжон Каримов мисол тариқасида ўқитувчиларнинг бугунги кунда олаётган энг баланд маошини келтиради:

- Ҳозир олий тоифадаги ўқитувчининг начисленииядаги (солиқлардан олдин) ойлиги 400-500 минг сўм атрофида. Қўлига қолиши 300 минг сўмдан ошиқроқ. Мен энг баланд маошни назарда тутяпман. Мактаблар тўққиз йиллик бўлганидан сўнг, дарс соатлари ҳам қисқариб кетди ва ҳозир қўлга тегадиган ўртача маошн 100 доллар, деб айтган бўлардим,- дейди Иброҳимжон Каримов.

Бироқ ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов ўртача маош масаласини бу тариқа талқин қилмаслик керак, деган фикрда. Иқтисодчига кўра, йил охирига бориб ўртача иш ҳақининг 500 долларга етиши хақидаги президент ваъдаси бир қанча таҳлилларни талаб қилади:

-Ўртача ойлик иш ҳақи дейилганда у солиқлар билан бирга назарда тутилади. Масалан, агар давлат курси билан ҳисоблайдиган бўлсак, 500 АҚШ доллари 810 минг сўм атрофида бўлади. Менда бу ҳисоб китобни амалга ошириш учун етарли манбалар йўқ. Лекин шуни айтишим мумкинки, иқтисодиётимизнинг шундай соҳалари борки, бу соҳаларда ўртача иш ҳақи минг доллардан ошиб кетганига икки йил бўляпти. Мисол учун, молия, банк, энергетика, нефт-газ соҳаларида давлат курси билан минг долларлик ойлик бўлганига биз икки йилдан буён гувоҳ бўляпмиз. Лекин яна рентабелли бўлмаган қишлоқ хўжалиги, транспорт ва ижтимоий соҳаларда албатта жуда кам иш ҳақи бор,- дейди Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчига кўра, Ўзбекистоннинг аксарият қишлоқ ҳудудларида ўртача иш ҳақи 100 доллардан ошмайди. Гарчи, Ўзбекистон ҳукуматининг статистик маълумотларида қанча фоиз одам қанча ойлик олиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ экан, Ориф Ҳошимов бунга оид ўз тахминларини келтиради.

- Демак, бизнинг кўпчилигимизда информация базасига доступ, яъни имконият йўғ экан, биз бу масалага ўзимизни қарашларимиздан келиб чиқиб, фикр билдиришимиз керак. Биринчидан, ҳозир Тошкент шаҳрида қора ишлар учун ойига 200 долларга ишчи кучи ёллай олмайсиз. Чунки, шундай бир шароит юзага келдики, асосан жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган ва малакага эга бўлган кўп мутахассислар Қозоғистон ва Россияга кетди. Бу эса меҳнат ресурсларига бўлган талабнинг бир мунча юқорилашига сабаб бўлди. Бу нарса ўз-ўзидан иш ҳақининг ошиб боришига ҳам сабаб бўляпти.

Иккинчидан, дейди иқтисодчи, тирикчилик учун қилинадиган ҳаржлар ҳам ошиб бормоқда:

- Бу ҳам ўз-ўзидан иш ҳақига таъсир қилиши мумкин. Одам ишга ёлланаётганда албатта ўзининг ҳисоб китоби бўлади. Масалан, мен қанча маош олсам, минумум даражада яшай оламан, қабилида. Агар шундай ҳисоб-китобга асосланадиган бўлсак, яшаш минумими ҳозир битта одам учун, ҳатто энг чекка вилоятларимизда ҳам 100доллардан кам эмас. Давлат курси билан бўладиган бўлса 150 доллардан ҳам кам эмас. Демак, айтишимиз мумкинки, ҳозир вилоятларда ақлий меҳнат бўладими ёки жисмонийми, ўзини ҳурмат қиладиган, ўзининг жисмоний кучига ишонган одам 100 доллардан кам ишга унамайди. Чунки бундан кам бўлса яшай олмайди. Биз малака талаб қиладиган ишлар тўғрисида эмас, оддий ишлар тўғрисида гапиряпмиз,- дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Москвадаги МДҲ институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозиннинг айтишича, агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ўртача маош 500 долларга етадиган бўлса, демак унда Тошкент, Навоий ёки Хоразм аҳолисининг харид қуввати Москва вилояти аҳолиснинг харид қувватига етиб қолади:

- Президент Каримов бераётган ваъадалирни бажара олишига мен шубҳа қиламан. Биз ҳаммамиз ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика борлигини яхши биламиз. Бу Ўзбекистонга хос нарса, ўз хоҳишларига қараб ҳақиқатни қайси томонга букиш керак бўлса, букаверишади. Масалан дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан бири бўлган Москвада ўртача иш ҳақи 1000 долларни, Россиянинг марказий районларида эса 500-600 долларни ташкил этади. Россияда милиция, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва соғлиқни сақлаш, маориф ходимлари маошлари орасида катта фарқ бор.

Ўзбекистонда ҳам ҳозир худди ана шундай тизим амал қиляпти. Бу шундай манзарани эслатади: бир томонда банк ёки нефть-газ соҳасида ишлайдиган катта амалдор, иккинчи томонда эса, маоши 200 доллардан ошмайдиган 100 нафар ўқитувчи ёки шифокор.
Бу икки табақанинг маоши бир қозонга солинса 500 долларлик ўртача маош чиқади,- дейди Москвадаги МДҲ институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG