Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:01

Клинтондан ўзбек сиёсий маҳбусларини озод этишда кўмаклашиш сўралди


Freedom House ва Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қўшма Штатларни Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат қамоқларидаги сиёсий маҳбусларни озод этиш борасида босим ўтказишга чақирди.


Икки ташкилот АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга йўллаган мактубда Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан 1 сентябр куни эълон қилинган амнистия Тошкент ҳукуматидан мамлакат қамоқхоналаридаги систематик муаммолар, жумладан қийноқлар ва ноинсоний муносабатга оид муаммоларга эътибор қаратишини талаб қилишнинг қулай фурсатидир, дейилади.

Биз сиздан президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати билан маҳбусларнинг асосий ҳуқуқларини ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни авф этиш борасида мулоқотга киришишингизни сўраймиз, дейилади АҚШ Давлат котибига йўлланган мактубда.

Freedom House ва Amnesty International Ўзбекистоннинг кейинги 10 йил давомида дунёдаги ўз фуқаролари ҳуқуқларини топтаб келаётган энг ёмон 10 давлатдан бири бўлиб келганини ҳам эслатади.

Клинтон хонимга аталган очиқ хатда Ўзбекистон қамоқохоналаридаги аянчли аҳвол, хусусан маҳбусларнинг мунтазам қийноққа солиниши, тегишли тиббий хизматларнинг кўрсатилмаслиги ва овқатланишнинг ёмонлиги боис сил ва гепатит каби касалликларнинг авж олгани қисқа муддатга қамалган маҳбуслар ҳам амалда ўлимга ҳукм қилинаётганини англатиши айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда виждон тутқунлари борлигини инкор қилиб келса-да, дейилади мактубда, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қамоқларда 15дан 30гача сиёсий маҳбуслар борлигини қайд этган.

Ўзбекистон ҳукумати сиёсатчи ва мухолифатдаги “Серқуёш Ўзбекистоним” партияси асосчиси Санжар Умаровга қўллангани каби бошқа виждон тутқунларига ҳам амнистия эълон қилиш билан биргаликда қамоқхоналардаги вазиятни яхшилаши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Бунинг воситасида Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятга нафақат ўз фуқароларига инсбатан инсоний муносабатда бўлиш, балки умуман инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларига содиқ эканини намойиш қилади.

Биз сизга ҳурмат изҳор қилган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама муносабатларда инсон ҳуқуқларини устувор масала, деб белгилаб олишга чақирамиз. Бу нафақат эркинлик идеалларимизга содиқ қолишимиз, балки муносабат қилмоқчи бўлаётганимиз ҳукуматга бу идеалларимиз нақадар муҳимлигини кўрсатган бўламиз, дея якунланади Freedom House ва Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Ҳиллари Клинтонга йўллаган очиқ хати.
XS
SM
MD
LG