Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Қирғиз чегарачилари "Яхши ният"да қўлга олинди...?


Чегара олди ҳудудларда яшовчи аҳоли ўзбек ва қирғиз чегарачиларининг ўзаро келишмовчиликлари газак олишидан чўчимоқда.
Чегара олди ҳудудларда яшовчи аҳоли ўзбек ва қирғиз чегарачиларининг ўзаро келишмовчиликлари газак олишидан чўчимоқда.

Қирғизистон 21 август куни ҳибсга олинган ўзбекистонлик чегарачи ва божхона ходимлари устидан жиноий иш қўзғади. Ўзбекистонда ҳам 31 авугст куни қўлга олинган икки қирғиз чегарачисига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ўзбек ва қирғиз чегарачилари ўртасидаги зиддиятнинг кучаяётгани оддий аҳолини хавотирлантирмоқда.


Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокимлиги мудофаа ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Тоштемир Эшалиев Озодлик билан суҳбатда 21 август куни ҳибсга олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг бир ходими ва Божхона қўмитасининг уч нафар зобитига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади.

- Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакили бизнинг ҳудуддан 150 минг қирғиз сўми миқдордаги товарни чегарадан ноқонуний олиб ўтаётган пайтда қўлга олинди. Унинг ёнида Ўзбекистон божхона қўмитасининг уч ходими бўлган. Улар Қирғизистон ҳудудига ноқонуний киргани етмагандай, қирғиз чегарачиларига қаршилик ҳам кўрсатганлар,- дея таъкидлади Тоштемир Эшалиев.

Ўзбекистон расмийлари эса, бир чегарачи ва уч божхоначи ўз хизмат вазифасини ўтаётган пайтда ноқонуний равишда қўлга олинганини айтиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин press-uz.info агентлиги Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон фуқароларининг ҳар бири учун 2500 АҚШ доллари, жами 10000 доллар товон пули талаб қилаётгани ҳақида ёзади.

Тоштемир Эшалиев бу иддаоларни инкор қилар экан, Қирғизистон ўзбек чегарачиларини ушлагани боис ўзбек чегарачилари қасддан икки қирғиз чегарачисини қўлга олди, дея давом этди.

- Ўзбекистон томони Водил билан Пулгон қишлоқлари ўртасидаги нейтрал ҳудудга қирғиз чегарачиларини музокара қилгани телефон орқали алдаб чақириб, қўлга олишди. Қўлга олинган қирғиз чегарачилари полковник Зиядилло Бегматов ва подполковник Исматилла Анарбоевлар айни пайтда Фарғонадаги тергов изоляторида сақланмоқда. Бизнинг уларни озод қилиш борасидаги уринишларимиз ҳозирча ҳеч қандай натижа бермаяпти,- деди қирғиз расмийси.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси press-uz.info сайтида эълон қилган хабарномада қирғиз томонининг музакора борасидаги иддоалари рад қилинади.

Ўзбекистон томонига кўра, мамлакат мустақиллигининг байрам қилиниши муносабати билан қўшни давлатлар чегарачилари билан бундай музокараларни ўтказиш 25 августдан тўхтатиб қўйилган.

Ўзбекистон МХХсига кўра, Қирғизистон махсус хизматларининг контрразведка бўлими бошлиғи полковник Бегматов Зиядилло Абдисатарович ва Айдаркон чегара пункти бошлиғи подполковник Анарбаев Исматилла Абибиллаевич 31 август куни Ўзбекистоннинг Фарғона туманига қарашли Водил аҳоли яшаш пунктидаги "Яхши ният" чойхонасига тушлик қилгани кирган ва алкогол ичимликларини истъемол қилиб, маст ҳолатда маҳаллий фуқаролар билан мушталашгандан кейин қўлга олинган.

Уларга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан давлат чегарсининг бузилиши, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш ва безорилик бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Водил қишлоқ фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини истаган ходимаси 31 август куни қирғиз чегарачилари Водилдаги “Яхши ният” чойхонасида ўтирган пайти қўлга олингани тасдиқлади.

- Айни чегарада ариқ бор. Ариқнинг у ëғи Қирғизистон, бу ëғи Ўзбекистон. Улар ўша ариқнинг бўйидаги Ўзбекистоннинг чойхонасига обед қилгани ўтишган экан. Қирғизистонлик иккита йигит экан. Офицер экан. Подполковник дейишаяпти. Ўшаларни олиб кетишипти. У ерда ўзбеклар қирғизлар доим бирга овқатланишардида. Обед қилиб ўтирган жойидан олиб кетишипти,- дейди Водил қишлоқ фуқаролар йиғини ходимаси.

Водиллик яна бир суҳбатдошимиз ҳам қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли. Бу киши ҳам исми сир қолиши шарти билан Озодликка қирғиз чегарачиларининг маст ҳолатда водилликлар билан муштлашгани ҳақидаги гаплардан бехабарлигини гапириб берди.

- Ушлаб кетишибди иккитасини. Битта полковник, биттаси подполковник, дейишди. Бизнинг ҳудудимизда ўтиришган экан.

Озодлик: Қирғиз чегарачилари маст бўлишган, водилликлар билан мушталшган деган гаплар бор...

- Йўқ, унақа гапни эшитмадим мен. Унақа бўлса, гапирарди маҳалла. Айтишларича, ўтиб қолган экан ушлаб олиб кетишипти. Булар анави куни бизникилардан учтасини олиб кетишганди. Бўстон кўчада аптеканинг тепа томонида йўлдами ўша ëқда ушлашган экан. Улар олиб кетган экан. Билмай чегарадан ўтиб қолган эканми булар. Энди булар "Яхши ният" чойхонасидан ушлаб олиб кетишипти уларни,- дейди Водил фуқаролар йиғини фаоли.

Водил фуқаролар йиғини ходимаси кейинги пайтда ўзбек ва қирғиз чегарачилари ўртасида тез-тез юзага келаётган келишмовчиликлардан аҳоли ташвишланмоқда, дейди.

- Бизнинг аҳолининг фикри, менинг фикрим шундай: икки халқ, миллат билан миллат тинч, лекин ҳозир ҳарбийлар билан ҳарбийлар орасида шунақанги бўлиб турибди. Нимага бўлаяпти биз тушунмаймиз уни. Бошимиз қотаяпти, бизда ҳам эртага нотинчлик чиқиб қолса, аҳоли нима бўларкан деб.

Озодлик: Бунақа ҳолатлар тез-тез бўлаяптими?

- Бўлаяпти. Кўп бўлаяпти. Битта кичкина ариқ борда. Ўша ариқ чегара. Бизнинг ҳудуд қалин яшайди. Ўша чегаранинг у ëғида Қирғизистон ерига жой қилиб, Ўзбекистон фуқаролари яшайди. Шуларнинг у ëқ бу ëққа ўтишида ҳам жанжал бўлиб қолаяпти ҳозир,- дейди Водил фуқаролар йиғини ходимаси.

Андижонлик кузатувчи Шукур Файз ўзбек ва қирғиз чегарачилари ўртасидаги зиддиятларни газак олиб кетмасдан бартараф этиш зарур, деган фикрда.

- Бир бирига нисбатан тош отишлар фуқаролар ўртасида ҳеч қачон содир бўлмаган. Лекин бунинг ҳарбийлар, давлат ташкилотлари ўртасида келиб чиқиши жуда ëмон оқибатларга олиб келади. Бугунги кунда содир бўлаётган воқеалар анчагина ташвишли. Чунки айни пайтда ҳозир мана Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар, кеча яқинда бўлиб ўтган воқеалар туфайли иккита халқ ҳам зада бўлиб қолган. Чегарада олиб борилаëтган ҳар битта сиëсатга улар диққат назари билан қарашади. Энди мана иккала давлат органларининг яъни чегарачиларнинг ўзларининг ўртасида чиқаëтган зиддиятлар мана шу фуқаролар ташвишининг кучайишига сабаб бўлади. Менинг фикримча, икки давлат чегара қўшинлари раҳбарияти ўзаро йиғилиб муаммони ҳал қилиши шарт. Буни давлат аҳамиятига олиб чиқиш икки давлат ўртасида зиддиятлар келиб чиқишига олиб келиши мумкин,- дейди Шукур Файз.

Мавзуга оид мақолалар - чегара


Мавзуга оид мақолалар

Ўзбек чегарчилари ҳам қирғиз ҳамкасбларини қўлга олди

XS
SM
MD
LG