Линклар

Тошкент словак тадбиркорини озод этиш учун 700 минг доллар сўрамоқда

  • Замира Шукур

Зденек Бурианекни Тошкентдаги тутқунликдан озод қилиш учун ўзбек томони очиқчасига 700 минг доллар сўрамоқда.

Зденек Бурианекни Тошкентдаги тутқунликдан озод қилиш учун ўзбек томони очиқчасига 700 минг доллар сўрамоқда.

10-12 октябр кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг расмий ташриф билан Словакия пойтахтига келиши кутилмоқда. Мазкур сафар арафасида Тошкентда қамоққа олинган словак тадбиркори Зденек Бурианек Братиславага “тортиқ” сифатида озод этилиши мумкин.



Словакия оммавий ахборот воситаларида шу кунларда¸ одатда маҳаллий жамоатчиликка унчалик қизиқ бўлмаган мамлакат – Ўзбекистон номи тез-тез тилга тушмоқда.

Бунга эса¸ Ўзбекистон президентининг октябр ойида Братиславада кутилаëтгани¸ аммо унданда кўра¸ бу сафарга қадар Тошкент ҳибсхонасида қолаëтган словак тадбиркорининг озод этилиш-этилмаслиги билан боғлиқ саволлар асос бўлмоқда.

Тошкентдаги Европа дипломатларидан бири¸ ўз исмини айтмаслик шарти билан¸ бу сафарнинг 10-12 октябр кунлари амалга оширилишини билдирди.

Словакиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда Каримов сафарига оид расмий режанинг ҳозирлигини тасдиқлади.

- Мен сизга фақат ўзбек томонининг бу сафарга қизиқиши борлиги ва бу визитнинг амалга ошиши кераклигини билдиришим мумкин¸ холос. Аммо бу сафар амалга ошадими¸ йўқми¸ буни аниқ айта олмайман¸ деди словак дипломати Озодлик билан суҳбатда.

Словакия элчихонаси расмийсининг Тошкент раҳбарининг Братислава сафари амалга ошиши ҳақида аниқ ишонч билан гапира олмаëтгани ортида¸ словак матбуотининг ëзишича¸ жиддий сабаб бор.

Зотан¸ шу кунларда нафақат Тошкент ва Братислава¸ балки Тошкент ва Словакия аъзо бўлган Европа Иттифоқи ўртасида қизғин сўзлашувлар бормоқда ва бу музокаралар марказида май ойида Тошкентда қамоққа олинган словак тадбиркори Зденек Бурианек тақдири турибди.

45 яшар Бурианек¸ Словакиядаги жамоатчиликка кўп ҳам таниш бўлмаган Synecta Holding ширкати бошқарув кенгаши раиси¸ айрим словак журналистлари тахминича¸ ширкатнинг яширин эгаси ҳам.

Саккиз йилдан бери Ўзбекистондаги давлат ширкатлари билан ҳамкорлик қилиб келаëтган жаноб Бурианек¸ шу йил май ойида Тошкентга навбатдаги музокараларга бориб¸ у ердан қайтмаган. Кўп ўтмай унинг оиласи Бурианекнинг катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қамоққа олингани ва хизмат ҳибсхонасида сақланаëтганидан хабар топган.

Бурианекнинг қамоққа олиниш тафсилотларини бу можарони тафтиш қилаëтган Словакиядаги йирик SME.sk нашри мухбири Мартина Ковачева ҳикоя қилади.

- Менинг билишимча¸ Бурианекнинг ширкати Тошкентдаги электр станцияларидан бирини таъмирлаш бўйича Узбекэнерго ширкати эълон қилган тендерда ютиб чиққан. Ўтган йил март ойида Тошкентга борган Бурианек¸ ўзбек томонининг Словакия консуллигига билдиришича¸ Synecta Holdingнинг Ўзбекистондаги лойиҳани давом эттиришга қодирлигини кўрсатувчи ширкатнинг банкдаги капиталига оид сохта ҳужжат тақдим қилган ва бу ҳужжат кейинчалик банк томонидан тасдиқланмаган. Аммо ўтган йил июн ойида Узбекэнерго ва лойиҳага тортилган бошқа ширкатлар¸ хусусан словак ширкати¸ ҳужжатларни сохталаштириш можароси бўйича ҳеч кимни жиноий жавобгарликка тортмаслик ва ишни давом эттириш борасида декларация имзолаган¸ дейди Бурианек ишига оид қатор мақолалар муаллифи Мартина Ковачева.

Бундай келишувдан сўнг¸ навбатдаги музокаралар учун шу йил май ойида яна Тошкентга борган Бурианек¸ қамоққа олинган. Ҳозиргача на мустақил адвокат хизмати билан таъминланган ва на оиласи билан учрашишига йўл берилган Бурианекни озод қилиш учун Ўзбекистон томони 700 минг доллар сўрамоқда¸ деб давом этади Ковачева.

- Узбекэнергонинг даъво қилишича¸ словак ширкатининг банк ҳужжатини сохталаштиргани оқибатида лойиҳага қўшилган Япония ширкати 700 минг доллар зарар кўргани ва лойиҳадан чиқишга мажбур қолганини билдирган. Шу боис¸ ўзбек томони зарарни гўëки словак ширкатидан ундириш мақсадида 700 минг доллар жарима тўланишини талаб қилмоқда. Бурианекнинг турмуш ўртоғига кўра¸ бу маблағнинг 200 минг доллари аллақачон кимнингдир банк ҳисобига ўтказилган ҳам. Энг қизиқ савол¸ пул ўтказилаëтган шахснинг кимлиги бўлиб қолмоқда. Билишимча¸ словак ширкатига икки марта банк ҳисоб рақами жўнатилган. Биринчи рақамнинг Узбекэнерго ширкатига тегишли экани айтилса¸ иккинчисида унинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматиники экани ëзилган. Аммо эгаси икки хил кўрсатилган банк рақами айни – шундан бу пулнинг қандайдир сирли шахслар чўнтагига тушаëтганини тахмин қилиш мумкин¸ дейди словак журналисти Мартина Ковачева.

Ҳозирча Synecta Holding Тошкентдан берилган ҳисоб рақамига 200 минг доллар пул ўтказганига қарамай¸ Бурианекнинг озод этилиши ҳақида бирор гап-сўз йўқ. Унинг олдига май ойидан бери фақат Словакиянинг Тошкентдаги консули уч маротаба кириб чиққан¸ аммо жаноб консул бу масалада матбуотга ахборот беришни истамаëтир.

Озодлик билан суҳбатда Бурианекни озод қилиш учун қўлдан келганича ҳаракат қилинаëтганини таъкидлаган Словакия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Юрай Томага ҳам бу воқеа атрофида матбуотда шов-шув кўтаришдан ҳеч кимга манфаат етмаслигини урғулаш билан чекланди.

Словак матбуотининг ëзишича¸ Бурианекнинг Тошкентда қамоққа олинишидан мамлакат президенти¸ бош вазири ҳам яхши хабардор ва уни озод қилишни сўраб Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича махсус намояндаси Пъер Морел¸ ҳатто президент Каримовга сим ҳам қоққан. Озодлик билан суҳбатда жаноб Морел ëрдамчиси унинг бу воқеани яқиндан кузатаëтганини тасдиқлади.

Словак журналисти Мартина Ковачевага кўра¸ шу кунларда Тошкент ва Братислава ўртасидаги савдолашув объектига айланган Зденек Бурианек¸ президент Каримовнинг Словакия сафари олдидан келаëтган ҳафталарда озод қилиниши мумкин.

“Бурианек рафиқасининг менга ëзишича¸ Тошкентдан унга яқин кунларда ўзгариш бўлади¸ деган мужда келган”¸ дер экан Ковачева¸ иккала томон ҳам Каримовнинг Европа пойтахтларидан бирига қиладиган камëб сафарининг бир тадбиркор деб кўнгилсизликка айланишини истамайди¸ деб қўшиб қўяди.

- Зотан¸ словак журналистлари¸ агар Бурианек озод қилинмаса¸унинг ишига оид жиддий саволлар билан жаноб Каримовни Братислава сафари давомида саволлар билан кўмиб ташлашга шай турибдилар¸ дейди Ковачева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG