Линклар

Қирғизистонда қозоқ қочқинининг фарзанди бедарак йўқолди


Қирғизистондан вақтинча бошпана топган қозоқ диндор қочқини Диянат Ердешов аввалроқ ўз дўстларининг фарзандлари ўғирланиши ҳақида уяли телефонига таҳдидли СМС-хабарлар келганини айтганди.

Қирғизистондан вақтинча бошпана топган қозоқ диндор қочқини Диянат Ердешов аввалроқ ўз дўстларининг фарзандлари ўғирланиши ҳақида уяли телефонига таҳдидли СМС-хабарлар келганини айтганди.

Бишкек шаҳрида вақтинча яшаб келган қозоқ қочқинининг вояга етмаган фарзанди 1 сентябр куни дўконга кетганича уйга қайтмаган. Диний қарашлари сабабли таъқибдан қочиб, вақтинча Қирғизистонда яшаётган боланинг отаси бунинг қозоқ махфий хизматлари томонидан уюштирилганини тахмин қилмоқда.


Қирғизистонда бедарак йўқолган 12 яшар Оқилбек Назаровнинг ота-онаси асли Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридан бўлиб, ўз диний қарашлари учун қозоқ махфий хизматларининг доимий таъқибига учрагани туфайли бундан икки йил аввал қўшни мамлакатга қочишга мажбур бўлган ва Бишкекдаги БМТнинг қочқинлар иши бўйича ваколатхонасига бошпана сўраб мурожаат қилган.

Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатда Оқилбекнинг отаси Назар Жубанишев 1 сентябр куни ўғли дўконга чиқиб кетгани ва шу кетганча уйга қайтиб келмаганини айтиб берди.

- Кеча ўғлим картошка сотиб олиш учун дўконга чиқиб кетди, дўкон уйимиз олдида, 300 метр нарида, беш дақиқалик йўл. Аммо кейин уйга қайтиб келмади, ғойиб бўлди. Ярим соат ўтгандан кейин ҳам бола уйга қайтиб келмагач, хавотирланиб кўчага югуриб чиқдик ва уни қидира бошладик. Аммо болани тополмадик, - дейди бедарак йўқолган Оқилбекнинг отаси.

Назар Жубанишевнинг айтишича, у айни пайтда боласининг бедарак йўқолгани ҳақидаги ариза билан Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ва махфий хизмат ходимларига мурожаат қилган. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирда Бишкекда бедарак йўқолган 12 яшар Оқилбекни қидириш ишларини олиб бормоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июл куни Бишкек яқинидаги Қант шаҳрида асли ғарбий қозоғистонлик бўлган муслима қозоқ қочқин аёли Самал Кисметова ғойиб бўлганди. Қайд этиш жоизки, Самал Кисметованинг турмуш ўртоғи Диянат Ердешев 1 сентябр куни Бишкекда ғойиб бўлган Оқилбек Назаров отасининг яқин дўсти бўлиб, бу икковлон ўз диний қарашлари учун қозоқ махфий хизматлари таъқибига дучор бўлиб, ўзга мамлакатдан бошпана излашга мажбур бўлгандилар.

Аввалроқ Озодлик мухбири билан телефон суҳбатда Диянат Ердешев хотинини қозоқ махфий хизматлари ўғирлаб кетганларини билдирганди. Хотини бедарак йўқолгач, Диянат Ердешевнинг уяли телефонига номаълум кишилар номидан қозоқ ва рус тилларида СМС-хабарлар келиб, бу хабарларда бундан кейин унинг дўсти фарзандлари ўғирланиши айтилганди.

Маълум бўлишича, 12 август куни Самал Кисметова Бишкек шаҳридан эрига қўнғироқ қилиб, айни пайтда Қирғизистондаги касалхоналардан бирида экани ва уни уйга олиб кетишларини сўраган. Ҳозир қочқин аёлнинг соғлиғи ёмонлашгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо Самал Кисметова оиласи билан яқин бўлган Назар Жубанишев қочқин аёлнинг бир ойдан зиёдроқ ғойиб бўлиш сабаблари ҳақида буларни айтиб берди:

- Улар уч киши - қозоқ махфий хизмати ходимлари бўлганлар. Улар аёлни Қирғизистонда ўғирлаб, кечгача бир ташландиқ уйда сақлаганлар. Сўнг қозоқ махфий хизмати ҳодимлари қочқин аёлга укол қилиб, уни ноқонуний тарзда Қозоғистонга олиб ўтганлар. Қозоқ-қирғиз чегарасида улар машинасини бирор божхоначи ёки чегарачи тўхтатмаган. Қозоғистонда махфий хизмат ходимлари аёлни бир уйда сақлаганлар, доимий қийноқ остида Қирғизистондаги қозоқ диндор қочқинларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилганлар. Уни қозоқ қочқинлари террорчи ва бангфуруш экани ҳамда Қирғизистонга теракт уюштириш мақсадида келганларини айтишга мажбурлаганлар. Аёл қийноқларга чидолмай, шу кўрсатмаларни беришга рози бўлган ва қозоқ махфий хизмат ходимлари буларнинг барчасини видеокамерага ёзиб олганлар, - дейди қозоқ қочқини Назар Жубанишев.

Унинг айтишича, қозоқ махфий хизмат ходимлари Самал Кисметовани бир ой давомида уй қамоғида сақлагач, уни қайтариб Бишкекка олиб келганлар ва яқинларига соғлиғи ёмонлашгач, касалхонага тушиб қолгани ва ўша ерда даволангани ҳақида айтишини буюрганлар.

Бундан икки ой аввал Қант шаҳрида бедарак йўқолган Самал Кисметова ва 1 сентябр куни ғойиб бўлган Оқилбек Назаровлар оиласи учинчи давлатдан бошпана олиш учун БМТ қочқинлар иши бўйича Олий комиссарининг Бишкекдаги ваколатхонасига мурожаат қилганлари, аммо ваколатхона ходимлари улар ишига ҳозирча бефарқ муносабатда бўлаётганлари маълум бўлди. Айни пайтда Озодлик мухбирининг ваколатхона ходимлари билан боғланишга уринишлари самара бермади. Журналистларнинг ҳар қанақа саволига ҳар гал бир ой ичида ёзма жавоб беришни ваъда қиладиган қозоқ махфий хизматлари расмийларидан ҳам шу бугун Самал Кисметова ва Оқилбек Назаровлар йўқолиши бўйича изоҳ олишнинг имкони йўқ.

Аввалроқ Қозоғистон ҳудудида учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Олмаота ва Чимкент шаҳарларида яшаб келган ўзбек қочқинларининг бедарак йўқолгани ва қандайдир йўл орқали Ўзбекистонга қайтариб берилгани ҳақида маълум қилгандик.

Энди эса ўзга давлатдан бошпана топиш ниятида бўлган қозоқ қочқинларининг ҳам ана шундай қийин вазиятга тушиб қолаётгани кўп кузатилмоқда. Бу каби ҳолатлар бир неча ойдан буён сиёсий вазият беқарор бўлиб қолаётган Қирғизистонда айниқса тез-тез такрорланаяпти.
XS
SM
MD
LG