Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:56

Пахта теримига "биринчи қўнғироқ" чалинди


Қишлоқ болалари учун ўқув йилининг биринчи чораги пахта даласида ўтади.
Қишлоқ болалари учун ўқув йилининг биринчи чораги пахта даласида ўтади.

Ўзбекистон мактабларида биринчи қўнғироқ чалинди. Шаҳар мактабларининг ўқувчилари учун бу ҳақиқий шодлик қўнғироғи бўлган бўлса, қишлоқ мактаблари ўқувчиларига кўнглига шодлик билан бирга ғулғула ҳам солди. Қишлоқ ўқувчилари ҳали мактаб партасига ўтирмасдан “эрта-индин пахтага экан”, деган янгиликни эшитди.


Мустақиллик байрамидан сўнг Ўзбекистонда бошланган янги ўқув мавсумини мактабларда жаранглаган биринчи қўнғироқ очиб берди.

Бухоро шаҳридаги 22-мактабда биринчи қўнғироқ ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам чин байрам бўлди. Шуҳрат Муродов ушбу мактаб ўқитувчиларидан бири:

- Албатта ҳар йилгидек 2 сентябрда мактабга болажонларни қабул қилиш байрамдай бўлиб ўтди. Бу байрам болаларни ҳам мустақиллик билан, ҳам билимлар куни билан табриклаб, қўшалоқ байрам сифатида нишонланди. Болаларнинг 1 синфга қабул қилинганлиги, боғчадан мактабга ўтганлиги болаларда бошқача бир таассурот қолдиради ва бу ҳам болалар учун қанақадир байрам. Энг яна бир қувончли томони президент совғаси топширилди, болаларга. Албатта ўқитувчиларнинг ҳам кайфияти жуда яхши,- дейди Бухоро шаҳридаги 22-мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Муродов.

Шаҳар мактаблари ўқувчилари учун биринчи қўнғироқ, ҳақиқатан ҳам зўр байрам бўлади, лекин қишлоқ мактабларида чалинадиган биринчи қўнғироқ нафақат мактаб мавсуми, балки ўқувчи ва ўқитувчилар учун пахта терими мавсуми бошланганини ҳам англатади, дейди Сариосиё туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Фахриддин Аҳмедов (исми шарифи ўзгартирилган):

- Айниқса, бу йилги биринчи қўнғироқ – ўқувчиларни ва ўқитувчиларни пахтага жалб қилиш қўнғироғи ҳисобланади. Тасаввур қилинг икки ой бир чорак ҳисобланса, ўқув йилининг биринчи чораги пахта билан ўтиб кетади. Ўқитувчилар нима қилади? Пахтага чиққан ўқувчиларнинг дарс соатлари журналларда ўтилди деб, қайд этишади ва ҳатто яхши пахта терган болаларга яхши баҳолар қўйиб берилади,- дейди сариосиёлик ўқитувчи.

Бу йил ҳам Ўзбекистонда пахта терими асосан мактаблар, коллеж-лицейлар ўқувчилари зиммасида қоладиган кўринади. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги мактаблардан бирининг исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган ўқитувчисига кўра, мактаб директори ўқитувчиларга болаларни пахта теримига тайёрлаш ҳақида кўрсатма берган:

- Кеча мустақиллик куни эди. Бугун биринчи қўнғироқ. Энди болаларни пахтага тайëрлаймизда. Эртага пахтага. Энди мактаб дегани бу болаларнинг ўқийдиган маскани. Энди эса уларни пахтага олиб чиқ деяпти. Пахтага олиб чиқиш керак. Бечоралар янги, яхши кийим кийиб боради. Орадан икки-уч кун ўтгандан кейин бояги кийим билан пахтага солади бечораларни,- дейди чироқчилик ўқитувчи..

Сариосиёлик ўқитувчи Фахриддин Аҳмедов ўқувчилари мактабга яқин далаларда пахта теради, дейди. Ўқитувчилар эса гуруҳ-гуруҳ қилиниб, узоқроқ туманларга пахта теримига жўнатилади:

- Эрта-индин пахта бўлади, деган янгиликлар бўлиб турибди. Ҳозирча фақат битта янгилик, ўқитувчилар рўйхат қилинди. 3-4 сентябрдан бошлаб чўлга, деб турибди энди. Ҳар бир мактабдан 15та ўқитувчи ўртача 15 кундан пахта теради. Ëтоқ жой дала шийпони. Яроқсиз жой. Ўтган йили бориб, териб келганмиз. Ейиш-ичишнинг тайини йўқ. Бетоннинг устига кўрпа ташлаб ëтамиз. Ичадиган сув йўқ. Шўр сув. Ювиниш ҳатто ноқулай у ерда. Шароит жуда оғир. 15 кун ноилож чидаб, териб бериб келасиз. Пахта давлат сиëсати, тушунасизку энди. Ана шундай қилиб 15 кун териб, масалан 45 та ўқитувчи бўлса, уч гуруҳга бўлиниб, бориб келади,- дейди сариосиёлик ўқитувчи.

Чироқчилик ўқитувчи ҳам, пахта терими пайтида мактаблардаги дарслар деярли тўхтатилишини айтар экан, ўқитувчилар бир-икки ойга ўз касбини теримчилик касбига ўзгартиришга мажбур бўлишини таъкидлайди:

- Домлалар ишлайверади, домлалар боради, дейди. Ана энди ярим домилло мактабда ишламайдида. 10-15 кунни ўша ëқда ўтказиб келасан, дейилган. Чўл томонда. Борамизда шу ëқда яшаймиз қачон 10 кун ўтар экан деб. Фермердан пахта сотиб олиб, гўр қилиб, топшириб, 10 кунни ўтказамиз. Энди иккинчи партияга навбат дейди. Иккинчи партия ҳам шунақа қилиб, 10 кун йўқолиб кетади ҳеееееей Қаршининг чўлига. Изғиб-изғиб, совуқ тушгунча юрадида сасиб кетган шийпонда. Сичқоннинг ҳиди келиб ëтган баракларда ëтиб-ëтиб келади. Домлага дарси ҳам, пахтаси ҳам шу,- дейди чироқчилик ўқитувчи.

Бу йил Ўзбекистонда об-ҳавонинг паст келганлиги пахта етилишига таъсир қилди ва терим мавсуми ўтган йилга нисбатан 10-15 кунга кеч бошланди. Ўқитувчилар бу йилги пахта терими одатдагидан қаттиқроқ бўлишидан, ўқувчилар учун бу мавсум жуда узоқ чўзилиб кетишидан ташвиш билдирмоқда. Ўзбекистоннинг жанубий туманларидаги мактаблар ўқувчилари, лицей ва коллежлар талабларининг 3-4 сентябрдан пахта теримига мажбурий тарзда чиқарилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG