Линклар

Тожикистон бош чекисти ишдан кетди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Хайриддин Абдураҳимовни вазифасидан бўшатди. Бу борада 2 сентябр куни Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Манбага кўра, шу кунгача мазкур қўмита раис ўринбосари вазифасида ишлаб келган Саймумин Ятимов президент қарори билан Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг янги раиси этиб тайинланган.

Айтилишича, миллий хавфсизликнинг собиқ раиси билан бирга унинг яна уч нафар ўринбосари - Қосим Ғаффоров, Аҳтамшо Сайидашрафов ва Хуршед Хайраков ҳам ишдан бўшатилган.

Эслатиб ўтамиз, Хайриддин Абдураҳимов сўнгги ўн йил давомида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқариб келган.

Гарчи президент қарори расмийлар томонидан изоҳланмаса-да, таҳлилчилар бунинг сабабини шу йил 23 августга ўтар кечаси Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан 25 нафар ўта хавфли маҳбуснинг қочгани билан боғламоқдалар.
XS
SM
MD
LG